“Тоттенхэм” - “Челси”: Эски танишлар орасида энди бегоналар бор

Бугун “Тоттенхэм Хотспур” стадионида катта тўқнашув бўлиб ўтади. Премьер-лига 22-тури доирасидаги сўнгги беллашув ҳисобланган Лондон дербиси бевосита 7-ўрин учун кечади. “Сити”ни истисно этган тақдирда, деярли барча грандлар галма-галдан очко йўқотиш “маросим”ини ўтказмоқда. Жозе Моуриньо шогирдлари бир тур аввал, “Брайтон”га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Ушбу турда “чайкалар”нинг “Ливерпуль”дан ҳам устун келганини инобатга олсак, балки бу “шпорлар”ни бироз тинчлантирар. Амалда, португалиялик мутахассиснинг “Тоттенхэм”и Кейнсиз ҳеч нарса қўлидан келмайдиган жамоага ўхшаб қолмоқда.

Нариги тарафда эса, Томас Тухель ўзи учун иккинчи катта ўйинда иштирок этмоқда. “Вулверхэмптон”га қарши ўйинга бир кун қолганда жамоага бош мураббий этиб тайинланган немис мураббийининг нурсиз дуранг қайд этганини оқлашимиз мумкин. Мана энди Тухель дербига тайёрланиш учун етарли вақт ва шароитга эга бўлди. “Бёрнли”ни ишончли ҳисобда енгиш унинг салоҳиятига юқори баҳо беришга сабаб бўла олмайди. Бугун тунда у “аристократлар” ихлосмандларининг олам-олам меҳрини қозониши ёки ҳафсаласини пир қилиши мумкин.

Келинг, жамоаларнинг ҳолати ҳақида батафсил фикр юритамиз.

1500x500_1

“Тоттенхэм”
“Шпорлар” “Челси” билан бир хил 33 очко жамғариб турганига қарамай, уларда битта захира ўйини борлигини эслатиб ўтишимиз зарур. Ҳа, Моуриньо шогирдлари кутилганидек, очко йўқотишларсиз узоққа бора олмади. Аммо амалда, ўзи иштирок этаётган барча мусобақаларда чемпионлик учун реал имкониятларни сақлаб турибди. “Манчестер Сити” турнир жадвалида маълум бир фарқни юзага келтирган бўлиши мумкин. Мавсум давомида Пеп шогирдларининг очко йўқотмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунингдек, ҳали улар ўртасида ўзаро ўйин ҳам бор: 13 февраль санасида чемпионлик учун курашаётган икки жамоа “Этихад”да тўқнаш келади.

Аммо бу учрашувга катта имкониятлар билан етиб бориш учун “Челси” тўсиғидан омон-эсон ўтиб олиши зарур.

Ушбу беллашув Жозе Моуриньо учун ҳар доимгидек катта аҳамиятга эга. Мураббийларни тез-тез алмаштирадиган Абрамович уни ҳам ўз вақтида истеъфога чиқариб юборган. Шунингдек, яна бир учрашувда “Челси”ни мағлуб эта олмаган тақдирда, бундай ўйинлар кетма-кетлиги 7 тани ташкил этиб, шахсий антирекордини такрорлайди. Португалиялик кетма-кет учрашувларда мағлуб эта олмаслик борасидаги антирекордини 2011-2012 йиллар оралиғида “Барселона”га қарши ўйинларда ўрнатган.

Бугун Моуриньо жамоасидаги энг катта муаммо Кейннинг сафдан чиққани бўлиб турибди. Харрисиз ўтган сўнгги 9 ўйиннинг атиги 2 тасида "Лондон оқлари" зафар қучишга муваффақ бўлган. Шунингдек, Серхио Регилон, Деле Алли ва Жованни Ло Челсо ҳам дербини ўтказиб юбориши хабар қилинган. “Брайтон”га қарши беллашувда майдонни оқсоқланиб тарк этган Танги Ндомбеленинг соғлиғи борасида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Тажрибали мураббий бу камчиликларни ёпа олади, аммо ўзгаришлар “Челси”дек рақибга қарши самарали натижа бера оладими: мана бу масала?!

Тахминий таркиб: Льорис; Алдервейрелд, Дайер, Родон; Доэрти, Хёрбьерг, Сиссоко, Дэвис; Бергвейн, Винисиус, Сон.

