Тезкор хабар! Ўзбекистон терма жамоаси Салоҳ бошчилигидаги Мисрга қарши Андижонда ўйин ўтказади

18 апрель куни Андижонда катта футбол байрами бўлиб ўтди. Шу куни қайта таъмирдан чиқарилган “Соғлом авлод”  стадони ўзида илк бор Суперлига баҳсини қабул қилди. Дарҳақиқат, ўйингоҳ чиройли кўринишга эга бўлиб, катта ҳажмдаги ишлар бажарилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Натижада “Андижон” – “Насаф” жамоалари ўртасидаги очилиш учрашувига қизиқиш катта бўлди. Мазкур баҳс Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти Умид Аҳмаджоновни ҳам бефарқ қолдирмади. Шу мақсадда Аҳмаджонов бошчилигидаги катта делегация Андижон шаҳрига ташриф буюришди.

Умуман олганда, Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги делегациянинг Андижонга қилган ташрифи самарали ва муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шаҳардаги «Боғишамол» меҳмонхонасида у киши билан футболимиз ҳақида бир мунча суҳбатлашиб ўтирдик. Андижондаги «Соғлом авлод» стадионининг замонавий ва янги қиёфага келтирилганлиги ҳам футболимиз раҳбарларини хушнуд этганини сўзларидан билиб олиш қийин эмасди. Айниқса, вилоят ҳокимининг футболга қаратаётган катта эътиборини юксак баҳолади. Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг 23 март санасида Андижондаги «Соғлом авлод» стадионида илк бор терма жамоамиз иштирокидаги халқаро даражадаги ўртоқлик учрашуви ўтказилган бўлиб, унда U-23 Осиё чемпионати ғолиби бўлган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Кения олимпия терма жамоаси иштирокидаги ўйин ўтказилганди ва бу баҳснинг Андижонда ташкиллаштирилиши ҳам бевосита Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан амалга оширилганди. Лекин ўтган вақт давомида Андижондаги стадион янада чиройли ва қулай имкониятларга эга бўлди. Шу сабабли бу йил ушбу стадионда терма жамоамиз иштирокидаги яна бир халқаро учрашувнинг ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақида Умид Аҳмаджонов SPORTS.uz мухбири Шуҳратбек Жўраев билан суҳбат давомида таъкидлаб ўтди. Шу кунларда Миср терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказилиши борасида келишувга эришилиши кутилмоқда. Мазкур ўйин эса «Соғлом авлод» стадионида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу эса табиийки, ҳудудларда ҳам футболга бўлган қизиқиш ва эътиборни янада кучайтиришига хизмат қилиши турган гап.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Umar Umarov
24/04/2019 23:30
Ўйнаш керак агар ютказсак ҳам. Кучлилар билан ўйнаб кучли бўламиз
&
Qo'qon 1912
24/04/2019 23:05
Seryozniymi
Umar Umarov
24/04/2019 23:30
Секин-секин серёзнийлашяпти бизникилар ҳам