Умарбек Эшмуродов: “Шўртан”га жуда боғланиб қолган эдим

 

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, жамоамизнинг иқтидорли ёш футболчиларидан бири, ҳимоячимиз – Умарбек Эшмуродов воҳамизнинг яна бир клуби “Насаф” машғулотларида иштирок этишни бошлаган эди.

Қуйида эътиборингиз учун ушбу футболчимиз ҳақида қисқача маълумотларни ҳавола этамиз.

Умарбек Эшмуродов, 1992-йилнинг 30 ноябрь куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманида таваллуд топган. Умар илк футболчилик сир-асрорларини футбол мактабида Умар Раҳматуллаевдан ундан сўнг эса Қарши шаҳридаги Олимпия заҳиралари коллежидаги Ўткир Ҳолиқов каби устоз ва мураббийлардан ўрганди.

Кейинги хаёт йўли уни “Шўртан” ПФК қошида фаолият қўрсатаётган болалар ва ўсмирлар футбол мактабига бошлади. Бу ерда у тажрибали Виктор Алешников, Сеид Сеидов, Эркин Мирзаев ва Ихтиёр Каримов каби мураббийлар қўли остида футбол сабоқларини янада мукаммал равишда ўзлаштиришга эътибор қаратди.

“Шўртан” жамоасидаги асосий фаолиятини эса 2012 йилда, ёшлар таркибида бошлаган. Ушбу иқтидорли ёш футболчи жамоамиз мураббийларининг диққат эътиборини, ишончини қисқа муддат ичида қозонди ва ўзнинг тартибли ўйини ва яхши ҳусусиятларини намоён эта олди. Орадан кўп ўтмай, аниқроғи, 2013 йилги мавсумнинг иккинчи ярмидан “оқ бўрилар”нинг асосий таркибида мунтазам иштирок этишни бошлади.

2014 йилда, “Шўртан” биринчи лигага тушиб кетган чоғларида ҳам, жамоага содиқ қолган ҳолда Ғузор футбол клуби шаънини муносиб ҳимоя қилди.  У ҳатто ўша йили биринчи лигада асосий рақобатчилардан бири бўлган “Зомин” (Зомин) жамоаси билан сафарда кечган учрашувда ғалаба тўпини ҳам ўзи киритишга муваффақ бўлган. 2015 йилда яна жамоа билан олий лигага қайтди.

2016-2017 йилдаги мавсумларда чемпионат доирасидаги учрашувларда рақиб дарвозаларига 4-та гол уришга ҳам эришди. Қизиқарлиси шундаки, ушбу голларни барчасини Эшмуродов пойтахт клублари дарвозасига киритган. Булар, 2016 йилда “Бунёдкор” – “Шўртан” ва “Обод” – “Шўртан” бўлса, 2017 йилда жамоанинг “Бунёдкор” ва “Локомотив”га қарши уй учрашувларида 1тадан гол киритишга эришган. Унинг урган голлари ҳам шунчаки эмас, балки бир-биридан чиройли эди.

Клубимиз муҳлисларининг “кумири”га айланиб улгурган ва нафақат жамоадошлари орасида балки барча футболчилар ичида ҳам ўз ўрнига эга бўлишга эришган Эшмуродов эндиликда “Насаф” таркибида тўп сурадиган бўлди.

Фурсатдан фойдаланган ҳолда, футболчимиз янги жамоада ўзини қанчалик қулай ҳис қилаяпти, унинг кўнглида қандай кечинмалар ўтмоқда? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Умар Эшмуродовни суҳбатга тортдик.

Умар аввало “Насаф” жамоаси таркибига бориб қўшилганингиз ҳақида бир оғиз сўзлаб берсангиз...

- «Насаф» мамлакатимизнинг олд жамоаларидан бири. Бу жамоада хар қандай футболчи ҳам ўйнашни хоҳлайди. Аммо бу жамоага ўтишимнинг асосий сабаларидан бири бу иккала жамоа бошлиқларининг истаги бўлди. “Шўртан” раҳбарияти ўсишим ва малакамни оширишим зарурлигини, имкониятларимни кучлироқ жамоада синаб кўришимни, юксакроқ марраларни забт этишим ва бунинг учун “Насаф”дек жамоада ўзимни синаб кўришим лозимлигини таъкидлаб, мени ушбу қарорни қабул қилишга ундади десам муболаға бўлмайди.

