Турк сериалида роль ижро этган жангчимиз ёхуд Туркия октагонларини забт этаётган ўзбек ўғлони!

Маълумки, бир неча йиллардан буён аралаш жанг санъати бўйича фаолият юритаётган кўплаб юртдошларимиз ҳорижда ўз жангларини ўтказиб келаётган эди. Шукрки, энди бемалол ўз юртимизда ҳам расмий тарзда турнирларда иштирок этилишига, бу борада уларни қўллаб-қувватлаб, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган ташкилотга асос солинди. Яъни Ўзбекистон ММА ассоциацияси ташкил этилганлигини назарда тутаётганлигимни англаётган бўлсангиз керак.

photo_2019-11-26_09-37-48_1

Одатда, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Чехия ва АҚШнинг турли хил промоушенларда ўз жангларини ўтказаётган ватандошларимиз талайгина топилади. Уларнинг жанглари, промоушенлари ва умуман олганда фаолияти борасида кўплаб маълумотларга эгамиз. Лекин яна бир юртдошимиз борки, у айни вақтда Туркияда машҳурлик зинасидан аста-секин юқорилаб бормоқда. Ҳумоюн Ибрагимов ҳақида эшитганингиз бордир... Аммо, у қандай йўлни босиб ўтганлиги, турк заминидаги саргузаштлари борасида эса, биз ушбу суҳбатимиз орқали бироз бўлсада сизларга маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Ҳар бир жангида ўзбек дўпписини бошида, байроғимизни эса қўлида сарбаланд кўтариб чиқадиган ушбу жангчимизнинг ниятлари жиддий!


Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ҳумоюн ҳуш келибсиз! Таклифимизни ижобий қабул қилганингиз учун рахмат.
- Ассалому алайкум. Фаолиятимга бефарқ эмасликларингиз, қолаверса, таклиф учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Келинг, бироз ўзингиз ҳақингиздаги маълумотлар билан бошласак?

- 1994 йил 28 августда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида таваллуд топганман.

- Барибир, қайси спорт тури сиз учун асос бўлганлигини ҳам қизиқ...

- Дастлаб каратэ билан шуғулланганман.

-Қайси йўналиши бўйича?

Киокушинкай.

- “Партер”даги ҳаракатларингиз бошқа спорт турлари билан ҳам мукаммал шуғулланганлигингизни кўрсатиб турибди?

- Тўғри, каратэ ва таэквондо GTF сир-асрорларини Оққўрғонда ўрганганман. Кейинчалик Тошкент шаҳрида Рашид Акалбаев қўл остида кикбоксинг билан шуғулланганман.

- Каратэ, таэквондо ва кикбоксинг... “Партер”га боғлиқлик жойини кўрмаяпман?

-  ???? Дарвоқеа, Туркияга боргандан сўнг, жуи житсудан жиддий сабоқ олдим. Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича кўк белбоғ сохибиман.

photo_2019-11-26_09-53-47

- Туркия варианти қандай пайдо бўлди?

- Бир қатор дўстларим у ерда ишлашар эди. Улар чақиришган.

- Демак, ишлаш учун боргансиз?

- Йўқ. Спортдаги фаолиятимни ривожлантириш учун. Яъни юртимизда ММА га рухсат йўқ эканлиги учун шу йўлни танлаган эдим.

- Барибир муқим ўрнашиб олиш учун молиявий томонлама кўмак керак бўлади. Бу борада дўстларингиз ёрдам бердими?

- Албатта, дўстларим суянч вазифасини ўташди. Қолаверса, боришим билан спортга ўзимни урмадим. Ишладим, мослашиш жараёнлари, молиявий имкониятимни яхшилаш баробарида, машғулотларни ҳам канда қилмадим. Ўзимни бемалол таъминлай олишимга ишончим комил бўлганидан сўнг, жангларимни ўтказа бошладим.

photo_2019-11-26_09-54-45

Агар, сир бўлмаса, пул топиш учун қандай сохаларда ишладингиз?

- Эххе, жуда кўп. Қандай иш бўлса қилавердим. Машина ювиш дейсизми, официантликми, хуллас мехнатдан қочмадим. Шукрки, барчаси яхши бўлди.

- Ният фақат ММА да ўз ўрнингизни топиш ва натижа кўрсатиш бўлган, тўғрими?

Шубҳасиз!

- Унда Россия варинти қулайроқ эмасмиди. Чунки Туркияда ҳам бу йўналиш яхши ривожланмаган, русларда эса кучли промоушенлар мавжуд?

- Тўғри, лекин ривожланиш босқичида. Молиявий имкониятлари ҳам яхши. Қолаверса, туризм яхши ривожланган. Кўплаб машҳурлар ташриф буюришади.

