Тарихий ғалабага эришган АГМК, "Сурхон" ва "Навбаҳор"дан "қочиб" кетаётган "Сўғдиёна", Нестеровнинг омадли қайтиши - Суперлига 22-тур шарҳи

18-19 октябрь кунлари Суперлига иштирокчилари 22-тур ўйинларини ўтказишди. Дастлабки кунги беллашувларда меҳмонлар зафар қучишди.

“Қизилқум” сафарда ирода намойиш этди. Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна”нинг нияти ОЧЛ йўлланмаси эканлиги кўринмоқда. АГМК эса илк бор чемпионат доирасида “Бунёдкор”ни Тошкентда енгди.

Суперлигада турнинг марказий ўйинига энг кам томошабин ташриф буюрди. Энг кўп мухлис эса...

Чемпионликни нақд қилган “Пахтакор” Самарқандда гол ўтказиб юбориб, иродали ғалабани қўлга киритди. Нестеров қайтиши билан қаҳрамонлик кўрсатиб, “Локомотив” зафар қучишида муҳим роль ўйнади. “Насаф” Қаршида “Андижон”га имконият қолдирмади. ОЧЛ йўлланмаси учун курашаётган “Сурхон” ва “Навбаҳор” дуранг ўйнаб, ўзларига жабр қилишди. Чунки “Сўғдиёна” улардан узоқлашди.

SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 22-тур рамзий терма жамоаси (Фото)

Қуйида Суперлига 22-тур шарҳи билан танишишингиз мумкин:

ҚЎҚОН-1912 – ҚИЗИЛҚУМ 1:2

Қўқонликлар илк дақиқалардан ҳужумга отланишди. Дастлаб Тимур Ҳакимовга тезлик етишмади. Акс ҳолда ҳужумчи бирга-бир вазиятга чиқиб бориши мумкин эди. Кейинроқ Суҳроб Бердиев тепган тўпни рақиб ҳимоячиси қайтариб қолди.

Уринишлар 25-дақиқада самара бериб, Ҳамидулло Абдуҳамидов дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди ва ҳисобни очди. Ёш ўйинчи Суперлигадаги дебют голини урди.

Биринчи таймга қўшиб берилган дақиқада меҳмонлар мувозанатни тиклашди. Салим Мустафоев шериги Воҳид Шодиев узатган тўпни яқин масофадан осонлик билан тўрга йўллади.

67-дақиқада навоийликлар яна муваффақият қозонишди. Қанотдан узатилган тўпни мезбонлар посбони эгаллаб олишда хатога йўл қўйди. Натижада Стивен Питер Лустица боши билан дарвозани ишғол этди.

 

БУНЁДКОР – АГМК 0:2

Пойтахтда "Бунёдкор" билан куч синашган АГМК чемпионат доирасида илк бор "қалдирғочлар"ни сафарда мағлуб этиб, тарихий ғалабани қўлга киритди.

Олмалиқликлар биринчи таймдаёқ баҳс тақдирини ҳал этишди. Дастлаб Миржамол Қосимов рақибини хатога йўл қўйишга мажбур қилди. Шаҳзодбек Нурматовнинг уринишидан сўнг қайтган тўпни Муроджон Тошматов тўрга йўллади.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса кетма-кет бурчак зарбасини амалга оширган АГМК вакиллари иккинчи голни уришди. Тошматовнинг узатмасидан кейин Бобурбек Юлдашев боши билан дарвозани ишғол этди.

Эътиборлиси, иккинчи тайм ўрталарида стадион чироғи ўчиб қолиб, ўйин 20 дақиқага яқин тўхтаб қолди. Чироқ келгач давом этган беллашувда натижа ўзгармади.

 

МЕТАЛЛУРГ – СЎҒДИЁНА 0:1

Биринчи таймда иккала жамоада ўйинни ташкил этиш борасида муаммолар кузатилди. Аммо меҳмонлар биринчи бўлиб ўз ўйинларини топиб олиб, 37-дақиқада ҳисобни очишди.

Санжар Рашидов чап қанотдан жарима майдонига етказиб берилган тўпга ҳаммадан аввал етиб келди ва дарвозани ишғол этди.

Танаффусдан сўнг бекободликлар ўйин суръатини оширишди. Майдонга Зоҳид Абдуллаевнинг туширилиши меҳмонлар ҳимоя чизиғида қийинчиликларни юзага келтирди. Бироқ шу куни Андрей Шипилов шогирдлари гол ура олишмади.

 

СУРХОН – НАВБАҲОР 0:0

Термизда ОЧЛ йўлланмаси учун курашаётганлар баҳси ўтказилди. “Сурхон” майдонига ташриф буюрган “Навбаҳор” ортига бир очко билан қайтди.

