Тўлқин Қиличев: Бокс бўйича жаҳон чемпионатида 10 та медални қўлга киритишни мақсад қилганмиз
Ads

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи ва “Uzbek Tigers” жамоаси бош мураббийи, Осиёнинг энг яхши боксчиларидан Исроил Мадримов, Муроджон Ахмадалиев, Баҳодир Жалолов сингари иқтидорли боксчиларимиз устози Тўлқин Қиличев SPORTS.uz интернет портали меҳмони бўлди.

Суҳбат асосан мураббийлик фаолияти, мухлисларнинг қизиқишини инобатга олиб боксчиларнинг муваффақиятга эришишларида қандай усуллардан фойдаланишлари, шогирдлари ҳамда бўлажак режалар ҳақида бўлди.

– Ассалому алайкум, Тўлқин ака. Мураббийликка кириб келишингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

– Ваалайкум ассалом. Мураббийлик фаолиятимни 2009 йилда Чирчиқ Олимпия заҳиралари коллежида бошлаганман. Бир йил олдин эса мени Республика Олимпия заҳиралари коллежига катта мураббий сифатида таклиф қилишди. Яқинда у ерда ҳам коллежга ёш истеъдодларни саралаб олдим. Айни вақтда Ўзбекистон терма жамоа мураббийиман, “Uzbek Tigers”нинг катта мураббийиман. Муроджон Ахмадалиев, Исроил Мадримов, Элнур Абдураимов, Баҳодир Жалолов, Санжар Турсунов  каби  шогирдларим ўзимнинг мактабимда тарбияланган. Терма жамоада мендан ташқари Раҳматжон Рўзиохунов, Равшан Ходжаев ва энг катта мураббий Марат Қурбоновлар ҳам боксчиларимизга ўз бу спорт турининг сир-асрорларини ўргатиб келишади.

Tulkin qilichev

– Шогирдларингизни қандай талаблар асосида танлайсиз?

– Биринчи ўринда  бўлажак боксчининг интизомига қарайман. Интизом ҳамма ерда керак. Мураббий ўргатган усулларни тез ва тўғри бажара олган боксчи 80% муваффақиятга эришади ва тез ўсади. Айтганингизни қилишга қийналган боксчини устида кўп меҳнат қилишга тўғри келади. Ҳозир боксимизда +91 кг вазнга талаб кучаймоқда. Шунинг учун эътиборимни оғир вазнга ўта оладиган ёш боксчиларни танлашга қаратяпман. Мана шундай ёшларни танласак, икки йил ичида кучли боксчи етишиб чиқишига ишонаман.

– Қисқа вақт ичида ажойиб жанглари билан мухлисларни қалбидан жой олган шогирдингиз Исроил Мадримов Рио Олимпиадасини ўтказиб юборди. Бунга сабаб нима эди?

– 2014 йил Исроил Мадримов финалга чиққан. 2015 йил Олимпиадага йўлланма берадиган Осиё чемпионатида эса ўз вазнида имкониятни бой берди. Олимпиадан кейин эса Исроил 69 кг вазндан 75 кг вазнга чиқиб олди. Ҳозирда 75 кг вазнда эришган ютуқларини кўриб турибсиз. Мутахассисларнинг, мураббийларнинг фикрича, Исроил Мадримов рингда энг керакли усулни қўллай оладиган, рақибга хатти-ҳаракатлари тез ўрганиб, унга қарши тўғри усул қабул қиладиган, мураббийнинг ўргатганларини тез ўзлаштириб, керакли вазиятда керакли зарбалар йўллайдиган иқтидорли боксчи ҳисобланади. Шунинг учун унинг лақаби “профессор”, яъни профессионал.

Isroil madrimov

– Ғалабанинг таъминланишида мураббийнинг ва спортчининг ўрни қандай?

– Спортчи мисоли бир дарахт. Ёшлигидан қандай тарбиялаб, парваришласангиз шундай ўсади. Шунинг учун рингда ҳар сония мураббийнинг ўрни билинади. Ғалабанинг таъминланишида тўғри кўрсатмалар берувчи мураббийнинг ҳам, боксчининг ҳам улуши ката, чунки мураббий боксчининг ўрнига рингга тушиб ҳаракат қила олмайди.

– Сизни қаттиққўл мураббий дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Мен жудаям қаттиққўл мураббийман. Машғулотлар пайтида ғалабага олиб келадиган барча усулларни қилиб кўраман. Бу меҳнатларимнинг самарасини шогирдларимда кўраман. Боксчилар қанча кўп машқ қилишса, организм чиниқади. Бундан ташқари агар эрталаб яхши тайёргарлик қилишмаса, иссиқда машғулотларни кўпайтираман. Ҳаммаси вақтида бўлиши керак. Шундай қилмаса, жазо тариқасида уларга қўшимча машғулотлар юкланади. Кейин эса уч маҳал машғулот қилмаслик учун ҳам яхши ҳаракат қилишади. Буларнинг барчаси боксчиларни чиниқтириш ва интизом учун.

Uzbek Boxing

– Шогирдларингиз орасида сизга кутилмаган ғалабани тақдим қилгани бўлганми?

– Муроджон Ахмадалиевда бундай ҳолатлар кўп бўлган. Иккиланган пайтим Муроджон: “Ҳаммаси яхши бўлади”, деб рингга ишонч билан кўтарилади. Кейин: “Ана кўрдингизми, рақибимни мақтаган эдингиз”, дея мени хурсанд қилади. Баҳодир Жалоловда ҳам кўп иккиланаман, аммо у ҳам рақибини рингга қулатиб, ғалаба қозонади.