- Россияда Absolute Championship Akhmat , Fight Nights Global, M-1 Global, RCC Boxing Promotions, GFC каби промоушенлар орқали нуфузли Bellator ва  UFC лар эътиборига тушиш осон бўлади. Қолаверса, кўплаб мухлислар аудиторияси кузатарди?

- Эҳтимол тўғридир. Шахсан мен Туркия яхши “трамплин” вазифасини ўтаб беради деб ўйлайман. Айниқса, “ONE Championship” ни ушбу юртдаги промоушенлар ўтказадиган турнирларга эътибори юқори. Бир қатор Туркияда фаолият юритган жангчилар ҳозирда ушбу “ONE Championship” турнирларида иштирок этади.

photo_2019-11-26_09-54-48

- Охо ажойиб... Унда ўзингиз таърифини келтирган Туркиядаги ушбу промоушенларни санаб беринг?

- “King Of warriors”, “Strike fighting championship”, “Legend fighting league”, “We Love MMA”

- Сиз қай бирида ўз жангларингизни ўтказасиз ва қайси вазн тоифасида?

- 70.3 кг вазн ва“Strike fighting championship”, “Legend fighting league”да.

- Бир вақтда турли хил промоушенлар мусобақасида иштирок этишингиз мумкинми?

- Албатта. Келишган ҳолатда.

- Нечта жанг ўтказганлигингизни ҳам айтиб ўтсангиз?

- Профессионал тарзда тўртта жанг ўтказдим. Уларнинг барчасини яратганни инояти билан муддатдан аввал ғалаба билан якунладим. Учтасини биринчи раундда, биттасини иккинчи раундда мағлубиятга учратдим.

- Демак, у ерда ҳаваскор турнирларда ҳам иштирок этгансиз?

- Албатта.

photo_2019-11-26_09-49-31

- Умуман туркиялик мураббийлар эътиборига қай тарзда тушиб қолдингиз. Яъни, мусобақаларга ўз-ўзидан қатнашишнинг имкони йўқку?

- Тўғри, мен мураббийим Мурат Казганнинг олдига бориб, синаб кўришни илтимос қилганман. Ҳаракатларим ёқиб қолиб, мен билан жиддий равишда шуғуллана бошлади.

Янглишмасам Туркияда ҳам ММА га расман рухсат берганлигига кўп бўлмади. Бу борада маълумот бера оласизми?

- Албатта. 2005 йилдан ривожлана бошлаган. Айниқса, Гекхан Саки UFC да ўз жангларини ўтказа бошлагандан кейин оммавийлиги янада ошиб кетди. Қудратли компаниялар пул тика бошлади.

- Қайси компаниялар?

- Умумий тарзда айтаман. Қурилиш борасидаги мега ташкилотлар ва телевидения.

- Туркияда сизни бошқа ном билан аташларига гувоҳ бўлдим?

- ???? Ҳа, балки Ҳумоюнни айтишга қийналишар. Эмир деб аташади. Яъни, буюк соҳибқирон бобомиз шарафига Амир Темур авлоди дейишади.

photo_2019-11-26_09-49-29

- Жангга чиқиш ва якунда бошингизда  дўппимиз ва қўлингизда байроғимизни кўтариб юришни канда қилмайсиз. Ўзбек ашулалари остида ҳам октагонга чиқиб келишни режалаштираяпсизми?
 
-
Бир маротаба "Медирман ўша" қўшиғи билан чиқдим. Сўнги жангимда, мухтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳамда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сўзлари остида чиқиб келдим. Бу менга ўзига хос мотивация беради.

- Августдаги жангингиз якунида бўлажак рақибингиз Жалол Ҳасани октагонга чиқиб келди ва у билан жанжалли ҳолат юзага келганди. Аслида бунга сабаб нима эди?

-  Бу аввалроқ юзага келганди. Мен унга бир неча бор жанг қилишни таклиф қилганман. У бўлса бу тўқнашувдан қочди. Лекин “Қўрқоқ олдин мушт кўтарар” қабилида мен бу жангдан қочаётганимни ёзди. Ўша жангимда яъни Ботухан Акдуман билан учинчи жангимдан аввал, кийиниш хонасига кириб, руҳий босим ўтказишга ҳаракат қилиб кўрди. Кейин, аввалги жангимдан сўнг, бевосита октагондаги кўз уриштириш маросимида мени туртиб юборганди. Ботухонни мағлубиятга учратганимдан кейин сўз олиб, менга ушбу баҳсни ташкиллаштириб беришларини, чарчамаганимни, ҳозир уришишга ҳам тайёр эканлигимни айтдим. Шундан кейин у октагонга чиқиб келди ва ўзига тегишли “насибасини” олди.

photo_2019-11-26_09-49-49

- Нимага ушбу озарбайжонлик рақибингиз билан принципиал қарама-қаршилик юзага келган?

