Тимур Кападзе: "Учрашувдан яхши хулосаларни чиқарамиз"
Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги “Андижон” – “Олимпик” (0:0) ўртасидаги учрашувдан кейин дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Тимур Кападзе саволларга жавоб қайтарди.
- Учрашувдан қанчалик қониқдиниз?
- Ўйиндан қониқдим десам ҳам бўлади. Албатта, бугун ютишга ҳаракат қилдик. Ғалаба қозониш кайфиятида келгандик. Аммо осон бўлмаслигини билардик. Чунки “Андижон” ҳам яхши жамоа, яхши ҳимояланади. Улар ҳам олдига қанақадир вазифа қўйганини билардик. Ўйинимиз қаердадир ўхшади. Яхши вазиятларимиз ҳам бўлди. Гол уролмагандан кейин албатта дуранг бўлади. Бу Кубок ўйини эди. Яна бир бор ўзимизга керакли нарсаларни кўриб олдик. Яқинда “Андижон” билан ўйнагандик. Бу сафар яна қайси вазиятларда қандай ҳаракатланиш кераклигини билиб олдик. Ўйлайманки, ушбу учрашувдан ҳам яхши хулосалар чиқарамиз.
- Чемпионатда “Олимпик” “Андижон”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлганди. Ўша учрашув билан солиштирганда қандай фарқли жиҳатларини кўрдингиз?
- Уйдаги учрашувда “Андижон”дан тезкор гол ўтказганимиздан кейин улар деярли ҳимоядан ўйнади ва бизга қийинчиликлар туғдирганди. Бугун озгина очиқроқ эди, айниқса, биринчи бўлимда. Жамоа ҳимояда ўйнашини билардик. “Андижон” бугун имконият даражасида ҳимояланди. Аммо вазиятлар бўлганида очилиб ўйнади. Улар айнан очилиб ўйнай бошлаганида бизда имкониятлар бўлди. Фойдалансак бўларди.
- “Олимпик”нинг Кубокдаги асосий мақсади қандай?
- Гуруҳдан чиқишга ҳаракат қиламиз. Чунки қанча узоқроққа борсак яхшироқ клубларга қарши шунча кўп ўйнаймиз. Керакли тажрибани қўлга киритамиз.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар