Таркибдаги ротация, Рамазон ойида рўза тутаётган футболчилар ва "Андижон"нинг асосий "қуроли" ҳақида Улуғбек Бақоев нималарни айтди?

Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби Ўзбекистон Coca-Cola Кубоги доирасида сафарда “Андижон”га қарши майдонга тушди. Қизиқарли ўтган баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Аммо кимдир ютиб кетиши ҳам мумкин эди.

Мисол учун “Сўғдиёна” ҳужумчиси Шохруз Норхонов пенальтидан гол ура олмади. “Андижон” ҳимоячиси Илдар Маматказиннинг голи эса инобатга олинмади. Лекин мезбонларда кўпроқ голли имкониятлар юзага келганди.

“Сўғдиёна” эса сафарда мағлубиятдан қутулиб қолди. Жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев мазкур учрашув юзасидан фикрларини билдириб ўтди.

- Улуғбек ака, аввало “Андижон”га қарши учрашув борасидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Бугун “Андижон” жамоаси билан ўйнадик. Бу клубни Суперлигага чиқиш вазифаси бор. Шу боис жамоа курашувчан. Ўзига яраша кучли. “Андижон”нинг асосий қуроли стандарт вазиятлар ва биз айнан стандартдан гол ўтказиб юбордик. Ўйин давомида об-ҳаво ҳам иссиқ бўлди. Ҳозир Рамазон ойи, кўп футболчилар рўза тутишяпти. Шу боис ўйинни бироз кечроқ ўтказса ҳам бўларди. Ўйин дурангга лойиқ, деб ўйлайман. Футболчиларга миннатдорлик билдираман.

бакоев2

- Биринчи бўлимда асосий ўйинчиларнинг майдонга туширилмагани “Андижон”ни менсимаганлик билан боғлиқми ёки таркибда ўзгаришларни хоҳладингизми?

- Биласизми, жамоада баланс бўлиши керак. Барчага ўйин амалиёти керак. Шу сабабли кам ўйнаётган футболчиларга имконият бердик. Кимдир кўп ўйнайди, кимдир озроқ. Шунинг учун ротация қилдик. Бизда фақатгина 11 футболчи асосий таркиб аъзолари эмас, балки барча ўйинчилар асосий таркибга муносиб.

- Жамоа ҳимоячилари стандарт вазиятларда ўта ёмон ўйнади. Бунга сабаб нима ёки ҳимоячилар тайёр эмасмиди?

- Бугун “Андижон” жамоаси стандарт вазиятларда яхши ўйнади. Боя айтганимдек, бу уларнинг асосий қуроли. Кўрган бўлсангиз, охирги ўйинларда “Андижон” фақат стандартлардан фойдаланяпти. Шунинг учун бу уларнинг устун жиҳати ҳисобланади.

бакоев3

- “Сўғдиёна” етакчиси Жасур Ҳасанов икки ўйиндан бери кўринмаяпти. Бу нима билан боғлиқ?

- Жамоа сардоримизни кичик жароҳати бор. Шунинг учун кейинги учрашувга сақладик.

- Филипосянни Суперлига ўйинларида захирада қолдиряпсиз. Кубок беллашувларида эса асосий таркибда туширяпсиз. Нима учун унга Суперлигада ишонч билдирмаяпсиз?

- Йўқ, бу ерда гап ишоняпти ёки ишонмаяпти, деган нарсада эмас. Артём Филипосянга келсак, бизда 3 та марказий ҳимоячи бор. Сардор Қулматов, Марко Колакович ва Филипосян. Бизнинг ўйин схемамиз бўйича иккита марказий ҳимоячи билан ўйнаяпмиз. Ҳали олдинда ўйинлар кўп. Шу сабабдан Филипосянни Кубок ўйинларида спорт формасини ушлаб туриши учун ўйнатяпмиз. Футболчини яхши ёки ёмон деб айтмайман. Биз унга албатта ишонч билдирамиз.

бакоев_3

- Учрашув тугаганидан сўнг, футболчиларингиз майдонда машғулот ўтказишди. Бу сизнинг кўрсатмангизмиди?

- Бугун кам ўйнаган футболчиларга дастур бўйича машғулот ўтказишимиз керак эди. Чунки эртага йигитларга дам берилади, қолаверса, йўлда бўламиз. Лекин айрим сабабларга кўра бу машғулотни ўтказа олмадик. Чунки ўйнамаган футболчиларга кўпроқ юкламалар бериб машғулот ўтказмоқчи эдик.

- Ўйинда про лиганинг кучли клубларидан бири бўлган “Андижон”дан қанчалик қаршилик кутгандингиз ва тахминларингиз қанчалик ўзини оқлади?

- “Андижон” жамоаси менга жуда ёқди. Ўйинчилари ҳам яхши. Менимча, “Андижон” Суперлигага чиқиш вазифасини бажаради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!