Улар ҳали буюк клуб эмас! Бунинг учун нима қилиш керак?
Европада кўплаб кучли жамоалар мавжуд, аммо уларнинг барчаси ҳам элитадаги грандлар қаторида тилга олинмайди. Бунга биринчи сабаб, Европа Чемпионлар Лигасида бош совриннинг клуб музейида йўқлиги. Хўш, айни дамда қайси клублар бу борада омадсиз? Бугун шу ҳақида сўз боради.
Уддалай олмаган «Арсенал»
Арсен Венгер жамоага келгач, Лондон клуби Англиядаги биринчи рақамли кучга айлана бошлади. Француз қисқа муддат ичида кучли таркибни шакллантирди. Янги даражага олиб чиқди. Венгер қаторасига 19 бор жамоаси билан ЕЧЛда иштирок этди, аммо унинг олтин медалларига эга чиқишни уддалай олмади. 14 бор плей-оффда ўйнаганига қарамай, таркибида Анри, Кемпбелл, Бергкамп, Виейра сингари ижрочилари бор жамоа бош соврингача етиб боролмади.
«Арсенал» совринга 2006 йилда жуда яқин келганди. Финалга қадар «Реал» ва «Ювентус»ни мусобақадан чиқариб юборган «канонирлар» ҳал қилувчи ўйинда «Барселона»га имкониятни бой берди. «Стад Де Франс»даги оқшом Лондон клуби тарихидаги энг омадсиз кеча бўлди. Йенс Леманнинг эрта қизил карточка олиши ўйин картинасини буткул бузиб қўйди. Бир киши кам бўлишига қарамай, «Арсенал» 76-дақиқага қадар ҳисобда олдинда борди. Кейин 5 дақиқа ичида «Барса» иккита гол уриб, воқеалар ривожини бошқа томонга буриб юборди. Ўша финалдан сўнг, ер юзида Арсен Венгердан тушкун кайфиятдаги инсон йўқ эди. Мураббий ўз жамоасининг энг қудратли таркиби билан ҳам ЕЧЛда зафар қучишга муваффақ бўла олмагач, қўлларини тушириб юборди. «Арсенал» эса, бошқа ҳеч қачон 2006 йилги қудратга эга бўлгани йўқ.
«Атлетико» ва уч карра омадсизлик!
«Арсенал» доимо чемпионларга хос футбол намойиш этган, аммо «Атлетико» ёпиқ ўйин билан ҳам ЕЧЛда зафар қучиши мумкин эди. Мадрид клуби доимо ўз имкониятларидан максимум наф чиқариш эвазига кучли жамоалар иродасини «синдириш»га ўрганган.
Жамоа илк бор 1974 йилда Европа чемпионлар кубоги финалида тўп суради. Луис Арагонес «Бавария» дарвозасини ишғол қилиб, жамоаси ҳисобда олдинга чиқади, бироқ 114-дақиқада урилган гол ҳам «Атлетико» Мадридга халқаро совринни тақдим эта олмайди. 120-дақиқада Шварценбек ҳисобни 1:1 кўринишига келтириб қўяди. У пайтлари пенальтилар серияси ҳали футбол қоидаларига киритилмаган эди. Шу боис, иккинчи ўйин белгиланади. 2 кундан сўнг, захира ўриндиғи кенг «Бавария» камтарин «Атлетико»ни 4:0 натижаси билан уйига равона қилади.
40 йилдан сўнг, «Атлетико» яна бир бор финалнинг сўнгги дақиқаларида ўз дарвозасидан тўп олиб чиқади. Серхио Рамос «Реал»ни финалда яна 30 дақиқа қолишини ўз голи билан таъминлайди. Қўшимча бўлимларда «Реал» 3 гол киритиб, ўйинга нуқта қўяди. Бундан 40 йил илгари бўлган воқеа яна такрорланади. Бир дақиқагина дарвозасини ҳимоя қила олмаган жамоа йирик ҳисобда мағлубиятга учрайди.
2016 йили Мадрид клуби яна «Реал» билан финалда тўқнаш келади. Бу сафар Диего Симеоне анча эҳтиёткор бўлади, лекин пенальтилар сериясида омад «Қироллик клуби» томонида бўлади. Ачинарлиси шундаки, «Атлетико» ўз финалларининг бирортасида рақибдан кучсиз тўп сурмаган. Ҳар сафар аламли тарзда ўтказиб юборилган голлар сабаб, кубокдан мосуво бўлган. Агар ўша финалларда ғалаба қозонилганида, жамоа музейидаги ЕЧЛ совринлари сони «Манчестер Юнайтед» ва «Интер»ники сингари 3 тани ташкил этиши аниқ эди.
Вазиятни қўлдан бой берган ПСЖ
XXI асрда «бойиб» кетган Париж клуби «Бавария», «Реал» ва «Барселона» даражасига кўтарилишга ҳаракат қилмоқда, аммо Европа чемпионлар лигасининг ҳал қилувчи босқичида мусобақани тарк этмоқда. Араб шайхларининг пуллари келганига қарамай, бир неча йиллар давомида клуб тарихидаги энг яхши натижа 1994/95 йилги ярим финал бўлиб турди.
Ўтган мавсумда жамоа финалга қадар етиб борди. Энди эса, «Бавария» ва «Барселона» сингари қудратли клубларни «ўйиндан ташқари ҳолат»да қолдирди. Почеттино келгач, жамоанинг ички биринчиликдаги ишлари орқага кетди. Шунга қарамай, аргентиналикдан ҳамма хурсанд. Сабаби, у клуб олдига қўйган энг улкан мақсад - ЕЧЛ олтин медаллари сари дадил қадам ташламоқда.
«Манчестер Сити» юқорига интилаётган ҳаракат
«Шаҳарликлар» атиги 11 бор мусобақада иштирок этган. Бу замонавий грандлар орасидаги энг ёмон кўрсатгкич. Ҳозирча, жамоа эришган энг катта ютуқ ярим финал бўлиб турибди. Пеп Гвардиола жамоага таклиф этилгач, ички фронтдаги барча совринлар қўлга киритилди.
Негадир, халқаро аренадаги энг нуфузли мусобақа - ЕЧЛ Гвардиоладан аразлаган. Акс ҳолда, «Лион», «Монако», «Тоттенҳем» сингари жамоаларни унинг шогирдлари бемалол доғда қолдириши лозим. Даража борасида, «Сити» бу жамоалардан ўзиб кетган, аммо ҳал қилувчи ўйинларда сўнгги зарбалар панд бермоқда.
ПСЖ билан тўқнашув жуда кўп воқеаларга ойдинлик киритиб беради. "Манчестер Сити" учун Европа тахтига кўтарилиш учун бундан қулай вазият ҳали бўлмаган.
Фикрлар