UFC ни кўзлаётган ҳамюртимиз GFC чемпионлик камарини қўлга киритди
Бугун, Россиянинг Самара шаҳрида аралаш жанг санъати бўйича GFC турнири бўлиб ўтди. Биз учун аҳамиятли жиҳати эса, мазкур турнирда юртдошимиз Лилия Шакирова енгил вазн тоифасидаги чемпионлик камари учун октагонга чиқди. У аслида эквадорлик Германия Ласкано билан жанг ўтказиши керак эди. Лекин Ласкано турли хил сабабларга кўра, Россияга кела олмаслигини билдирганидан сўнг, ушбу чемпионлик камарига навбатдаги даъвогар қирғизистонлик Айгул Абдуфаши ҳамюртимизнинг рақибасига айланди. Жанг иккинчи раундда муддатидан аввал техник нокаут эвазига тўхтатилди. Ушбу натижанинг муаллифи эса Лилия Шакирова бўлди. У бир неча бора қирғизистонлик спортчини қийин аҳволга солиб қўйди ва охир-оқибат ҳакам жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Мазкур чемпионлик Лилияни UFC га янада яқинлаштирди.
Фикрлар