“Тоттенхэм”да Шомуродовни кутган Моуриньо энди “Рома”дан Элдорни олишни талаб қилмоқда!
Европа кучли бешлик жамоалари келаси мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Мавсумлар оралиғи асосан жамоаларга янги мураббий тайинлаш, кучли футболчилар трансферини амалга ошириш, таркибларни шакллантириш, ўйинчиларнинг жисмоний, техник-тактик тайёргарлиги, ўйин амалиётини ошириш билан ўтиши барчамизга маълум.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги энг ёрқин юлдузи Элдор Шомуродов Италиядаги дастлабки мавсумида мураккаб чемпионатга мослашиб олишдан ташқари, ўз истеъдоди, салоҳияти, тўпурарлик қобилияти ва футболчи сифатидаги устунликларини намоён эта олди.
Табиийки, Шомуродовга Генуяга келгунча ҳам, кейинги пайтда ҳам турли мамлакатлар клубларидан қизиқиш бўлган ва ҳамон бор. Чунки бугунги кунда трансфер суммаси нисбатан арзон, катта маош сўрамайдиган, шунга яраша меҳнаткаш, курашувчан, ҳаракатчан, тартиб-интизомли ва одамгарчилиги билан ажралиб турадиган ўйинчилар юқори даражада қадрланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Элдор айнан ана шу талабларга тўлиқ мос тушадиган футболчилар типига киради.
Россиянинг футболга ихтисослашган soccer.ru сайтининг хориждаги манбаларига таяниб хабар тарқатишича, “Рома”ни қабул қилиб олиб, янги таркибни шакллантираётган Жозе Моуриньо клуб раҳбариятидан Элдор Шомуродовни олиб келишни сўрамоқда. Ҳамюртимиз машҳур мураббий билан шахсан таниш экани ҳақида кўп бор ёзилган.
Футболчимизнинг агентларидан бири Герман Ткаченко ўзига мурожаат қилган журналистларга Жозе Моуриньо анчадан бери Элдор Шомуродовни кузатиб келишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Моуриньо “Тоттенхэм”ни бошқарган даврда ўзбек футболчисини трансфер қилишни истаган экан. Бироқ, ўша пайтда Шомуродовда жароҳат бўлгани сабаб, бу трансфер амалга ошмай қолган.
Италия матбуоти эса, Моуриньо Рим клубини қабул қилиб олганидан кейин ўзбекистонлик ҳужумчига яна эътибор қаратиши мумкинлигини ёза бошлаган эди. Уларнинг бу тахмини ўзини оқлай бошлади.
Бу ҳолатда кўп нарса “Женоа” раҳбариятининг режалари ва қарорларига боғлиқ бўлади. Аслида қишки трансферлар вақтида “Ювентус” Шомуродов масаласида “Женоа”га мурожаат қилган, лекин бунга жавобан, Генуя клуби президенти Энрико Прециози мавсум охирига қадар Элдор ўз жойида қолишини таъкидлаганини айтган эди.
Мавсум охирида легионеримиз гол уриш бобида Криштиану Роналду, Ромелу Лукаку, Муриэль каби ҳужумчиларни ортда қолдирганидан кейин Элдорга бўлган ишонч янада ошди. Буёғига “Женоа” уни трансфер қилишга шошилмайди ва нархи янада кўтарилишини кутади.
Бу борада Герман Ткаченко “Женоа” раҳбарияти Шомуродовни ҳали сотмоқчи эмаслигини ҳам билдирди. Уларнинг режасига кўра, келаси мавсумда Элдор Шомуродов ўзини кўпроқ кўрсатиши ва гол уриши учун етарлича ўйин вақти ажратилади. Ҳужумчининг нархи ошганидан кейин бошқа клублар таклифи ўрганилади. Аслида “Женоа” юқори савияли ҳужумчиларни кашф этиш борасида уста жамоа ҳисобланади ва генуяликлар Европа футболига бир қатор машҳур тўпурарларни тарбиялаб берган.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Элдор Шомуродовни қизғин мавсум кутмоқда. Ҳамюртимизнинг ўзи ҳам “Женоа” унга катта жамоаларга ўтишида ўзига хос трамплин бўлишини билади. Шундай экан, Элдорга омад тилаган ҳолда, унинг фаолиятини синчковлик билан кузатишда давом этамиз!
Фикрлар