Умид Аҳмаджонов: Рақобат бор жойда юксалиш бўлади

 

Бугун, 13 март куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистонда спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган катта йиғилиш бўлиб ўтди.

Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиеёвнинг спорт соҳасида давлат бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида кўрсатилган вазифаларни тартибга солиш мақсадида, МОҚ Олимпия захиралари коллежлари раҳбариятини бир жойга йиғди. Тадбирда шунингдек, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари, республика спорт федерация ва ассоциациялар раҳбарлари иштирок этишди. 

Йиғилишни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, унинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов ва МОҚ Бош котиби Жасур Матчановлар ҳам иштирок этган мажлисда Олимпия захирлари коллежлари ва спорт федерациялари билан келишган ҳолда у ердаги қабул квоталарини ўша худуддаги талабдан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқишга асосий эътибор эътибор қаратилди.

“Квоталарни талабга қараб белгилашимиз лозим. Спорт турлари бўйича ўринлар ҳам шунга қараб тақсимланади. Боксга қизиқадиган ёш спортчини мажбурлаб волейбол йўналишида ўқитмаймизку. Шунинг учун, коллеж вакиллари федерация билан келишган ҳолда талабга қараб буни қайта кўриб чиқишлари керак. Федерация раҳбарлари қайси вилоятда ўз спорт турини ривожлантириш бўйича истиқбол кўрмоқда? Бугун бу борада улар ўз таклифини берадилар", - деди Умид Аҳмаджонов.

“Айрим коллежларда 29 та спорт туридан сабоқ берилади. Хўш, уларнинг ҳаммасида дарслар, машғулотлар юқори савияда ташкил этилади деб айта оламизми? Қандай қилиб битта коллеж 29 та турни ривожлантириши мумкин? Андижонда кўргандик, волейбол учун ҳар йили 3 та ўқувчи қабул қилинади. Аслида волейболни 6 киши ўйнаса, яна захира ўйинчилари бўлса, 3 та спортчи билан нимани ривожлантирмоқчимиз? 

Энди коллежларни минтақаларга бўламиз. Бокс, дзюдо ва яккакураш спорт турларига бўлган талаб юқори, уларни балки Олимпия захиралари колежларининг ҳаммасида қолдириш мумкиндир. Бироқ ривожланишда оқсаётган спорт турлари бўйича марказ вужудга келиши керак. Андижонда 3 та, Фарғонада 3 та, Наманганда 3 та волейболчи ҳеч нарсага эришмайди. Уларни бутун водий бўйлаб бирлаштиришимиз ва машғулотлар савиясини оширишимиз керак. Олимпия захиралари коллежлари спортни оммалаштириш билан умуман шуғулланиши керак эмас. Давлатимиз раҳбари бу ишни мактаблардан бошлаш кераклигини кўрсатиб ўтдилар. Коллежлар эса ўз номи билан терма жамоанинг захираси ва базаси бўлади ва унда фақатгина моҳир спортчи ёшлар жам бўлиши шарт. Ана шундагина колежларда фақат етук ва иқтидорли спортчилар вояга етади. Бу энг аввало ёшлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиради. Рақобат бор жойда эса, юксалиш бўлади” – деб ўз фикрини давом эттирди МОҚ Президенти.

Ўз навбатида Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳам режа тузаётганда ҳар бир деталларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапирди. 

"Спорт коллежлари бўйича таклифларингизни кўрдик. Бундан буён қабул қилиш мезонлари ҳам қайта ишлаб чиқилади. Имтиҳонларда МОҚ ва вазирлик вакиллари иштирок этишади. Улар қабул жараёнларини назорат қилади. Керак бўлса, оммавий ахборот воситалари ҳам у ерда жараённи ёритиб берадилар. Халқ кўриши керак кимлар, қайси мезонлар асосида ушбу ўқув даргоҳига қабул қилинаётганини. Чунки, терма жамоага асосий номзодлар айнан Олимпия захиралари коллежларидан етишиб чиқиши керак. Бу масала бўйича вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари бошлиқлари ҳам масъулиятни зиммаларига оладилар ", - деди Шоакрам Исроилов

Сир эмаски, давлат томонидан спортни ривожлантириш учун миллиардлаб маблағ ажратилмоқда. МОҚ раҳбари томонидан бу пуллар қатъий назорат қилиниши, тўғри сарфланишига қаттиқ эътибор берилиши ҳақида ҳам гапириб ўтилди.

"Давлатнинг пулини бекорга сарфламаслигимиз керак. Шунингдек, у ерда мажбуран ўқиётган ёшларимизнинг ҳам бекорга вақтини олмаслигимиз лозим. Балки, тўғри йўналтира олсак келажакда улардан яхши шифокор, учувчи, ҳайдовчи етишиб чиқар. Қилинаётган ишлар, сарфланаётган маблағлар самара беришини истаймиз. Қабул жараёнларида ҳам рақобат бўлсин. Спортчилар ўша даргоҳда ўқиётганларидан фахрланиб юришлари керак. Ташкилий ишлар борасида муаммолар бўлмайди. Давлат барчасини таъминлаб беради. Қолаверса, таниш-билишнинг боласи эмас, чиндан ҳам иқтидори бор бўлган ёшлар керак бизга. Энди коллежлар спортчиларни овқатлантириш ҳақида бош қотирмайди, уларнинг дарслари ва машғулотлари билан ишлайди. Ҳар бир спортчининг овқат рациони ва унинг таомида, ичимлигида қандай озуқалар бўлиши ҳақида бошқа компаниялар иш олиб боради. Жамоавий спорт турларини ривожлантириш учун эса хориждан малакали мураббийлар жалб қилинади", - деди Умид Аҳмаджонов

Ундан ташқари йиғилишда бундан буён Олимпия захиралари коллежларида футбол йўналиши бўлмаслиги, спортнинг бу тури бўйича ҳар бир вилоятда алоҳида академия ташкил қилиниши ва ушбу академиялар бевосита ЎФА назоратида бўлиши ҳақида ҳам маълум қилинди. Йиғилишда иштирок этган мутасаддилар қабул жараёнлари бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Жараён ҳамон давом этмоқда. Миллий олимпия қўмитаси учрашувга оид батафсил маълумотларни ёритишда давом этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!