Усмон Тошев: Нафақат Тожикистон олимпия терма жамоаси, балки миллий термасини ҳам бошқараман

Ўзбекистонлик таниқли мураббийлардан бири Усмон Тошевнинг ўтган ҳафтада Тожикистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганлиги ҳақидаги хабарлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Эътиборлиси, келаси йилнинг март ойида Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралаш босқичида Тожикистон Ўзбекистон билан бирга гуруҳдан жой олган. Шундан келиб чиққан ҳолда у билан суҳбатлишиш учун қизиқарли саволлар етарли эди. Буни қарангки, ўзаро суҳбат давомида Тошев Тожикистон миллий терма жамоасига ҳам бош мураббий бўлганини айтиб ўтди.

- Усмон Қудратович, сизни Тожикистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклайман...

- Узр, гапингизни бўлдим, ўз ўрнида сизга шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, мен нафақат Тожикистон олимпия терма жамоасига, балки миллий терма жамоасига ҳам бош мураббий бўлдим. Хабарингиз бор, тожикларнинг U-16 жамоаси жаҳон чемпионатига чиқди. U-19 эса Осиё чемпионатида ёмон иштирок этмади, уларга ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш учун озгина қолганди. Биз Тожикистон футбол федерацияси билан гаплашганимизда миллий терма жамоани ёшартириш фикри икки томонни ҳам қониқтирди. Агар шундай бўлса раҳбарлар олимпия терма жамоасини ҳам ўзим бошқаришимни айтишди. Мен эса олимпия жамоасининг тайёргарлиги, режалари бошқача бўлади дедим, аммо раҳбарлар миллий терма жамоанинг негизи олимпиячиларимиз ташкил этадиган бўлса, ҳозирдан уларни ўзингизни шуғуллантириб, тайёрлаб борасиз дейишди. Мен эса рози бўлдим. Лекин мен миллий терма жамоа билан шартнома тузганман.

- У ҳолда миллий терма жамоа билан асосий мақсад қандай?

- Яхши жамоа тузиш. Тожикистоннинг иккита ёшдаги терма жамоаси халқаро мусобақаларда ўзларини яхши томонлама кўрсатишди. Биз миллий терма жамоани янгитдан шакллантиришда ушбу ёшдаги жамоалардан ҳам футболчиларни албатта жалб қиламиз. Улар миллий ва олимпия термасига бошқа-бошқа мураббийларни чақирмасдан, яхшиси иккаласини ўзингиз кўриб, бошқаринг, ҳаммаси назоратингиз остида бўлади дейишди.

- Иккала жамоада ишлаш сизга оғирлик қилмайдими?

- Йўқ. Чунки биз ҳозирги тайёргарлигимизни март ойида бўладиган Осиё чемпионати саралашига қараб белгилаганмиз. Лекин яна ўша таркиб билан ишни миллий терма жамоа кўринишида давом эттирамиз.

- Умуман олганда, уларнинг бу таклифидан сиз ҳайрон қолмадингизми?

- Хабарингиз бўлса, мен Тожикистонда кўп бўламан. Чунки ишим юзасидан бошқа мамлакатларда мураббийларга дарс ўтаман. Раҳбарлар эса менинг ишимни кўриб, таҳлил қилишди ҳамда бир қатор номзодлар орасидан мени танлаб олишди ва таклиф билан чиқишди. Менга ишониб, иш таклиф қилишганидан хурсанд бўлиб, буни қабул қилдим. Биласиз-ку, менга қаерда ишлашнинг фарқи йўқ. Боз устига мамлакат терма жамоасини бошқариш – бу оддий нарса эмас. Мен яқинда 23 кун давомида Душанбеда “С” сертификати бўйича тожикистонлик мураббийларга дарс ўтгандим. Таклиф айнан ўша маҳалда юз берди. Хуллас, Тошкентга қайтиб келганимдан сўнг яна Тожикистондан менга қўнғироқ бўлиб, тезда қайтиб боришимни айтишди ва билетларни жўнатишди. Эртасига яна Душанбега учиб бориб, ҳамма ишни расмийлаштирдик. Кейин Андижонга келдим ва сўнг Наманганга йўл олдим. Ушбу шаҳарларда ОФКнинг янги дастури бўйича модул кўринишда дарс ўтдим. Энди мураббийларга беш кун дарс ўтиб, уларга уйга вазифа сифатида бир ойга жавоб берамиз ва яна сўнг уларни йиғиб имтиҳон оламиз. Орада Афғонистонга ҳам бориб келдим ва икки ой бўлдим. У ерда “Туфон” жамоасида бош мураббий бўлиб ишладим ва клубимиз ОФК Кубогига йўл олди. Бу йил жамоамиз Афғонистон чемпиони бўлди. Бу йил мамлакат чемпионати қисқартирилган тарзда ўтказилди. Хуллас, ҳамма ишга улгурдим.

