Тимур Кападзе: Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаш ва жаҳон чемпионатига чиқиш - бизнинг асосий вазифамиз

Бутун фаолиятини фақат футболга бағишлаган, ўзбек футболи тарихида ўзига яраша из қолдира олган Тимур Кападзе яна барчанинг диққат-эътиборида бўлиб турибди. Айтиш мумкинки, энди унинг фаолиятида яна бир янги саҳифа очилмоқда. Яқинда хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келаётган Кападзе Ўзбекистон U-19 терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Шу муносабат билан Тимур Тоҳирович Ўзбекистон U-19 бош мураббийи сифатидаги дастлабки интервьюсини берди.

- Авваламобор сизни Ўзбекистон ёшлар трема жамоасига бош мураббий бўлганингиз билан табриклаймиз. Айтинг-чи, бу таклиф қачон юз берди ва сиз бундай масъулиятли вазифада ишга киришишга тайёрмидингиз?

- Табрик учун раҳмат. Бу мен учун кутилмаганда бўлди. Биласиз, мен миллий терма жамоада ҳам ишлаётгандим. Менинг ёшлар терма жамоасини бошқаришим ҳақидаги хабарлар эса яқиндан чиққанди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Сайфиддинович Эрматов эса мени бош мураббийликка таклиф қилди. Келаси йили юртимизда Осиё чемпионати бўлади ва бунинг масъулияти катта бўлишини ва шунга яраша жиддий тайёргарлик кўришимиз кераклигини айтди ва шу тариқа Равшан Сайфиддинович билан ҳаммасини гаплашиб олганимиздан сўнг мен ёшлар терма жамоасида ишлашга рози бўлдим. Албатта, раҳбариятга менга билдирилган ишонч учун катта раҳмат айтмоқчиман. Бу миллий бўладими ёки ёшларми, барибир ҳаммаси ўз номи билан терма жамоа саналади. Шу боис ҳамманинг ишончини қозонишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Раҳбарият, мухлисларимиз, умуман халқимиз олдида юзим ёруғ бўлишини истайман ва бунинг учун жиддий равишда ишга киришамиз. Терма жамоамиздаги кўплаб ёшларни яхши биламан. Уларнинг аксарияти  билан илгари «Локомотив» ўринбосарларида ишлаганимда ёшлар терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказганмиз. Умуман олганда, биз тўхтаб қолмаймиз ва селекция ишларини олиб борамиз. Осиё чемпионати ўзимизда ўтади ва табиийки, олдимизга қўйиладиган вазифалар ҳам юксак даражада бўлади. Биз Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаб жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Бу борада раҳбарият менга ишонч билдирдими, энди уларнинг бундай ишончини оқлаш учун қаттиқ меҳнат қиламиз.

кападзе2_2

- Мураббийлар штабингизни аниқлаб олдингизми, сизга кимлар ёрдам беради?

- Бу масалани кўриб чиқяпмиз. Денис Красниченко деган ёрдамчи мураббийим бор. У билан «Локомотив»да ҳам бирга ишлагандик. Қолаверса, у «Бунёдкор»да 2001 йилда туғилган футболчиларга мураббийлик қилган. Анчадан бери мен билан бирга ишлаб келяпти. Красниченко бу ёш тоифасидаги футболчиларни ҳам яхши билади. Чунки ўзи ҳам анчадан бери ёшлар билан самарали ишлаб келяпти. Кўп ўйинчиларни яхши билади. Бундан ташқари, яна ёшлар билан яхши ишлай оладиган бошқа мураббийларни ҳам кўздан кечиряпмиз. Ҳозирча эса Красниченконинг менга ёрдам бериши аниқ бўлган. Қолганини ҳам тез орада аниқлаштириб оламиз.

- Шунингдек, охирги пайтларда сизни келаси йили «Қўқон-1912» жамоасига бош мураббий бўлишингиз борасида ҳам хабарлар тарқалмоқда. Бу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз.

- «Қўқон-1912»га ярим мавсум давомида ёрдам кўрсатдим. Ўтган вақт давомида тажрибам билан ўртоқлашишга ҳаракат қилдим. Ўйлайманки, ёмон бўлмади. Раҳбарият эса янги мавсум учун менга яна иш таклиф қилишди. Лекин мени Ўзбекистон U-19 терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлашгани сабабли уларга клубда ишлай олмаслигимни маълум қилдим. Чунки ҳамма вақт ҳар қандай ёш тоифасидаги терма жамоаларни клублардан устун қўяман. Бу вазиятда ҳеч қандай хафагарчилик йўқ. Албатта, Қўқон жамоаси мен учун қадрли. Дадам ҳам у ерда анча ишлаган. Шу боис «Қўқон-1912»га ёрдам беришдан мамнун бўламан. Лекин олдимда миллий ва ёшлар терма жамоаси турганлиги учун вақт ҳамда масъулият тарафидан ҳам бошқасига улгура олмасдим. Бу борада клубдагиларга тўғри тушунтирдим.

кападзе4_2

- Демак, сиз миллий ҳамда ёшлар терма жамоасидаги ишингизни параллел равишда олиб борасиз, шундайми?

- Ҳа, шунақа. Мен миллий термада ёрдамчиман. Биз режа тузамиз ва тақвимга қараб иш кўрамиз. Ўйлайманки, иккала термада ишлашим муаммо туғдирмайди. Ёшлар термаси билан қачон ва қаерда йиғинлар ўтказиш борасида ишлар олиб бориляпти.

- Мухлислар сиздаги мураббийлик имкониятларингизга юқори баҳо беришяпти. Умуман олганда, ёшлар терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишқибозларга нимани ваъда бера оласиз?

- Қўлимдан келганича ҳар томонлама жиддий равишда ишлаб, бизга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз. Ҳар доим юксак вазифаларга интилиб келганман. Бу борада йигитлар билан ҳам гаплашиб оламиз. Аминманки, раҳбарият ҳам, ишқибозлар ҳам биздан фақат максимал натижаларни кутишади. Юқорида айтганимдек, биз ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллашга ва жаҳон чемпионатига чиқишга ҳаракат қиламиз. Бу бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
TFT
05/12/2019 06:56
Терма жамоада ишлаган Т.Кападзега ешлар бн кийинчилик булмаса кк.Омад!
Бахтиер Бобоев
05/12/2019 00:25
Омад Темур ака