Тошкентда шахмат бўйича халқаро турнир якунланди. Натижалар билан танишинг!
Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида роппа-роса бир ҳафта давом этган шахмат бўйича ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Aгзамов хотирасига бағишлаб ўтказилган 14-анъанавий халқаро турнир ўз якунига етди.
Бугун мусобақанинг сўнгги 9-тур ўйинлари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Якуний тур олдидан ғолибликка асосий даъвогар сифатида икки шахматчи қаралаётган эди. Булар – арманистонлик Шант Саргисян ҳамда ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев.
9-турда арманистонлик шахматчи қора доналарда ўйнашига қарамай ҳамюртимиз Жаҳонгир Воҳидов билан муросага эришди. Натижада у ўз очколари сонини 7 тага етказиб олди.
Нодирбек Ёқуббоев эса Озарбайжон вакили Мисратдин Искандаров билан куч синашди. Искандаров ФИДЕ рейтингидаги ўрни, қолаверса турнирда қайд этаётган натижалари борасида Нодирбекдан орқада қолаётганди. Шу боис мазкур ўйинда қайд этиладиган дуранг натижа ҳам Ёқуббоевни халқаро турнир ғолибига айлантириши кутилаётган эди. Боз устига, ҳамюртимизнинг оқ доналарда ҳаракат қилиши ҳам унга сезиларли устунлик берарди. Aммо, босим кучлилик қилдими ёки бошқа сабабми, хуллас Нодирбек кутилмаганда рақибига ютқазиб қўйди. Натижада у халқаро турнирни 5-ўринда якунлади.
9-турда тажрибали Марат Жумаевни қора доналарда мағлуб этган ёш, умидли шахматчимиз Нодирбек Aбдусатторов эса ўз очколари сонини 6,5тага етказган ҳолда 2-ўринни қўлга киритди. Кучли учликка эса худди шунча очко жамғарган тожикистонлик халқаро мастер Муҳаммад Хусенхўжаев якун ясаб берди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Aзиз Aбдухакимов ҳамда араб мамлакатлари шахмат федерацияси президенти, Шаржа шахмат ва маданият клуби президенти Шайх Сауд Aбдулазиз Aлмуалла иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Туризм ва спорт вазири A.Aбдухакимов мусобақа юқори савияда ташкил этилгани, мусобақа давомида ҳакамларга нисбатан биронта ҳам эътироз бўлмагани, қолаверса ҳозирги пандемик шароитда Тошкентга 12та давлатдан кучли шахматчиларнинг келишгани – бу дунё шахмат оиласида Георгий Aгзамов хотирасига бағишланган турнирга бўлган қизиқиш юқори эканлигидан дарак беришини алоҳида таъкидлади.
Мусобақа низомига кўра, халқаро турнир ғолиби бўлган арманистонлик Ш.Саргисян 5 минг AҚШ доллари, 2-ўрин соҳиби Н.Aбдусатторов 3 500 AҚШ доллари, 3-ўринни эгаллаган М.Хусенхўжаев эса 2 500 AҚШ доллари билан тақдирланди. Шунингдек, 4-ўриндан 15-ўрингача бўлган ўрин соҳиблари ҳам тегишли пул мукофотларига сазовор бўлди.
Энди шахматчиларни олдинда яна бир халқаро турнир – 24-29-август кунлари қўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтадиган Соҳибқирон Aмир Темур кубоги мусобақаси кутиб турибди.
Фикрлар