УЕФА 2027 йилги сайловларда Жанни Инфантинони ФИФА президенти лавозимидан четлатмоқчи
Футбол бўйича мустақил таҳлилчи ва журналист Ромен Молина маълум қилишича, УЕФА доирасидаги айрим нуфузли раҳбарлар 2027 йил март ойида бўлиб ўтадиган сайловларда ФИФА президенти Жанни Инфантинони лавозимидан четлатиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда.
Манбага кўра, бу ғоя фақат Европада эмас, бошқа қитъа конфедерациялари ичида ҳам муҳокама қилина бошлаган. Бунга АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогунга нисбатан дисквалификацияни тўхтатиб туриш қарори туртки бўлган. Балогун Босния ва Герцеговинага қарши Жаҳон чемпионати–2026 1/16 финалидаги ўйинда (2:0) майдондан четлатилган эди.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида ёзилишича, Вашингтондаги Оқ уй тўғридан-тўғри Жанни Инфантино билан боғланиб, ушбу иш бўйича қарорга таъсир ўтказишни сўраган.
«Бир неча вақтдан бери УЕФАдаги қатор юқори лавозимдаги шахслар Инфантино рақобатини қабул қила оладиган номзодни тайёрлаш бўйича кулуар ишлар олиб бормоқда.
Инфантино Трамп манфаатларига мос келадиган қарор қабул қилгандан сўнг, дунё футболидаги бошқа етакчилар – фақат Европада эмас – ҳам альтернатив номзод қидириш ғоясини муҳокама қила бошлади. Улар «бу ҳолат шундай давом эта олмайди» деган фикрда», – дейилади хабарда.
Жанни Инфантино 2016 йилдан буён ФИФАга раҳбарлик қилиб келмоқда. У 2019 ва 2023 йилларда ҳам президентликка қайта сайланган.
УЕФА Балогунга нисбатан жазони бекор қилиш қарорига муносабат билдириб, қуйидаги баёнотни эълон қилди: «Биз бу мисли кўрилмаган, тушунарсиз ва асоссиз қарорга ишонч билдира олмаймиз. У қабул қилиб бўлмайдиган чегарани кесиб ўтди».
АҚШнинг Бельгиядаги элчиси эса Балогун иши юзасидан шундай деган: «Трамп ФИФА ишига аралашмаган бўларди. Кўпчилик учун Балогуннинг майдондан ҳайдалиши асоссиз экани аён. Қарорларни қайта кўриб чиқиш адолатни таъминлаш нуқтаи назаридан фойдали».

Фикрлар