Унга "Навбаҳор", "Андижон", "Металлург" каби клублар қизиқишган, ўзи эса четдан янгилик кутяпти...

“Машъал” таркибида бошқа клубларнинг жиддий қизиқишини уйғотаётган футболчилар бир талай. Айниқса, жамоа сардори ва етакчиси Сардор Абдураимов анчадан бери фаол кузатув остида. “Машъал”да у жамоа ўйинини назорат қиляпти. Бевосита ҳужум билан ҳимоя ўртасида боғловчилик вазифасини аъло даражада уддалаяпти.

Биласиз, кеча “Машъал” сафарда “Турон” билан дуранг қайд этди. Сардор Абдураимов sports.uz мухбири билан мулоқотда аввало ушбу учрашув ҳақида гапирди.

- “Турон” жамоаси билан учрашув биз учун олти очколик аҳамиятга эга эди. Шу сабабдан бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўргандик. “Навбаҳор”га ютқазиб қўйганимиздан кейин мураббийимиз томонидан бизга қаттиқ танқид бўлди. Тўғри, кеча сафарда ўйнаганимизга қарамай, ютқазмадик. Бироқ қайд этилган дурангдан қониқмадик, деган бўлардим. Боиси биз фақат ғалаба қониқтирадиган даражада тайёрлангандик. “Турон”га қарши ўйин шундай кечдики, ким гол урса ўша жамоа ютарди. Албатта, қайсидир маънода дуранг ҳам ёмон натижа эмас. Лекин раҳбарият ва мураббийлар бизга ғалабани бош мақсад қилиб қўйганди.

абдураимов3_1

“Машъал” 9 очко билан 11-ўринни эгаллаб турибди. Александр Хомяков бош мураббийликка қайтарилгач, жамоа ўйинида ҳам ўзгариш кўзга ташланяпти. “Машъал” чағилмас ёнғоқдек таассурот қолдиряпти. Хомяков қайтганидан кейин жамоа ўйинида қандай ўзгариш бўлаётгани ва асосий вазифа ҳақида футболчи шундай деди:

- Александр Хомяков “Машъал”га қайтгач, кўп нарсани ўзгартирмади. Чунки у бу клубда кўп йиллар мобайнида ишлаган ва клубдаги ҳаммани яхши биларди. Футболчиларнинг кучли ва кучсиз жиҳатларидан хабардор эди. Мураббий жамоага қайтган пайтда катта ўзгариш қилмади. Қишки йиғинда бошқа мураббийлар билан қандай шуғулланган бўлсак, шу йўсинда ишни давом эттиришимизни таъкидлади. Лекин Хомяков тактик томонлама қаттиққўл мураббий. Ҳимоявий тактикани яхши кўради. Аста-секин тактика томондан ўзгаришларга қўл уряпти. Александр Андреевич жамоага қайтган пайтда ҳам йиғилиш бўлган ва унда “Машъал”нинг олдига кучли бешликка кириш вазифаси қўйилгани ҳақида айтилган. Бироқ биринчи давра баҳслари мобайнида кўряпмизки, биз ҳали кучли бешликка киришга тайёр эмас эканмиз. Ўз олдимизга қўйилган вазифани қанчалик бажара олишимизни мавсум охирида кўрамиз.

абдураимов1_2

Маълумки, Сардор Абдураимов ўз вақтида “Насаф”да ижара асосида фаолият олиб борган ва яхши таассурот қолдирган. Кейин у “Бунёдкор”га кетди. Аммо у ерда футболчи асосан захирада ўтирди. Шундай қилиб, “Бунёдкор”да ярим мавсумни бир амаллаб якунлагач, яна “Машъал”га қайтди. Абдураимов ўша ҳолатни эслар экан, қуйидагиларни айтди.

- “Бунёдкор” клубига ўтишим ўз ихтиёрим билан амалга ошмаган. “Бунёдкор”га кетишимга асосий сабабчи – бу “Машъал” раҳбарлари бўлади. “Насаф”да ўйнаб юрган пайтимда ҳам менинг “Машъал” билан амалда шартномам бор эди. Раҳбарият “Бунёдкор”дан таклиф бўляпти, бориб кўр, барибир ҳеч нарса йўқотмайсан дейишди. Уларнинг маслаҳатларига қулоқ солиб у ерга боргандим. Барибир “Бунёдкор”га борганимдан афсусланмайман. Ўйнамаган бўлсам ҳам ўзим учун тажриба ўрганиб қайтдим. Захирада ўтириб ҳам кўп жиҳатларни ўзлаштирдим. Бу ўзим учун фойдали бўлди ва футболнинг қадрига кўпроқ етдим. “Машъал”га қайтганимдан сўнг, ўз устимда икки ҳисса кўпроқ ишлашга киришдим.

Бу йил қишда Сардор Абдураимов Қатар Юлдузлар лигасига кетиши мумкин эди. Чунки бир клуб унга қизиқиш билдирган. Аммо иккала жамоа бир тўхтамга кела олмаган. Сардор ўша вазиятни ҳам эслади.

абдураимов2_3

- “Машъал” раҳбари Илҳом ака Қурбонов билан гаплашганимда чиндан ҳам хориждан таклифлар борлигини, агар ҳар жиҳатдан бизни қониқтирадиган вариант бўлса сотишларини айтган. Ўшанда бу хабарни эшитиб хурсанд бўлганман. Чунки бу мен учун кутилмаган ҳолат эди. Ўзбекистондан таклифлар борлигини билардим, бироқ Қатардан вариант борлигини билмагандим. Иккала клуб ўзаро гаплашишди, аммо у ёғи нима бўлганини билмайман. Менга кутиб тургин, агар келиша олсак кетасан дейишди. Раҳбарларга мени қўйиб юборинглар деб айта олмайман. Чунки “Машъал” билан амалда яна 2022 йилнинг охиригача шартномам бор. Бу клуб мени тарбиялаган. Шунинг учун нима қилишни жамоа раҳбарлари билади. Шахсан ўзимга “Навбаҳор”, “Андижон”, “Металлург” каби жамоалар чиқишди. Аммо Қатардан айнан қайси клубдан таклиф бўлганини сўрамаганман, қачонки, ҳаммаси ҳал бўлса ўзимиз айтамиз дейишган. Мен ҳам чалғимаслик учун бу ҳақида сўрамаганман.

Легионер сифатида четда тўп суриш ниятим бор. Трансфер ойнаси очилган пайтда кўп нарсага ойдинлик киритилиши мумкин, яъни, янгилик бўлиши эҳтимол. Қаердан таклиф борлигини айтмадилар. Ўзим ҳам сўрамадим. Ҳозирча бутун эътиборимни “Машъал”га қаратганман. Клуб ўзини қониқтирадиган таклиф бўлса, мени қўйиб юборади, - деб фикрини якулади, Абдураимов.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
26/06/2021 22:39
Humoyon bilan ikkalang kel Nasafka.