“Тоттенхэм” уч ҳафта олдин келган янги бош мураббийни ҳам ҳайдайди
Англия премьер-лигасида ишлари юришмаётган Лондоннинг “Тоттенхэм” клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи Игор Тудорни ишдан бўшатиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
Тудор жамоани 14 феврал куни бошқаришни бошлаган ва айтарли ўзгаришларни ясай олмади.
Хорват мутахассиси раҳбарлигида “Тоттенхэм” учта ўйин ўтказди ва уларнинг барчасида “Арсенал”дан 1:4, “Фулхэм”дан 1:2 ва “Кристал Пэлас”дан 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу ўйинлардаги умумий тўплар фарқи 3:9 ни ташкил қилди.
Клуб раҳбарияти жамоа натижалари ва Англия Премьер-лигасидаги жойини сақлаб қолиш учун курашда хавф ортиб бораётганидан хавотирда. Сўнгги мағлубият “шпорлар” раҳбариятида норозилик уйғотди.
Шунингдек, “Тоттенхэм” келаси мавсумдан бошлаб ҳамкорлик қилиш эҳтимоли бўйича Роберто Де Дзерби билан музокаралар ўтказгани ҳам хабар қилинмоқда. Бу вариант клуб Премьер-лигада қолган тақдирда кўриб чиқилади.
Аввалроқ, Де Дзерби Франциянинг “Марсель” клуби бош мураббийлигини тарк этишига тўғри келган эди.
Фикрлар