The Telegraph: Ҳусановга Англиядан 7 клуб харидор, иккитаси трансферни январда ҳал қилмоқчи!

“Ланс” мухлислари Абдуқодир Ҳусановнинг жамоада узоқ муддат қолишини истаётган бир пайтда клуб раҳбарияти ўйинчи учун Англиядан келадиган таклифларни кўриб чиқишга очиқ экани намоён бўлмоқда.

Франция футболини ёритиб келаётган le11hdf.fr портали “Ланс” тез орада ғазнасини тўлдириш кераклиги ва клубнинг асосий активига айланган Абдуқодир Ҳусановга ўнга яқин жамоа қизиқиш билдираётганини ёзмоқда.

Мавсум бошидан бери юқори салоҳиятини намойиш этиб келаётган ўзбек легионери айни пайтда ҳар қандай трансфер талабларига жуда мос тушади.

Футбол оламидаги нуфузли манбалардан бири – Буюк Британиянинг The Telegraph нашри Англия клубларининг Ўзбекистон миллий терма жамоасига билдираётгани қизиқиши ҳақида маълумот чиқарди.

Манбанинг маълум қилишича, Англия Премьер-лигасидаги жамоаларнинг учдан бири 20 ёшли иқтидор эгасини ўз сафига қўшиб олишга қизиқмоқда. Аввалроқ, Ҳусановга “Арсенал”, “Челси” ва “Эвертон” эътибор қаратган бўлса, қишки трансфер ойнаси очилишига яқин “Тоттенхэм” ва “Ньюкасл” бу ишга жиддий бел боғлаган.

- “Тоттенхэм” ва   “Ньюкасл” январда Абдуқодир Ҳусановни трансфер қилиш учун курашга киришди. Премьер-лига клублари 20 ёшли футболчини “Ланс”га 25 миллион фунт таклиф қилган ҳолда ўз сафига қўшиб олмоқчи.

Ўзбекистон терма жамоасининг марказий ҳимоячисига “Пари Сен-Жермен” кўз тикаётган бўлса-да, Англия Премьер-лигасининг еттита жамоаси ҳам уни қўлга киритишдан умидвор.

“Ланс” январда ёш юлдузининг трансферидан 25 миллион фунт миқдорида катта даромад олиши мумкин, бош мураббий Уилл Стилл қўл остида Ҳусановнинг ўйини борган сари очилиб бораётгани унинг нархини янада кўтарилишига асос бўлади.

Ҳусанов таянч ярим ҳимоячи позицияда ҳам ўйнай олади. Лекин Стилл уни ҳимоя чизиғининг асосий таянчи сифатида баҳоламоқда.

“Тоттенхэм” январда бу ўйинчини олиш имкониятини чамалаб кўради. Чунки Лондон клубида асосий ҳимоячилар Кристиан Ромеро ва Микки ван де Вен жароҳат олган.

“Ньюкасл” эса Ҳусановни келажаги порлоқ ёш истеъдод эгаси сифатида жамоага олиб келишни мақсад қилган.

Агар бу трансфер амалга ошса, Премьер-лига Ҳусанов учун Франция футболидан кейинги янги даражада ташланган қадам бўлади.

Шу ўринда, “Ланс”нинг истеъдодли ўйинчиларни тарбиялаш тажрибасини алоҳида эътироф этиш лозим. Сўнгги икки йилда “Ланс” тайёрлаган Лоис Опенда 46 миллион евро эвазига “Лейпциг”га, Элье Вахи эса 30 миллион еврога “Марсель”га кўчиб ўтди, - деб ёзмоқда telegraph.co.uk портали эксперти Майк Макграт.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов футбол сир-асрорларини “Бунёдкор” академиясида ўрганган. Профессионал фаолиятини Беларусь чемпионатида “Энергетик-БГУ”да бошлаган. “Ланс” уни 2023 йилнинг ёзида 100 минг евро эвазига ўз сафига қўшиб олди.

Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатидаги биринчи ўзбек футболчиси сифатида ўз номини тарихга ёздириб қўйган.

Элдорни нималар кутмоқда? Шомуродовга оид сўнгги янгиликлар

Файзуллаев мухлислари ўқисин: Аббосга ёрдам берайлик!

Ҳамма шокда: Шомуродов билан ўйнаган футболчи учрашувда юраги тўхтаб, майдонга йиқилди! (фото)

Ҳусанов “тахт”ни топширди, лекин...

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Is'hoqjon Ro'ziyev
02/12/2024 22:16
Liga 1 ning transfermarktdagi qiymati yangilanishini albatta kutamiz