Ғузорликлар таркибида анча муддат фаолият юритдингиз. Агар муҳлислар орасида Игорь Таран “Шўртан” жамоасининг “рамзи”га айланган бўлса, Сиз “Оқ бўрилар”нинг ҳақиқий “устуни”га айланишга улгурдингиз. Хабаримиз бор, бу Сизнинг биринчи трансферингиз. “Насаф” жамоасига ўтганингиздан сўнг кўнглингиздан нималар ўтмоқда? Янги жамоада ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?

- Албатта бунинг учун авваламбор Ғузорлик муҳлисларимга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Албатта хар бир футболчи аввало муҳлис учун ўйнайди. “Шўртан”да ёшлигимдан ўйнаганман ва бу жамоага жуда ҳам боғланиб қолганман, аммо хаёт шуни тақозо қилди. Шундай бўлсада,  “Насаф” яхши жамоа тезроқ кўникишга ҳаракат қиламан. Яна шуни айтмоқчиманки, “Шўртан”ни ва унинг муҳлисларини ҳеч қачон унутмайман.

Қаршиликлар жамоасидаги шарт-шароитлар, ички муҳит, мураббийлар ҳақида нима дея оласиз?

- “Насаф” жамоасининг шароитлари ва ички муҳити жуда ҳам яхши. Мураббийлар ва футболчилар ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳам жуда дўстона ва илиқ. Бу жамоадаги кўпчилик футболчиларни ёшлигимдан танийман ва биламан. Бундан ташқари, “Насафда” футболчи ўзини иложи борича эркин ҳис қилиши учун барча қулайликлар ва ажойиб муҳит яратишга ҳаракат қилишади.

“Насаф” ўзбек футболида ўз ўрни, обрў-эътибори ва мавқеига эга жамоа ҳисобланади. “Аждарлар” доимо ўз олдиларига жиддий мақсадларни қўйишади. У хоҳ чемпионат ёки Кубок баҳслари ва халқаро мусобақалар бўлсин. Бундан кейинги фаолиятингизда Сизни янги, юксак марралар кутмоқда. Ушбу маъсулиятли вазифалар амалга ошишида янги жамоангизга қанчалик даражада ёрдам беришни ният қилгансиз?

- Тўғри, ҳақиқатдан ҳам бу жамоа билан чемпион бўлишим, ёки совриндор бўлишимни жуда яхши тушунаман. Олдимда қўйиладиган хар бир вазифани сидқи дилдан, виждонан бажаришга ҳаракат қиламан. Ўз устимда ишлашга, янги жамоамга фойдам тегишига ва унга қўлимдан келгунча кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Сўнгги ўйинингизни “Насаф” жамоасига қарши ўтказган эдингиз, бугун эса “аждарлар” таркибида бошқа бир рақибга қарши майдонга тушдингиз. Иккала жамоа ўртасидаги ўйинларингизни фарқи ҳақида нима дея оласиз?

- Иккала жамоада ҳам бир ҳил ўйин намоиш этдим деб ўйлайман. Ўйин услубим ўзгарди деб ҳисобламайман. Тўғри, “Насаф” ва “Шўртан” жамоаларининг машғулот жараёнларида ўзига яраша фарқ мавжуд. Шундай бўлсада, янги жамоамнинг машғулотларига осон киришиб кетдим.

Ҳурмат қиладиган, яхши кўрадиган инсонларингизга дил изҳорингиз...

- Авваламбор мани тарбиялаб вояга етказаган, футболга кириб келишимга ва бугунги мавқеимга эришишимга асосий сабабчи бўлган дадамга, менга маслаҳатлари ва кўрсатмалари билан катта дарс берган, ўрнак бўлган устоз мураббийларим ва шунчаки яхши инсонлар Умар Раҳматуллаев, Ўткир Ҳолиқов, Икром Норчаев, Ихтиёр Каримов, Эркин Мирзаев, Виктор Алешников, Сеид Сеидов, Аллаёр Расулов ва ҳозирги кунгача мени қўллаб қувватлашда давом этаётган оила-аъзоларимга, дўстларимга ва қадрдон муҳлисларимга “Шўртан” жамоасининг хар бир ишчи ҳодимларига, ошхона, стадион ва маъмурият ҳодимларига каттадан катта раҳмат айтмоқчиман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!