Тошкентдаги бокс оқшомида ишлаган ўзбекистонлик ҳакамларнинг даражаси ёхуд уларнинг савиясига қандай баҳо берилди?

  • 4 апрель, 2021, 16:56
  • 1
  • Бокс

Хабарингиз бор, кеча Тошкент шаҳрида жойлашган "Ҳумо Арена"да профессионал бокс оқшоми ташкил этилди. "Matchroom" ҳамда "World of Boxing" промоутерлик компанияси томонидан ташкил этилган ва DAZN платформаси дастуридан ўрин олган тарихий жанг оқшоми ажойиб тарзда ўтказилди. Албатта, жангларнинг чиройли ўтиши ва боксчиларнинг соғлиқ нуқтаи назаридан ҳам ҳакам ва рефериларга катта масъулият юкланади. 

Кечаги 8 та жангнинг яхши савияда ўтишида ўзбекистонлик Набижон Исмонов бошчилигидаги ҳакамлар жамоасининг ҳам улкан ҳиссаси бор, десак янглишмаган бўламиз. Жумладан, дастлабки тўртта жангда Набижон Исмоновнинг супервайзерлик қилиши ва титул учун кечган жангларни назорат қилиши, умуман олганда жанг кечасининг бош супервайзери сифатида фаолият юритгани ҳам ўзбекистонлик ҳакам ва рефериларга катта ишонч билдирганлигини англатади. 

Биз ушбу мутахассис билан боғланиб, уларнинг кечаги фаолияти ва жанг оқшомининг хорижлик ташкилотчилари томонидан ўзбекистонлик ҳакамлар хизматига билдирган муносабатлари ҳақидаги фикрларига қизиқдик. 

- Тўғриси, жанг кечаси ташкил қилинишидан аввал бироз тушунмовчиликлар юзага келди. Бутун жанг кечасининг ҳакамлик борасидаги ишларини Россия бокс федерациясига топширмоқчи бўлишди. Бироқ, Ўзбекистонда ҳам яхши даражадаги мутахассислар борлигини ва ҳар қандай жанг кечасини ўтказа олишга қодир эканлигимизни билдирдик. Бу борада бизга Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Жетибоевич Полатов катта ишонч билдирди ва жиддий равишда қўллаб-қувватлади.

на_1

Жанглар бошланишидан аввал бизнинг фаолиятимизга шубҳа билан қараётганлар ҳам йўқ эмасди. Биз қўшимча равишда Қирғизистон ва қозоғистонлик жамоамиздан ўрин олган мутахассисларни ҳам чақирдик ва биргаликда вазн ўлчаш, тиббий текшириш, кийиниш хонасидаги холатлар, қўлқопларнинг қандай тарзда кийилиши, жанг вақтида бурчакда ортиқча воситалардан фойдаланмаслигини назорат қилиниши, борингки барча кичик элементар ҳолатларга ҳам масъулият билан ёндошганимизни кўриб, АҚШдан ташриф буюрган ташкилотчилар ҳам, "Matchroom" вакили Эдди Хирннинг ёрдамчиси Френк Смит ҳам юқори баҳо берди. Қолаверса, Баҳодир Жалоловнинг жангида Ислом Раҳмонов рефери сифатида ишлади ва юқори даражани кўрсатди. Ваҳоланки, ўша асосий жангларда ишлаган россиялик рефери тушиб кетган "капа"ни дарров оғзига солиб, жангни давом эттириши жуда қўпол хато эди. 

Демоқчиманки, ўзбекистонлик ҳакамлар ўзларининг яхши даражасини кўрсата олди. Хатто, асосий жангларда чемпионлик титулларини ҳам биз топширишимизни истаганликлари фаолиятимизга берган юксак баҳо деб биламан. Бу борада юқорида таъкидлаб ўтганим Френк Смит, WBA, IBF вакиллари, машҳур менежер Вадим Корнилов ҳам бизга ўз миннатдорчилигини билдириб, келажакда ҳамкорликда ишлашимиз мумкинлигини айтиб ўтди. 

Умуман олганда Ўзбекистон профессионал бокс федерациясидаги ҳакамлар ва мутахассислар юқори даражадаги жанг кечаларини ҳам ўтказа олишини исботлай олди, деган фикрдаман. Ўз ўрнида бизга ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаган инсонларнир олдида юзимиз ёруғ бўлганлигидан хурсандмиз. Қолаверса, уларга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!

ислом

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
05/04/2021 17:58
Баракалла! Футбол Ассоциациясидагиларни хам бироз калтаклаб аклини киргизиб куйинглар, илтимос!