- Тожикистон олимпия терма жамоаси олдида турган асосий вазифа қандай?

- Вазифа ҳамма жамоаларда бир хил. Аввал гуруҳдан чиқиш, кейин финал босқичига йўл олиш. Агар Осиё чемпионатига йўл олсак, унда албатта Олимпиадага йўлланма олиш вазифаси қўйилади. Раҳбарлар томонидан бориб ўйнаб келинглар, деган гап йўқ. Биз максимал ҳолда ишлашга ҳаракат қиламиз. Тожикистонда интилиш катта. Худди бизни Ўзбекистондаги каби у ерда ҳам футболга эътибор юқори даражада.

- Кейинги йилнинг март ойида Тошкентда Осиё чемпионатига саралаш босқичи бўлиб ўтади. Эътиборлиси, Ўзбекистоннинг гуруҳида Ҳиндистон ва Покистон билан бирга Тожикистон ҳам бор.

- Ҳамма жамоа ўз мақсади сари курашади. Мендаги маълумотларга қараганда, Покистон ҳам ёмон жамоа эмас. Ҳиндларни ҳам мақташяпти. Ўзим эса Ўзбекистонни биламан, Равшан Ҳайдаров бошчилигида ажойиб жамоа шаклланган. Бундай мусобақаларда суст жамоалар бўлмайди.

- Айтмоқчиманки, сиз ҳам Ўзбекистон фуқаросисиз. Гуруҳда эса Ўзбекистоннинг ҳам борлиги тожикларнинг таклифини қабул қилишингизга таъсир кўрсатмадими?

- Йўқ, нима учун? Ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Тожикистон мамлакатлари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. Ўзаро борди-келдилар, жуда илиқ муносабатлар давом этяпти. Масалан, мени ҳам у ерда жуда яхши кутиб олишган. Тожикистонда ишлашимдан хурсандман. У ерда ўзимни сира бегона мамлакатда юргандек ҳис қилмайман. Худди ўз уйимда юргандек бўламан.

- Бунгача сизнинг охирги иш жойингиз Ўзбекистон U-16 терма жамоаси эди ва сиз МОФА турнирида қатнашиб жамоангиз билан ғолиб чиққандингиз. Шундан кейин сизга таклиф билан чиқишмадими?

- У ердаги фаолиятим тугатилган. Менга бошқа таклиф бўлмади.

- Бир неча йиллар муқаддам ўзбекистонлик мураббий Ислом Аҳмедов Ҳиндистон терма жамоаларини бошқарганди. Аммо кейинчалик ўзбекистонликлар орасида илк Про лицензиясини қўлга киритган мураббий бўлдингиз. Энди эса ўша Прога эга бўлган мураббийлар ичида ҳам биринчи бор бошқа мамлакат терма жамоасини бошқарадиган мутахассисга айландингиз.

