Тимур Кападзе: "Ўзини яхши реклама қилди, аммо..."

Суперлигада илк бор иштирок этаётган “Олимпик” клуби таркиби ёшлардан ташкил топганига қарамай, ҳеч кимдан чўчимаяпти. Рақибларидан очколарни тортиб олишда давом этяпти. Бу сафар “Нефтчи” майдонида дуранг қайд этди. “Олимпик” бош мураббийи Тимур Кападзе эса бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Менимча, қизиқарли ўйин бўлди, - дея гап бошлади мураббий. - Тўғри, қийин бўлишини билардик. Чунки “Нефтчи”нинг вазияти унчалик яхши эмас. Қаердадир омад етишмаётганди, яна қаердадир ўзлари имкониятлардан фойдалана олмаётганди. Яхши тайёргарлик кўрдик. Футболчиларимга тушунтирдим: “Нефтчи” ҳам, биз ҳам ўз вазифамизни қиляпмиз. Ўйинчиларимиз бундай ўйинлар орқали ўсиши ва тажриба тўплаши керак. Кўрганингиздек, бугунги учрашув ҳар тарафлама яхши ўтди. Курашларга бой, яхши вазиятлар ҳам бўлди. Бу ўйин битта голгача эди. Афсуски, биз ҳам гол уролмадик. Балки урганимизда ютиб кетардик. Менимча, иккала жамоа ҳам яхши ҳаракат қилди ва дурангга мос ўйин бўлди.

- Меҳмонда ўйнаган бўлсанглар ҳам ўйинни учта ҳужумчи билан бошладинглар. Бунга қандай фикрдасиз?

- Ҳар доим шунақа ўйнаймиз. Майдонда ўзгаришлар ўзидан-ўзи чиқиб келаверади. Футболчилар қандай ўйнашни билади. Ҳимояланаётганда ким қаерда бўлиши ва ҳужум қилаётганда қандай вазифаларни бажариш лозимлигини ўйинчиларимиз ўзлаштирган. Бу фақат учрашув бошидаги схема ва шунақа туюлиши мумкин. Лекин ўйин пайтида ўзгаришлар ҳам бўлди. Чеккадагилар ҳам ҳозир ҳужумчи. Ўйин давомида Отабек Жўрақўзиев схема бўйича ўртага кириши керак эди. Шунинг учун сизларга шундай туюлди.

тимур1

- “Нефтчи” билан ўйнашда тажрибангиз бор. Аммо бу сафар “Олимпик” олдинги йиллардагига қараганда бироз чўчиброқ ўйнади. Ўтган йили шашти баландроқ эди.

- Биз чўчидик, демайман. Агар ўйинни кўрган бўлсангиз, дарвозамиздан олдинга ўтаётганда пас орқали чиқдик. Ҳеч қачон йигитларим довдираб қолмайди. Бугун яхши ўйнашди. Бу вазиятда “Нефтчи”ни ҳам ҳисобга олиш керак, улар яхши курашди. Қийин вазиятда эдилар. Яхши жамоа. Ҳаммаси тажрибали футболчилар. Ёшларга қарши ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Аммо бизни болаларда чўчишни кўрмадим. Балки қаердадир кучи ёки тажрибаси етмагандир. Ҳар бир учрашув бизга катта тажриба бўляпти ва ишончини оширишмоқда. Ўйиндан-ўйинга кучайиб боряпмиз. Буни футболчиларимда ҳам сезяпман. Ўзига ишончи ортяпти. Тўғри, ютолмаяпмиз, кўпроқ дуранг ўйнаяпмиз. Бу лойиҳа бўйича йигитларни кучайтириш талаб қилинади. Чунки олдимизда Осиё чемпионати ва Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишдек муҳим вазифаларимиз бор. Бунинг учун йигитлар ўйинлар орқали кучайишмоқда. Суперлигада клублар кучли. Нафақат бизни ўйин, балки ҳар бир учрашув қийин бўляпти. Осон учрашувлар йўқ. Бу бизга фойда, аниқ.

