Улуғбек Бақоев: "Бу саволга жавоб беришим учун клубнинг ичида бўлишим керак"

“Бухоро” клуби Суперлиганинг қолдирилган 8-турида Наманганда “Навбаҳор”га қарши майдонга тушди.

Ўтган сафар ўз уйида водийнинг бошқа бир клуби – “Андижон”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, бу гал худди шу ҳисоб билан “Навбаҳор”га мағлубиятга учради.

Ўйиндан сўнг “Бухоро” устози Улуғбек Бақоев мағлубият сабаблари ҳақида фикр билдирди.

- Бугун кўрдик, Ўзбекистоннинг иккита жамоаси, яъни, икки хил мақсади бўлган клублар майдонда тўп суришди. Барчамизга маълумки, “Навбаҳор”нинг асосий мақсади чемпионликни қўлга киритиш. Бизнинг мақсадимиз эса Суперлигада жон сақлаб қолишдан иборат. Ўйлайманки, ўйин яхши ва қизиқарли тарзда ўтди. “Навбаҳор” тўпни ўз назоратида ушлади. Жамоада кўплаб стандартлар ҳамда вазиятлар бўлди. Ҳа, бизда ҳам бундай ҳолатлар юз берди. Бу вазиятлардан фойдаланишимиз мумкин эди. Лекин бундан унумли фойдалана олмадик, “Навбаҳор” эса аксинча, гол урди. Уларни ғалаба билан табриклайман. Кейинги ўйинларда омад тилайман. Суперлига ва Осиё Чемпионлар лигасидаги учрашувларда “Навбаҳор”га муваффақият тилайман. ОЧЛда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Шунинг учун халқаро майдонларда бу клубга мухлислик қиламиз.

бақоев_1

- Жамоангиз учрашув бошлариданоқ вақт чўзишни бошладилар. Бу сизнинг кўрсатмангизмиди?

- Кўрдинглар, марказий ҳимоячимизни алмаштиришга мажбур бўлдик. Кейин ҳужумчимиз Касьянни ҳам ўзгартиришимизга тўғри келди. Бу ерда иссиқ ҳавони ҳам ҳисобга олиш керак. Шу сабабли тўхталишлар бўлган бўлиши мумкин. Лекин ўйинни чўзиш, атайлаб йиқилиб олиш каби вазифаларни бермаганмиз. Иккита мажбурий ўзгаришга қўл урдик ва ҳаво иссиқлиги учун ўйин чўзилганга ўхшаб кўринган бўлиши мумкин. Аммо биз атайин вақт чўзишга ҳаракат қилмадик ва бундай топшириқ ҳам бўлмаган.

- Шохруз Норхонов илгари қўл остингизда ўйнаган. Бу йил “Навбаҳор”да унинг ўйини “очилиб” кетмаяпти. Сизнингча, унга нима етишмади, деб ўйлайсиз?

- Бу борада аниқ фикр билдира олмайман. Бу саволингизга жавоб беришим учун клубнинг ичида бўлишим керак. Кўришим ва вазиятни билишим лозим. У маҳоратли ҳужумчи ва ҳамма жамоага киришиб кета олади. Ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин. Юқорида таъкидлаганимдек, жамоа ичидаги ҳолат бўйича бирор нима дея олмайман. Балки мослашиш жараёни қандайдир қийин кечаётгандир ёки босим бордир. Шуни биламанки, Норхонов юқори даражадаги ҳужумчи.

бакоев1_4

- Учрашувдан аввал “Навбаҳор”ни ўргангансиз. Бу клубдан қандай ўйин кутгандингиз?

- Келинглар, тан олайлик, “Навбаҳор”нинг ҳар бир чизиғида топ ўйинчилар жамланган. Ҳаммаси тажрибали футболчилар. Жамоани ўзига яраша талаблари бор. Қолаверса, улар ўз уйида ўйнади. Тўғриси, наманганликлар бугунги учрашувда руҳий тарафдан хам устун эдилар. Аммо жисмоний жиҳатдан тенг курашлар остида ўтди, деб ўйлайман. Нима бўлганда ҳам биз мағлубиятга учрадик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!