"Тарих ёзиш учун бу жуда яхши имконият" - Виталий Левченко водий дербисидан кейин нималарни айтди?

Суперлиганинг 20-туридан ўрин олган “Андижон” ҳамда “Нефтчи” (0:0) жамоалари ўртасидаги беллашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Виталий Левченко саволларга жавоб қайтарди.

- Дерби жуда яхши ўтди. Фақат голсиз якунига етди. Стадионда футбол муҳити жуда зўр бўлди. Иккала жамоа мухлислари футболчиларини ажойиб равишда қўллаб-қувватладилар. Бугун кўп ҳужумлар бўлди. Майдон ҳолати комбинацион футбол ташкил қилишга йўл қўймади. Қарши ҳужумлар ва узун тўп узатишлар кўп бўлди. Жамоа ҳам курашди. Ўйлайманки, дуранг адолатли бўлди.

- Сиз натижадан қониқдингизми?

- Йўқ. Ҳар қандай спортчи ғалаба қозонишни хоҳлайди. Шу сабабли биз ҳам, “Андижон” ҳам қониқмади. Иккала томон ғалаба учун майдонга чиққанди. Майдонга ҳар қандай ўйинчи ғалаба учун тушади. Афсуски, дуранг бўлди.

- Акбар Тўраевни жароҳати қанчалик жиддий?

- Уни оёғида оғриқ бор эди. Ҳозир унга тиббий ёрдамни кўрсатишяпти. Вазиятга қараб иш тутамиз. Ҳаммасини шифокор ва Акбарни ўзи билади. Тезроқ соғайиб сафга қайтишини тилайман.

- Ўтган сафар Азиз Амонов захирадан майдонга тушганди. Бу сафар у асосий таркибда ўйнади. Уни бугунги ўйинини қандай баҳолайсиз?

- У чизиқда ўйнайдиган ўйинчилардан мен ҳар доим кучли ўйин кўрсатиш кераклигини айтиб келаман. Ўйлайманки, Амонов биринчи таймда рақиб ҳимоячиларига етарлича қаршилик кўрсатди. Аммо иккинчи таймда уни жисмоний ҳолати панд бериб қўйди. Агар ўйинчи терма жамоа ихтиёрига бориб у ерда ўйнаса жуда яхши. Қайтиб келганидан сўнг ўз жамоасида ҳам ўйин амалиёти етарли бўлади ва керакли натижаларни кўрсатади. Аммо ўйин амалиётисиз қолиб кетса, унга таъсир қилади. Аста-секин у яхши ўйин кўрсатиб боряпти.

- Энди чемпионатимизда танаффус. Бу вақт давомида ўртоқлик учрашувини ташкил қилиш режаси борми?

- Ҳа, бизда бундай режа бор. Ташкилий ишлар билан шуғулланяпмиз. Танаффусдан фойдаланиб ўртоқлик учрашувларини режалаштирганмиз. Яхши рақиб исташда давом этяпмиз.

- Билолхон Тошмирзаев нима учун бугун кўринмади?

- У тезкор ва креатив футболчи. Аммо бугун майдон баъзи ҳолатларда кучли ўйин кўрсатишга имконият бермади. У ҳар хил дриблингларни ҳам бажариш имкониятига эга. Бироқ бугун бошқа режаларни тузгандик.

- 5 октябрь куни бўладиган финал олдидан фикрингиз? “Андижон”ни ҳам, “Навбаҳор”ни ҳам яхши биласиз...

- Биласизми, агар таркиб назаридан олиб қарасак, “Навбаҳор”да бироз устунлик бордек. Лекин бу Кубок финали ва бир ўйиндан иборат. Унда ким ғалабани кўпроқ хоҳласа ва шунга яраша ҳаракат қилса, ўша жамоа ютади. “Андижон” футболчиларида шундай хиссиёт ва хоҳиш бўладиган бўлса, ғалаба қозониши мумкин. Ўйинда иккала жамоа ҳам катта куч билан, майдонда 100-200 фоиз борини бериб ўйнашади, деб ўйлайман. Чунки барчаси битта ўйиндан иборат. Тарих ёзиш учун бу жуда яхши имконият. Ютган жамоада ОЧЛда қатнашиш имконияти пайдо бўлади. Жуда кучли ўйин бўлади. Биринчи навбатда характер муҳим аҳамият касб этади. Кучлиги ғалаба қозонсин!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!