– Энди “Uzbek Tigers” жамоаси ҳақида. Дастлабки жангларда биз ғалаба қозонган эдик, бироқ Кубадаги кутилмаган натижаларга сабаб нима эди? Мусобақанинг Ўзбекистонда эмас, Куба бўлганими?

– Осиё чемпионатидан кейин дарҳол Куба билан жанглар бошланди. Биз эса асосий кучимизни қитъа чемпионатига қаратган эдик. Бу куч ўз натижасини кўрсатди ҳам. Боксчиларимиз дам олишга ҳам улгурмай, Кубадаги жангга йўл олишди. Ўзбекистонда кубаликлар Билан бўлган жангда боксчиларимиз яхши натижа кўрсатди, аммо Кубадаги биз кутган натижа юз бермади. Бунга бир томондан Кубанинг мухлислари боксчиларимизга бироз босим ўтказгани ҳам сабаб бўлган. Тўғрида ҳамма ҳам ўз уйида яхши ўйнайди. Айтишадику, “ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беришади”, деб.

tulkin qilichev

– Ҳаваскорлар ва профессионал бокснинг фарқи нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳозирги ҳаваскорлар бокси профессионалликдан қолишаётгани йўқ. Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш керакки, баъзи боксчилар ҳаваскорликда яхши натижалар кўрсата олмайди. Аммо профессионал боксда анча яхши натижаларга эришади, чунки ҳаваскорлик билан профессионаллик асосан қоидалари билан фарқланади. Бу кимгадир мос келмаслиги мумкин. Бизнинг эса ҳар икки йўналишда ҳавас қилса арзигулик ютуқларимиз кўплаб топилади. Мисол учун ҳозирда профессионал боксда Шоҳжаҳон Эргашев, Қудратилло Абдуқаҳҳаров, Азизбек Абдуғофуров ва бошқа боксчиларимиз муваффақиятли фаолият юритмоқда. Мен ҳаваскорлик ва профессионаллик ўртасида фарқ бор бед ўйламайман. Сабаби ҳар иккисида ҳам боксчилар Ўзбекистон байроғини остида рингга чиқишади. Шунинг учун ҳар бир боксчига омад тилайман ва қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Бунга ҳар доим тайёрман.

– Осиё чемпионатидан сўнг боксчиларимиз кайфияти қандай ва айни дамда улар нималар билан банд?

– Кўриб турганингиздек, Осиё чемпионатида яхши натижаларни кўрсатдик. Ёшларимиз эса Тайландда умумжамоа ҳисобида 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза билан катталарга сингари 1-ўринни эгаллади. Ҳозирда катта бокс оламида кутилаётган энг асосий  мусобақа бу жорий йилнинг 25 августида Гамбургда старт оладиган жаҳон чемпионатидир. Мана шу нуфузли чемпионатга тайёргарликларни уч ой олдин, яъни Осиё чемпионатидан кейин дарҳол бошлаб юбордик. Осиё чемпионатида 1- ўринни олиб боксчиларимиз нимага қодирлигини исботлади. Шунинг учун энди ҳамма жаҳон чемпионатида бизга кўз тикиб турибди. Ҳозир терма жамоамизда 100 тага яқин боксчилар йиғилди. Булар тажриба тўплаш билан бирга бошқа боксчиларимизга ёрдам беришади. Жаҳон чемпионатига чиқадиган боксчиларимиз эса аниқ. Мақсадимиз юқори натижалар кўрсатиб, халқимизни хурсанд қилиш. Байроғимизни юқориларга кўтариш.

– Жаҳон чемпионатидан қандай натижалар кутилмоқда? Боксчиларимиз Осиё чемпионатидаги натижаларини такрорлай оладими?

– Жаҳон чемпионати Германияда бўлади. Биз бор кучимизни кўрсатиб, 10 та медал олишга ҳаракат қиламиз. Унга итштирок этадиган боксчиларимиз сабрсизлик билан мусобақани кутишмоқда. Улар бунга тўлиқ тайёр деб айта оламан. Бу борада уларнинг тажрибалари жуда юқори. Умид қиламанки, бу сафар ҳам ишончни оқлашади.

uzbek boxing

– Қайси давлат боксчиларини муносиб рақиб деб айта оласиз?

– Куба, Қозоғистон, Россия, Англия боксчилари кучли дейиш мумкин. Улар буни кўплаб мусобақаларда исботлашган. Булар қаторига Ирландия термасини ҳам киритса бўлади. Бундан ташқари сўнгги вақтларда Озарбайжондан ҳам кучлилар боксчилари етишиб чиқмоқда.

Боксчиларимиз машғулотларни асосан қаерда ўтказишади? Хориж йиғинлари ҳам ташкил қилинадими?

– Асосий машғулотларни ўзимизнинг жаннатмакон юртимизда ўтказамиз. Яъни Янгиободда, Чирчиқда. Машғулотга профессионал боксчилар ҳам келиб туришади. Мисол учун Қудратилло Абдуқаҳҳаров, Шоҳжаҳон Эргашев... Улар ҳам менинг шогирдларимдан бири. Меҳнаткаш боксчилар.

– 91 кг вазнда Санжар Турсунов кучлими ё Рориша Профсор? Терма жамоанинг асосий таркибига қайси боксчини олган бўлардингиз?

– Бу иккала боксчи ҳам ўзига яраша тажрибали. Шундай экан, рақобат ҳам шунга яраша. Менинг фикримча, Санжар анча нисбатан тажрибалироқ. Бу иккаласи бирга спарринг олиб борган, лекин қайси бири кучли эканлигини эса вақт кўрсатади. Профсор эндигина катталар сафига қўшилди. Шу вақтгача у ёшлар жамоасида эди.

Суҳбатингиз учун ташаккур.

                                                          Шаҳзода Абдуллаева ёзиб олди