- Асосий дарвозабон Владимир Назаров қайдномага киритилмади, жароҳати борми?

- Жароҳати йўқ. Бошқа дарвозабонларимизга ҳам имконият бермоқчи эдик. Ўрнида ҳаракат қилган посбонимиз ўзини яхши томонлама кўрсатди. Бу ерда кўпинча маҳорат эмас, руҳиятга ҳам боғлиқ бўлади. Яна бошқа дарвозабонларимиз бор, уларга ҳам имконият берамиз. Рақобат бор, мен учун улар ўсиши керак. Назаров яхши дарвозабон, ўзини яхши реклама ҳам қилди. Лекин бир-иккита учрашувда бироз хатога йўл қўйгани учун озгина пауза беришни лозим топдик. Бундай ҳолатда руҳиятга ҳам эътибор бериш керак. Чунки хато устидан хато келиб чиқиши мумкин. Фақат дам олиши учун бугун уни қайдномага киритмадик.

тимур_2

- Ёзги Осиё ўйинларининг қолдирилиши жамоанинг фойдасигами ёки...

- Халқаро ўйин барибир халқаро ўйин. У ерда умуман бошқача тажриба. Айниқса, руҳият томонидан босим юқори. Ўзини бошқача ҳис қилиш эҳтимоли катта. Халқаро майдонда терма жамоа либосини кийгандан кейин барибир босим бор. Қанча кўп бу каби беллашувларда қатнашишса ўзларига ишонч ортади. Мусобақа кейинги йилга қолдирилган бўлса, демак келаси йили ўйнаш эҳтимолимиз бор. Биласизлар, июнь ойида Осиё чемпионати старт олади. Деярли кам вақт қолди. Ундан кейин чемпионатдаги иштирокимизни давом эттирамиз. Биз учун яхши тажриба кетяпти.

- Футболчингиз кераксиз жойда қизил карточка олди, ўзини тўхтата олмадими?

- Менимча, у ерда жиддий қоидабузарлик ҳам бўлмади. Ҳакамлар кўриб чиқди, ВАРдагилар бош ҳакамни бекорга чақиришмади. Тўпга ҳаракат қилди. Тўғри, “подкат” бўлди, тўп учун кураш кечаётганда нима қилиш керак? Оёғини олиб туриши керакми? У ерда баҳсли вазият эди. Ҳакам такроран кўриб, қайтаргиси келмади. Менга тўпга ҳаракат қилгандек туюлди, тўпга тепадан оёқ қўймайди. Албатта, ўйинчимиз қизил олиб, кейинги учрашувларда ўйнай олмаслигидан афсусдамиз. Лекин бизда 28 нафар футболчимиз бор, шулардан 4 таси дарвозабон. Ҳар бири ўйнашга шай.

тимур3

- “Нефтчи”даги Улуғбек Ҳошимов Ўзбекистон олимпия терма жамоасига чақирилаётган футболчилардан бири. Клубида бирорта гол ургани йўқ. Олимпия термасида эса умуман бошқа ўйинчига айланади.

- Бу ердаги муҳитни билмайман. Балки катталар сабаб ўзини эркин ҳис қила олмаётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки терма жамоага келганда барчаси тенгдош, дўстлари бор. Шунинг учун у ерда эркинроқ ҳаракат қиляпти. “Нефтчи”да нафақат Улуғбек, балки бутун жамоа тушкунликка тушиб қолгандек. Ғалаба бўлмаганидан кейин бундай ҳолатдан чиқиш қийин. Лекин “Нефтчи” бу ҳолатни енгиб ўтади. Балки “Истиқлол”да, ўз майдонида ўйнаганида ғалабаларни қўлга киритаётган бўлиши мумкин эди. Бошқа жамоалар билан деярли бетараф майдонда ўйнаяпти. Аммо бизда ҳам вазият шунақа. Бироқ вазифамиз бошқа. Очко ўз йўлида келади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ғуломов Тўлқинжон
11/05/2022 18:14
Ўз майдонида ўйнаса мухлислар хам кўпайиб уларни қўллаб қуватлаши хам ўз самарасини берар эди