
Тошкентда шуғулланаётган Шомуродовга Римдан кутилмаган хабар!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов Европанинг “топ-5” чемпионатлари қаторига кирувчи А Сериядаги фаолиятини 2020 йилнинг октябрида бошлаган эди.
Шундан бери Элдор Италиянинг “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома” клубларида барча мусобақаларда 148 та учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 23 маротаба ишғол қилди, жамоадошларига 16 та голли пас узатди.
Шомуродов Италияда бир неча мураббийлар қўл остида тўп суришига тўғри келди. Улар орасида ўзбек легионери билан энг самарали ишлашган, ҳамюртимизга энг кўп ишонч билдирган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган мутахассис Клаудио Раньери бўлди.
73 ёшли италиялик мураббий ўтган йили Элдор Шомуродов билан бирга “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолди. Ўзбек ҳужумчисининг сардинияликлар сафида самарадорлиги баланд бўлмаган эса-да, у мавсумнинг энг мураккаб палласида энг муҳим учрашувларда гол уриб, ассист қайд этиш орқали жамоага қимматли очколарни келтирди.
Ўша мавсумдан кейин мураббийлик фаолиятини якунлаган Клаудио Раньери жорий мавсумнинг биринчи ярмида инқирозга юз тутган “Рома”ни қутқариш учун яна иш фаолиятига қайтди. аслида Раньери қарийб бир йил олдин фақатгина ўзи учун қадрдон бўлган “Рома”дан қўнғироқ бўлсагина пенсиядан ишга қайтишини айтганди. Амалда шундай бўлди.
14 ноябрь куни “Рома”ни қабул қилиб олганидан кейин Клаудио Раньери жиддий ўзгаришларни амалга оширди. Унинг қўл сотида жамоа барча турнирларда 16 та ғалаба, бешта дуранг ва олтита мағлубият қайд этди. “Рома” Раньери келгунча хавфли зонага яқинлашиб қолган эди. Айни пайтда жамоа Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Биз учун муҳим жиҳати, Раньери шу йилнинг январь ойида жамоадан кетишга тайёр турган Шомуродовни “Рома”да олиб қолди. Қисқа фурсатда 29 ёшли легионеримиз “Рома”даги асосий фигуралардан бирига айланди.
72 ёшли мутахассис куни кеча “Томмазо Маэстрелли” соврини билан тақдирланди. Бу соврин нафақат майдондаги юқори даражали ишлари, балки инсонийлик қадриятларини намойиш эта олган энг зўр мураббийларга берилади.
Элдор Шомуродов “Рома”ги бир неча маҳоратли ўйинчилар қатори ўз мамлакати шарафини халқаро майдонда ҳимоя қилиш учун терма жамоа ихтиёрига етиб келган паллада, Клаудио Раньери фаолиятига оид муҳим хабарни эълон қилди.
Раньери нуфузли совринга эга чиққани, “Рома”ни юқори савияга кўтарганига қарамай, фаолиятини якунлаб, пенсияга қайтадиган бўлди.
- “Рома”нинг кейинги пайтдаги натижаларидан ҳайратга тушганим йўқ, чунки мен ўз ишимга ва ўйинчиларимга ижобий томондан ёндашадиган одамман. Келганимда таркиб кучли эканига қарамай, ўйинчилар ўзига ишончни йўқотиб бўлганди.
Мен шунчаки, уларни бир мақсад сари бирлаштиришга, ишончларини уйғотишга, ўзлари муносиб бўлган нарсаларни беришга уриндим холос. Улар бирлашиб, бир неча ой муқаддам орзу қилиб бўлмаган жуда кўп нарсаларга эришди.
Энди энг ажойиб ва айни пайтда жуда мураккаб жараён келди. Жамоа етакчиси Пауло Дибала сафдан чиқди. Энди жамоа янада кучлироқ бирлашиб, чемпион йўқлигини билдирмаслиги талаб этилади.
Қўлга киритилган соврин ва “Рома” эришаётган натижалар қароримни ўзгартира олмайди, мен икки ойдан кейин жамоа бош мураббийлигидан кетаман.
Ўйинчилар мени қўмсайдими? Йўқ, улар ўзларини янада бахтиёр ҳис қилади, - деди Клаудио Раньери.
Таъкидлаш лозимки, “Рома” раҳбарияти Клаудио Раньерини ишга таклиф қилган паллада томонлар 73 ёшли мутахассис мавсум охиригача бош мураббийлик қилишига, кейин эса, клуб президентининг спорт масалалари бўйича маслаҳтчи лавозимида клубга ёрдам беришига келишиб олинган эди.
Фикрлар