- Бизда кўпчиликда Про лицензияси бор. Бу аввало биз мураббийларга ишлаш учун рухсат берилади. Аммо ўзимиз ўша жойларда ишлай оламизми-йўқми, буни ҳаёт кўрсатади. Чунки назарий ва амалий иш ўртасида катта фарқ бор. Масалан, мен мураббийларга дарс ўтаман, аммо майдонга ўзингиз чиқиб футболчиларга нималардир ўргатадиган бўлсангиз бунинг фарқи катта. Ҳар ҳолда икир-чикирлари кўп. Чунки бу нарсалар китобда йўқ. Шу боис назарий ва амалий ишда ҳам маҳорат керак. Прога эга бўлганга яраша мураббий натижа кўрсатиши ва футболчиларни тарбиялай олиши керак. Ҳаммаси бир-бири билан боғлиқ. Сиз назарий томондан қанча кучли бўлсангиз, амалий тарзда ишлашингизга шунча осон бўлади. Аммо амалий ишда албатта ҳаётдан келиб чиққан ҳолда тажриба керак.

- 2006 йили Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош мураббий бўлган Валерий Непомняшийга ёрдамчи бўлиб ҳам ишлагандингиз. Унгача қатор клубларда фаолият кўрсатдингиз. Лекин ўзингиз илк бор мустақил равишда терма жамоани бошқаришга киришяпсиз. Барибир клуб билан терма жамоада ишлашнинг фарқи бор. Тожикларнинг таклифини қабул қилаётганда шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олдингизми?

- Албатта, фарқи бор. Клубда ишласангиз ҳар доим футболчилар қўл остингизда бўлади ва уларни кўриб турасиз. Терма жамоада бўлса, доим ҳам бирга бўлавермайсиз. Ўйиндан 3-4 кун олдин футболчиларни кўрасиз. Яъни, ФИФА кунларида учрашамиз. Регламент бўйича шунақа. Аммо кўпинча ўйинчилар ўз клубларида қандай тайёрланишган, қандай ўйнашган, шу нарсалар таъсир кўрсатади. Сиз ҳеч қачон терма жамоада қисқа вақт давомида қўл остингиздаги футболчиларга куч ёки тезликни бера олмайсиз. Фақат қанақадир йўналиш ёки тактикани қисман беришингиз мумкин холос. Аммо мен янги футболчилар билан тезроқ ва яқиндан танишиб олишга ҳаракат қиламан. Тожикистонда кўплаб мураббийларни яхши биламан, муносабатларимиз ажойиб.

- Хўш, энди олимпия терма жамоасидаги режаларингиз қандай? Қачондан ишга киришасиз?

- Декабрь ойидан ишни бошлаймиз ва Қатарга кетамиз. Йиғинни ўша ерда давом эттирган ҳолда тўртта назорат учрашувида қатнашамиз. Янги йил байрамидан кейин Туркияда йиғин ўтказамиз. Сўнг яна бир халқаро мусобақада қатнашишни мўлжаллаб турибмиз. Бизга бундай йиғин ва ўйинлар нима учун керак? Чунки мен қўл остимдаги футболчиларни иложи борича яхшироқ билиб олишим даркор.

- Охирги йилларда Тожикистон футболи чиндан олдинга қадам босяпти. Буни ўсмирлар терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиққани билан изоҳлаш мумкин. Умуман олганда, уларда яхши ёш авлод етишиб чиқяпти. Сиз Тожикистонга кўп борасиз. Айтинг-чи, тожиклар ниманинг эвазига ўсишга эришишяпти?

- Аслида Тожикистон жамоалари билан ишламаганман, аммо у ердаги мураббийлариини яхши биламан. Мен ҳам уларга сиз айтган саволларни беряпман. Тожикистонда ишлашга рози бўлганимдан кейин улар билан чуқурроқ савол-жавоблар қилдик. Билишимча, тожикистонлик футболчиларда ватанпарварлик жуда кучли. Ўзини ўйинга бағишлаши, ватани учун жон-жахди билан охиригача курашиши, каби фазилатлар эвазига улар ютуқларга эришишяпти. Футболнинг ўз қонун-қоидалари ва регламенти бор. Тожиклар ўша қонун-қоидалардан четга чиқмаган ҳолда тўғри йўналишда ишлашяпти.

