Тезкор: Шомуродов Англияга кетди!
Европанинг кучли бешлик чемпионатларида иштирок этаётган жамоалар мавсумолди тайёргарлик йиғинларининг сўнгги босқичини ўтказмоқда. Тез орада “топ-5” лигалари бошланади ва жамоалар расмий учрашувларга киришади.
“Рома” янги мавсумда юқори ўринлар ва жамоага орзу бўлиб келаётган Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашади.
Жамоа бош мураббийи Даниэле Де Росси қарорига кўра, Рим клуби раҳбарияти жамоага тайёргарликнинг сўнгги босқичини Англияда ташкил этиб берди.
Мураббийлар штаби бир неча кун аввал таркибдаги барча ўйинчиларни олиб Англия миллий терма жамоасининг машғулотлар базаси – “Сент-Жоржес-Парк” қароргоҳига жўнаб кетганди. Фақат икки футболчи – “Рома”га янги қўшилган украиналик Артём Довбик ва Олимпия ўйинларидан кейин Италия пойтахтига етиб борган Элдор Шомуродов виза билан боғлиқ масалалар туфайли Римда қолиб кетганди.
Италия матбуоти ҳар икки ўйинчининг ҳужжат масалалари ҳал бўлгани ва улар Англияга отланганини ёзмоқда.
- Даниэле Де Росси тез орада бутун жамоа жамлайди. Артём Довбик ва Элдор Шомуродовнинг виза билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди. Улар энди қолган жамоадошларига қўшилади, - деб ёзди vocegiallorossa.it сайти журналисти Лука Кампанья.
- “Рома”га янги қўшилган Артём Довбик ва Элдор Шомуродов Англиядаги ўқув-машғулот йиғинлари доирасида “Барнсли”га қарши ўтказилган биринчи ўртоқлик учрашувига улгургани йўқ. Бироқ римликларни 10 август куни “Эвертон” билан ташкил этиладиган навбатдаги қизиқарли беллашув кутиб турибди.
Римликлар янги мавсумнинг биринчи ўйини – 18 август куни “Кальяри” майдонида бўладиган биринчи тур баҳсига тайёрланмоқда, - деб ахборот тарқатди “Рома” фаолиятини мунтазам ёритиб келаётган forzaroma.info сайти.
Яна бир нуфузли манба – goalsicilia.it сайти Элдор Шомуродов атрофидаги вазиятга ойдинлик киритди.
- Тажрибали ҳужумчи Элдор Шомуродовга “Рома” ҳужум чизиғидан жой тегмаслиги мумкин. ЖОзе Моуриньо томонидан пойтахтга таклиф қилинган ўзбек футболчиси ўзига янги жамоа топиши керак.
29 ёшли легионерга тез орада “Верона”да таклиф келиши кутилмоқда. Вероналиклар мавсум бошлангунича таркибини марказий ҳужумчи билан кучайтиришга ҳаракат қилади.
Ўзбек футболисининг римликлар билан шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача давом этади. “Рома”га эгалик қилувчи Дэн Фридкин ҳужумчини тўлиқ трансфер қилинишини истаяпти.
Шомуродов ўтган мавсумда “Кальяри” учун принципиал аҳамиятга эга учта гол урди ва муҳим голларга ассистентлик қилди. Бироқ сардинияликлар уни олиб қолиш учун етарлича маблағ топа олмади.
Элдор Шомуродовнинг ўзи ўтган мавсумда оғир жароҳат туфайли ўзини етарли даражада кўрасата олмадим, деган фикрда. Форвард янги чемпионатда яна бир бор нималарга қодирлигини намойиш қилишга жаҳд қилган, - деб ёзди goalsicilia.it сайти.
Умуман олганда, “Рома” спорт директори Флоран Гисольфи ҳозирги таркибдан тўққиз нафар футболчини бошқа клубларга ўтказиш борасида иш олиб боряпти.
- Флоран Гисольфи таркибдаги тўққиз нафар футболчи – Тэмми Абрахам, Крис Смоллинг, Мараш Кумбулла, Рик Карсдорп, Дембо Дарбое, Ола Сольбаккен, Эдоардо Бове, Никола Залевски ва Элдор Шомуродовни бошқа клубларга трансфер қилиш орқали клуб ғазнасига камида 40 миллион евро атрофида маблағ туширмоқчи. Шунга қарамай, Смоллинг, Шомуродов, Кумбулла ва Карсдорпга янги жамоа топиш осон бўлмайди, - деб ёзди италиялик журналист Жанлука Пьячентини Il Corriere della Sera газетасида.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов Италияда шу кунга қадар “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Кальяри” жамоалари сафида А Серияда жами 102 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 15 маротаба ишғол қилган ва жамоадошларига тўққизта голли пас узатган.
Бундан ташқари, 29 ёшли легионеримиз Италия кубоги, УЕФА Конференциялар кубоги ва Европа Лигаси каби мусобақаларда ҳам бир неча учрашувларда майдонга тушиб, уларнинг ҳар бирида голлар ҳисобини очишга эришган.
Элдор Шомуродов 2021 йили “Рома” сафида Европадаги ягона соврини – УЕФА Конференциялар кубогини қўлга киритган.
Фикрлар