Темурхўжа Абдухолиқов “Локомотив”га қайтадими?
Иқтидорли ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов Қатарнинг “Ал Сайлия” клубини тарк этганидан бери ҳали янги жамоаси номини эълон қилгани йўқ. Айримлар эса унинг аллақачон бирор-бир жамоа билан келишиб олгани ҳақида ҳам айтишмоқда. Шунингдек, Абдуҳолиқовни “Локомотив”га боғлаётганлар ҳам йўқ эмас.
- Биринчи навбатда бизни қизиқтираётган савол – бу Темурхўжа Абдуҳолиқов кейинги фаолиятини қаерда давом эттиради? Бизнингча, бу масала бироз чўзилиб кетгандек...
- 30 июнь куни менинг “Ал Сайлия” билан тузган шартномам тугади. Олдимда эса 2-3 та жамоалардан аниқ ва жиддий таклифлар бор. Қайси жамоани танлашимни яқин орада билиб оласиз.
- Кўпчилик сизни яна “Локомотив”га қайтишингиз мумкинлиги ҳақида гапирмоқда. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин?
- Ҳа, “Локомотив”га қайтишим мумкинлигини инкор қилмайман. Ҳар ҳолда бу вариант ҳам йўқ эмас.
- Қачон якуний қарорингизни эълон қиласиз?
- Тез орада.
- Қатар чемпионатидан қайтиб келганингизга анча бўлди. Шу вақт давомида спорт формангизни ушлаб туриш учун қаерда шуғулланиб турибсиз?
- Ўзим якка тартибда шуғулланиб, спорт формамни ушлаб турибман. Бу борада ҳавотирга ўрин йўқ.
- Легионер сифатида фаолият олиб боришдан чарчамадингизми?
- Йўқ, нега? Ҳозир ҳам менга четдан таклифлар бор. Ҳаммасини тош-у, тарозига солиб кўряпман. Шундан кейин якуний қарорга келаман.
- Хориждан айнан қайси клублар томонидан қизиқишлар бўляпти?
- Клубларнинг номини айтсам нотўғри бўлса керак. Улар Эрон, Қатар ва Саудия Арабистонидан.
- Янги клубни танлашда кўпроқ нималарга аҳамият қаратяпсиз?
- Ўйин амалиётига, 1-ўрин учун курашишига ва чемпионати қанчалик кучли эканлигига.
- Бу борада молиявий маблағ ҳам клуб танлаётганингизда ўз таъсирини кўрсатадими?
- Юқорида айтиб ўтганларим 1-2-факторлар саналади. Молиявий жиҳати эса мен учун 4-даражада.
- Дарвоқе, жаҳон чемпионатини ҳам кузатиб боряпсизми?
- Ҳа, албатта. Жаҳон чемпионатида яққол фаворит ва яққол аутсайдер йўқ. Гуруҳ босқичида фаворитлар кўринмади. Плей-офф босқичида ҳам бир нима дейиш қийин. Энг яхшиси, ўйинларни мириқиб кузатишдир.
- Укангиз Орифхўжа Абдуҳолиқовни ҳам кузатиб турамиз. У асосан қуйи лигада ўйнаб келяпти. Сиз каби қачон фаолиятида ўсиш бўлади деб ўйлайсиз?
- Мен ҳам унинг ривожланишини хоҳлайман. Қуйи лигада икки йилдан бери тўпурар бўлиб келяпти. Унга ишонаман. Келажакда Суперлигада ҳам тўпурар бўла олади.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.
Фикрлар