"Уларни ёшида бу нарсани ўргатмаслик керак" - Андижонга 6 нафар етакчисини олиб келмаган Тимур Кападзе нимани назарда тутди?
Бугун Андижондаги “Бобур Арена” стадионида Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичида “Андижон-II” жамоаси Тошкентнинг “Олимпик” клубини қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдан сўнг, “Олимпик” устози Тимур Кападзе саволларимизга жавоб қайтарди.
- Биринчи навбатда Андижон жамоасини ғалаба билан табриклайман. Болалар яхши ҳаракат қилишди ва охиригача курашишди. Жамоамизга келсак, қаердадир ўйинимиз чиқмади, голда ҳам деярли ўзимиз хато қилдик. Вазиятлар яратишга ҳаракат қилдик. Бу масалада деярли қийналдик. Балки футболчиларим рақибни менсимагандир ёки яхши тайёрлана олмагандир. Аммо биз бу учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик.
- Бугунги учрашувда нима учун асосий таркиб ўйинчилари майдонга туширилмади?
- Ўйинлар зиқ. Терма жамоа билан бориб келдик, кейин яна сафарлар. Мана шу сафарлар бизни анча қийнаб қўйди. 6 та футболчимизни Тошкентда қолдирдик, кейинги ўйинларга тайёрланиш учун. Мен учун ҳаммаси тенг. Жамоамда барча футболчиларга имконият берилади. Улар фақат ўйинлар орқали ўсади. Тўғри, камчиликлари, хатолари бўлади. Аммо бунинг устида ишлаймиз.
- Бугунги учрашувда ҳимоячилар кўп хатога йўл қўйди...
- Ҳа, бу бор нарса. Ишлаймиз. Бу ерда руҳий фактор ҳам, жисмоний фактор ҳам бор. Рақиб жамоани босими ҳам бор. Ўйинни кўрамиз ва хулоса чиқарамиз. Камчиликларни бартараф қилишга ҳаракат қиламиз.
- Суперлигадаги “Олимпик” бошқача эди, бугун танимадик. Боя 6 нафар футболчини Тошкентда қолдирганингизни айтдингиз. Балки мураббий сифатида ўзингиз ҳам Кубок баҳсларига жиддий қарамаяпсизми?
- Ҳаракат қилдик, тайёргарлик кўрдик. Мен ҳам кеча кечаси келдим. Чунки про лицензияси учун ўқиётгандим. Нима бўлишидан қатъи назар, ўйинчиларимиз бундан ҳам яхшироқ ўйнай оладилар, буни биламан. Лекин негадир йигитлар ўз имконияти даражасида ўйнамади. Биламан, бундан ҳам яхши ўйнай оладилар. Буни устида ишлаймиз ва гаплашамиз. Ўйинни яна кўриб чиқамиз.
- Аслида Кубокда жамоанинг мақсади қандай?
- Нафақат Кубок, ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш. Футболчиларни ўстириш ва максимал натижани қўлга киритиш вазифаларимиздан бири. Ҳатто, бу рақибимизни ўйинини кўрмадик ҳам. Ютуб орқали кўргандек бўлдик, аммо яхши эмасди. Лекин биз ҳар тарафлама яхши ўйнашимиз ва ғалабани қўлга киритишимиз керак эди. Яна иккита учрашувимиз бор. Албатта, ғалабалар қозониб, Кубокдаги юришимизни давом эттиришимиз керак.
- Рақиб сафида қайси футболчи яхши ўйин кўрсатди?
- Рақиб жамоа деярли узатмалар орқали эмас, юқоридан тепиб ўйнашди. Бошқа тактикада ўйнади. Имкониятларга эга бўлди. Олдинги чизиқдаги ҳужумчиси ёмон эмас. Уларни услуби комбинация орқали эмас, узун паслар орқали ҳаракат қилдилар. Кимнидир ажратиш қийин. Жамоавий яхши ҳаракат қилдилар. Иккинчи бўлимда кўп ётиб олдилар. Балки бу жисмоний тайёргарлик билан боғлиқдир. Менимча, уларни ёшида бу нарсани ўргатмаслик керак. Агар кучи етмаётган бўлса, бу нормаль ҳолат. Тўғри, улар учун ғалаба керак эди. Ғалаба учун ҳамма нарсани қилишди. Охиригача ишлашди. Майли, ўйин чўзилди, қандайдир айёрликларни қилдилар, бу футболда бўлиб туради. Мезбонларни ғалаба билан табриклайман.
Фикрлар