Тухелни ҳайратга солган ўйинчи “Челси”га келади

Таниқли журналист Жейкоб Стейнберг “Челси” мавсум бошида ижарага жўнатиб юборган Конор Галлахер Англия премьер-лигасидаги ўйинлари билан “аристократлар” бош мураббийи Томас Тухелни ҳайратга солганини маълум қилди.

Германиялик мутахассис ёш ўйинчини ёзда клубга қайтаради ва асосий таркибга жалб қиладиган бўлди.

Конор Галлахер қисқа фурсатда “Кристалл Пэлас” етакчисига айланди ва Англия терма жамоасидан чорлов олди. Айни пайтда “Кристалл Пэлас” ва премьер-лиганинг бир неча клублари Конорнинг трансфер ҳуқуқини “Челси”дан тўлиқ сотиб олишга ҳаракат бошлаган.

Шунга қарамай, “Челси” ўз тарбияланувчисини сақлаб қолмоқчи. Бу борада Галлахернинг мақсади клубники билан муштарак. Ёш ўйинчи асосий жамоага қўшилишни истаяпти.

Галлахер жорий мавсумда премьер-лиганинг 19 та учрашувида рақиблар дарвозасини етти маротаба ишғол қилди ва жамоадошларига учта голли пас оширди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!