"Тоттенхэм" юз миллион фунтга футболчи оляпти

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

«Тоттенхэм» клуби таркибини кучайтириш мақсадида ярим ҳимоячи Сандро Тонали трансфери бўйича фаолликни оширди ва «Ньюкасл» билан футболчини сотиб олиш масаласида музокараларни бошлаб юборди, деб хабар бермоқда The Athletic нашри.

Манба маълумотига кўра, Лондон клуби 26 ёшли хавбек учун «Манчестер Сити» билан рақобатга киришган. Ҳозирча футболчи вакиллари ҳамда ҳар икки жамоа ўртасида мулоқот давом этмоқда, томонлар шахсий шартнома бандларини муҳокама қилмоқда.

«Ньюкасл» эса Тоналини осонликча қўйиб юбориш ниятида эмас. Клуб фақат тахминан 100 миллион фунт атрофидаги таклиф келиб тушса, трансферни кўриб чиқишга тайёр. Итальян яримҳимоячисининг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган бўлиб, яна бир мавсумга узайтириш имкониятини ҳам ўз ичига олади.

«Тоттенхэм» раҳбарияти рақобатбардош маош, Роберто Де Дзерби қўл остида ўйнаш имконияти ва Лондонда яшаш шароити Тоналини айнан улар лойиҳасини танлашга ундайди, деб умид қилмоқда.

Шунингдек, хабарда қайд этилишича, «шпорлар» ҳали ҳам Матеуш Фернандешга қизиқишни сақлаб қолган. Бунда Тонали бўйича эҳтимолий келишув «Манчестер Сити»нинг «Ноттингем Форест» ярим ҳимоячиси Элиот Андерсонни сотиб олиш режаларига таъсир кўрсатмайди.

Ўтган мавсумда Тонали «Ньюкасл» сафида 53 ўйинда майдонга тушиб, учта гол урди ва олтита голли узатма муаллифига айланди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!