- Шунчаки, мен ҳозир ўз вазнимда рейтинг етакчисиман. Ҳозирча чемпион йўқ. У билан ушбу титул учун жанг ўтказишимиз керак. Шунинг учун, шундай вазият юзага келган. Аслида, аввал менда хеч қандай хусумат бўлмаган. У буни юзага келтирди.

- У ҳақидаги ғазаб билан гапиришингизга қараганда октагонда қулатиб, зарбалар берганиздан афсусланмайсиз?

- Асло, яна шундай воқеа юзага келса, ундан баттар қилган бўлардим.


- Айтингчи, Туркияда ҳар иккингизни кўзга кўринган жангчи сифатида билишади. Аслида, турк заминида қай биринглар кўпроқ мухлисга эгасизлар?

- Шубҳасиз, Ҳумоюн Ибрагимовни мухлислари кўп. ????

- Бунга қандай мисол келтиришингиз мумкин?

- Шунчаки қарсаклар, олқишлар ҳам яққол мисол бўла олади.

- Турк сериаллари юртимизда машҳур бўлиб бормоқда. Бош роль қаҳрамонлари ҳам.. Турк шоу-бизнес оламида танишларингиз борми?

- Кўпчилигини танийман. Лекин яқин муносабатга эга эмасман. Қизиғи, “Seni Kimler Aldı” сериалидаги эпизодда иштирок этганман.

- Спортчи сифатидами?

- Йўқ. Официант бўлиб. Спортчи бўлиб бошқа сериалда иштирок этишимни ҳам сўрашган, лекин рад этганман. Чунки, жангларга ҳозирлик кўраётгандим. Сёмкалар эса кўп вақт олиши барчага маълум. Қолаверса, мени ниятим фақат спорт билан боғлиқ.

[ev

- Ўзбек ММА олами вакилларидан кимлар билан  ўзаро фикр алмашиб турасиз?

- Нурсултон Рўзибоев, Маҳмуд Муродовлар билан дўстона муносабатга эгаман. Умуман барчаси билан яхши алоқадаман.

- Жаҳон ММА оламида кимга тақлид қиласиз ёки услубларингиз кимникига ўхшаб кетади деган фикрдасиз?

- Бирортасига тақлид қилмайман. Лекин аксариятининг яхши жиҳатларини олиб, ўзимда мужассамлаштиришга ҳаракат қиламан. Ўхшашлик борасида эса, Исраэль Адесаньянини айтишим мумкин.

- Мана Тошкентда GFC турнири ўтказилди. Расман ассоциация тузилди. Энди фаолиятингизни шу ерда олиб борасизми?

- Албатта, бундан жуда хурсанд бўлдим. Бу турнир бўлишини ҳам билардим. Лекин 15 ноябрь куни жангим бўлганлиги сабабли бу турнирда қатнашиш имконияти йўқ эди. Куни кеча Ўзбекистон ММА ассоциацияси раҳбари Отабек ака Умаров билан гаплашдим. У инсон навбатдаги турнирларда иштирок этишимни айтди. Ўз ўрнида ишонч билдираётганлиги учун катта рахмат айтмоқчиман.

- Барибир суҳбат якунида келажак режалар билан ўртоқлашиш анъанага айланган...

- Бош мақсадим, ватаним шаънини муносиб ҳимоя қилиш, қолаверса, юртимизда ўз жангларимни ўтказишдир. Қолаверса, ўзим туғилиб-ўсган Оққўрғон туманида ўзимнинг шахсий клубим ва спорт мажмуамни очмоқчиман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун рахмат. Барча орзуларингиз амалга ошишига тилакдошмиз!

- Рахмат!

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Абдулбосит
27/11/2019 12:06
Ассалому алайкум хайрли кун бу спортчи хакида коп яхши гапла эшитвомиза ютукла хаваскорла ва проф ортасида болгани бн жангларини кузатдик профиссионал тарзда жанг отказвоттила харакатлари тез ва озига болган ишонч билан килинган харакатлари бизани кейнги жанг качон болиши хакида кизикишимизага олиб келди Ин Шаа Аллох кузатиб борвомиза якин кунлада яна ютукларга эришишларига тилакдошмиз юртимиз байрогини озга юртларда баланд котарганликлари учун Хумоюн Ибрагимовга чукур хурмат бн миннатдорчилик билдирамиза!
Аллох хивзу химоясида сакласин