Учрашув илк дақиқалардан шиддатли тарзда бошланди. Биринчи бўлимда Шавкат Саломовнинг жарима зарбасидан сўнг Абдулазиз Юсупов тўпни боши билан дарвозага йўлламоқчи бўлди. Лекин тўп устун ёнидан ўтиб кетди. Мезбонларнинг яна бир ҳужуми пайтида эса Аброр Исмоиловга аниқлик етишмади.

Наманганликлар ҳам бу орада олдинга ўтишга уриниб кўришди. Мирзоҳид Ғофуров жаримадан узатган тўпни Ғиёсжон Комилов боши билан дарвозага йўналтирди, бироқ ноаниқ. Яна бир вазиятда Азизбек Турғунбоевнинг 20 метрлар чамаси узоқликдан йўллаган зарбасидан сўнг тўп тўсин тепасидан ўтиб кетди.

Шу куни жамоалар ҳар қанча ҳаракат қилишмасин гол ура олишмади.

 

ДИНАМО – ПАХТАКОР 1:4

“Пахтакор” Самарқандда ирода намойиш этиб, ғалабали юришини давом эттирди.

Учрашувни мезбонлар яхши бошлашди. Натижада, “Динамо” вакили ҳисобни очди. 28-дақиқада жарима майдонида тўпни қабул қилиб олган Бобур Қосимов узоқ бурчакни ишғол этди.

Шундан сўнг босимни оширган "шерлар" танаффусга қадар ирода намойиш этишди. Дастлаб Ҳусниддин Ғофуровнинг узатмасидан кейин Игорь Сергеев мувозанатни тиклади. Қўшиб берилган дақиқада Одилжон Ҳамробековнинг ажойиб пасидан сўнг Сардор Собирхўжаев гол урди.

Иккинчи таймда устунликка эришган пойтахтликлар яна иккита вазиятдан самарали фойдаланишди. Ҳар икки ҳолатда Ҳусниддин Ғофуровнинг узатмаларидан захирадан майдонга туширилган Достонбек Ҳамдамов яқин масофадан тўп киритди. Шу тариқа, “шерлар” мавсумдаги 20-ғалабасини нишонлади.

 

ЛОКОМОТИВ – БУХОРО 2:0

Самвел Бабаян бошчилигидаги “Локомотив” дуранглар сериясига барҳам берди. Қийинчиликларга учраётган “темирйўлчилар” Тошкентда “Бухоро”га қарши баҳснинг илк бўлимида муаммоларга дуч келишди. Жумладан ҳужумни якунлашда. Яқиндагина жамоани тарк этган Темурхўжа Абдухолиқовнинг ўрни сезилмоқда. Буни ммураббий ҳам тан олди. Дастлабки 45 дақиқа бунга яққол мисол.

Биринчи таймнинг энг эсда қоларли ҳолати Игнатий Нестеровнинг қаҳрамонлигидир. У Мурод Бобожонов бирга-бир вазиятдан тепган тўпни қайтарди.

Танаффусдан сўнг мезбонлар ҳисобни очишди. Олег Зотеев ўткир бурчакдан кучли зарба билан дарвозани иғол этди. Беллашувга қўшиб берилган дақиқада эса Диёржон Туропов ўйинга якуний нуқтани қўйди. Ярим ҳимоячи қанотдан узатилган тўпни тўрга йўллади.

 

НАСАФ – АНДИЖОН 3:0

Ўйинни мезбонлар устунлик билан бошлашди. Бунга мос равишда кўплаб вазиятлар ҳам айнан қаршиликлар томонидан содир этилди. Натижада 13-дақиқада “аждарлар” ҳисобни очишди.

Азизжон Ғаниев бурчакдан ошириб берган тўпни Ҳумоюн Муртозаев боши билан дарвозага жойлаб қўйди.

Беллашувнинг учдан икки қисми ўтиб бораётганда Азизжон Ғаниев стандарт вазиятдан тепган тўпни Виталий Мирний бартараф этди. Аммо Ҳумоюн Муртозаев шеригининг уринишини самарали якунлаб қўйди.

Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада Ойбек Бозоров марказдан ўзи бошлаган ҳужумни ўзи голга айлантирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Расулжон Тоштемиров
20/10/2019 21:15
Тошкентдан кура жиззах уйнагани яхшику
Абдусамат Жураев
20/10/2019 19:36
Сугдиенага мас осие лига уйнаш
&
Ҳайрулла Аҳмаджонов
20/10/2019 19:29
очл-2020
пахтакор
локомотив
сўғдиёна бўладиганга ўхшаяпти
&
Ҳайрулла Аҳмаджонов
20/10/2019 19:28
сурхон ва навбаҳор талашиб талашиб сўғдиёнага олдирди
&
Ҳайрулла Аҳмаджонов
20/10/2019 19:28
Нестеровни буюк қайтиши