EtTsCxrXMAQeQta

“Челси”

“Аристократлар” жуда ғалати ҳолатда. Қийин вазиятда бўлишига қарамай, ўтган мавсумда жамоага УЕФА Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тақдим этган клуб афсонасини бу қадар осон кетказиш қанчалик тўғри эди? Роман Абрамович унинг кетиши ортидан билдирган фикрларида Лэмпард билан ўзаро ҳурмат ва келишув асосида хайрлашилгани ҳақида айтиб ўтди. Бундан келиб чиқадики, у Фрэнкнинг натижаларидан хавотирга туша бошлаган ва мухлислар олдида ҳурмати тўкилиб улгурмасидан лавозимидан озод этган. Бошқа томондан, клуб афсонаси иккинчи маротаба клубдан етарли асосларсиз кетмоқда. Футболчилик фаолияти мобайнида Моуриньонинг режаларидан тушиб қолгач, клубнинг ашаддий рақибларидан бири бўлган “Манчестер Сити”га ўтиб кетади. Мовий либосда ўз севимли клуби дарвозасига гол урган Лэмпарднинг ҳолати бутун дунё футбол мухлисларини ларзага келтирганди.

Нима бўлган тақдирда ҳам, бу қарор жамоага фойда келтиришини тилаб қоламиз. Нега Тухель танланди? Томас ПСЖдан ёмон натижалар туфайли кетмади. Унда ҳали хатоларини тўғрилаш учун етарли вақт ва имконият мавжуд эди. Бироқ, немис мутахассиси Париж мегаюлдузлари билан чиқиша олмай қолди. Шу жиҳатдан, ундан нимадир кутиш мумкин.

Илк жиддий синов олдидан Тухель жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар билан курашишга мажбур эмас. Ҳа, майдонга тушиши сўроқ остида бўлган бир қатор футболчилар бор. Ҳаким Зиеш ва Кай Хаверцда жисмоний ҳолат билан боғлиқ кичик ноқулайликлар борлиги хабар қилинмоқда. Зума бир нечта учрашувларда майдонда кўриниш бермади. Аммо унинг жароҳати ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. “Челси” мухлислари учун хушхабар: Нголо Канте бугунги учрашувда майдонга тушишга тайёр. Агар Тухель унинг хизматларига эҳтиёж сезса, бугун уни таркибга киритар. Буёғини вақт кўрсатади.

Тахминий таркиб: Менди; Аспиликуэта, Сильва, Рюдигер; Хадсон-Одои, Ковачич, Канте, Алонсо, Пулишич; Вернер, Жиру.

EtUSx4LXMAIiWvF

Мураббийлар

Жозе Моуриньо: “Бизни жуда муҳим ўйин кутиб турибди. Ўйин бевосита поғона учун бўлиб ўтади. Биз ўзимизнинг ижобий жиҳатларимиздан фойдаланиб, “Челси”га муносиб қаршилик кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Харрининг ҳолати яхшиланиб боряпти. Унинг кайфияти яхши ва бундан биз ҳам хурсандмиз. Оптимистик бўлиш яхши, аммо биз Кейннинг соғлиғи билан таваккал қилмоқчи эмасмиз. Биз унинг тизимли равишда соғайишини хоҳлаймиз. Кейинги ҳафта ярмида “Эвертон” ва ундан сўнг, “Манчестер Сити”га тўқнаш келамиз. Шуларнинг бирида у сафга қайтишига умид қиламиз”.

Jose-Mourinho-Tottenham-1

Томас Тухель: “Бизда жуда яхши жамоа бор ва бу каби юқори савияли футболчилар билан ишлаш ёқимли. Улар ҳар жиҳатдан Премьер-лига даражасига мос. “Челси” шарафини ҳимоя қилиш ва унинг совринларга бўлган эҳтиёжини қондириш қийин масала. Мен бу ерда бахтлиман ва клубдаги қийинчиликларни бажонидил қабул қиламан. Жамоадаги ғолиблик руҳини ривожлантириш ва тўғри машғулот олиб боришни ташкил этишимиз зарур”.

EtTQ1v1WQAIm4GU

Хулоса ўрнида
Жамоалар ўртасидаги сўнгги икки беллашув дуранг натижа билан якунланган. Бугун ҳам томонларнинг муроса кўчасини танлаши эҳтимоли мавжуд. Биринчидан, Тухель катта жамоага қарши ўйинда эҳтиёткорликни биринчи планга қўйиши мумкин. Бошқа тарафда, Моуриньо Кейнсиз қарши ҳужумларга таяна олмаяпти. Сон Хён Миннинг мўъжизавий ўйинлари ҳам Харрисиз ўхшамаяпти.

Шахсий интуициялар тўқнашув дуранг билан якунланишини айтмоқда. Аммо бу даражадаги ўйинларнинг натижасини олдиндан аниқ тахмин қилиб бўлмайди. Биргаликда кузатамиз!

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!