- Менда шундай фикр пайдо бўляпти: сиз ҳам қаерда бўлишингиздан қатъий назар мураббий сифатида ўзингизни кўрсатишни истайсиз. Тожикистонлик футбол амалдорлари ҳам гуруҳда Ўзбекистонни ўзлари учун асосий рақиб эканлигини яхши билишади. Шуни ҳисобга олганда, улар Ўзбекистон футболи ва терма жамоаларини яхши биладиган мураббийни топиш мақсадида айнан сиздан фойдаланишмоқчи. Бунга сизнинг қарашларингиз қандай?

- Йўқ, бундай эмас. Мен ўзбекман ва ўз терма жамоамизга қарши чиқамиз ёки футболимизни яхши билади деган, бўлмағур нарсалар бўлмаган. Бу умуман нотўғри. Улар ҳам мени шундай жиҳатлар билан таклиф қилишмаган. Шунчаки, уларга мураббий керак эди. Тожикистон футболи раҳбарлари билан гаплашганимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан илиқ муносабатлар ўрнатилгани ва дўст эканлигини айтишди. Ўзимизда кўплаб танишларим ва дўстларим ҳам мени табриклашяпти. Телефоним эса тинмаяпти. Ҳозир сиз билан гаплашяпман, аммо кўплаб қўнғироқлар бўлаётганини кўриб турибман. Ҳаттоки, менинг у ерда иш бошлаганимни уйимдагилар ҳам билишмасди. Оилам бу хабарни интертердан ўқиб билишгач, менга ҳайрон бўлиб, бу қандай юз берди деб сўрашяпти.

- Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Ҳаким Фузайлов эди. У истеъфога чиққан-а?

- Ҳа, у ишдан кетган. Ўзи билан кўп гаплашаман, муносабатларимиз яхши. Биласизми, мени Тожикистон футболи раҳбарларига тавсия қилганлардан бери Фузайлов.

- Олимпия терма жамоаси билан саралаш гуруҳида қатнашгач, дарҳол миллий терма жамоада ишни бошлайсизми?

- Ҳа, худди шундай.

- Ҳозирда Тожикистон миллий чемпионатининг савияси қай даражада?

- Чемпионат тугади. Кубок финал ўйинини кўрдим, ёмон эмас. Стадион мухлислар билан тўлди. Фақат уларга озгина тезлик етишмаяпти.

- Келаси йилнинг февраль ойида Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоаси ОКМК билан Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида иштирок этади. Жамоаларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Билмадим, иккала жамоада ҳам имконият бўлади. Йилнинг боши, илк расмий ўйини ҳисобланади. Ўйлашимча, қизиқарли беллашув бўлади. Ўзи бу ўйин қаерда бўлади?

- Олмалиқда.

- Ўша кунга иккала жамоа қандай етиб келишаркин, очиғи билмайман. Менимча, жанговор ўйин бўлади.

- Сизга ўзимиздан таклифлар бўлмадими?

- Таклифлар бор эди. Аммо мен 2,5 ойдан бери четда юрибман. Телефонда ва телеграм ижтимоий тармоғидан менга ёздилар. Ўзбекистонга қайтгач, бафуржа гаплашиш учун вақтим бўлишини айтгандим. Лекин тожикистонликлар илдамроқ ҳаракат қилишди.

- Мабодо, Тошкентдаги саралаш босқичида муваффақиятсиз қатнашсангиз, бу сизнинг у ердаги фаолиятингизга таъсир ўткамайдими?

- Бунақа саволни берманг. Ҳали у ерда ишни бошламадим, аммо ҳозирдан муваффақиятсизлик ҳақида гапиряпсиз. У ерда декабрда ишни бошлайман. Биз фақат яхши гаплар ва яхши ниятлар ҳақида ўйлашимиз керак.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!