Усмон Тошев нима учун терма жамоага асосан "Пахтакор" ва "Бунёдкор"дан футболчилар жалб этилганини изоҳлади

Хабарингиз бор эртадан Тошкентда “CAFA U-16 championship” мусобақаси старт олади. Ушбу мусобақада иштирок этувчи Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев нима сабаб терма жамоага асосан “Пахтакор” ва “Бунёдкор” клубларидан футболчи жалб этганини изоҳлаб берди.

- Ҳар бир жамоада селекция бўлади. Бу клуб бўладими ёки терма жамоами, бунинг аҳамияти йўқ. Асосийси, селекция тун-у, кун давом этади. Сиз ўз жамоангизда энг яхшилари бўлишини истайсиз. Аммо рақиб жамоа сафида қайсидир футболчи сизга ёқиб қолса, албатта уни қалам билан ўзингиз учун алоҳида белгилаб қўясиз. Селекция ўзи шунақа. U-16 терма жамоасини қабул қилиб олаётган пайтимда менга 65 нафардан ошиқ футболчиларнинг рўйхатини беришди. Терма жамоалар бўлими ҳар бир термага номзод ўйинчиларни кузатиб юришади. Шу боис улар томонидан танлаб олинган футболчилар рўйхатини менга беришди. Шундан кейин дарҳол мураббийларга қўнғироқ қилиб, ўша ўйинчилар ҳақида маълумотлар тўплай бошладим. Кейин эса “Пахтакор”, “Бунёдкор”, умуман Тошкент жамоаларининг машғулот ва ўйинларини бориб кўрдим. Чунки таркибга эътибор берган бўлсангиз “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби жамоалардан номзодлар кўпроқ. Масалан, 6 таси “Пахтакор”, 10 таси “Бунёдкор”дан. Нима учун фақат шу иккала клубдан ўйинчиларни олди деб ҳамма ўйлаши мумкин, тўғрими? Лекин ўша “Бунёдкор”дан чақирилган 10 та футболчидан фақат 1 ёки 2 таси тошкентлик холос. Қолганлари Фарғона, Самарқанд, Урганч ёки яна бошқа вилоятлардан келишган. “Пахтакор” ёки “Бунёдкор” 2002 йилда туғилган футболчиларнинг энг сараларини ўз вақтида бошқа вилоятлардан олиб келган. Чунки уларда футбол учун шароитлар яхшироқ. Масалан, Тошкендан Урганчга футбол учун ким боради? Аксинча, у ердан Тошкентга келишади. Шу боис таркиб масаласида саволлар келиб чиқмаслигини истардим. Лекин мен йигитларни саралашда давом этяпман. Чунки терма жамоада иш бошлаганимга ҳали кўп вақт бўлмади. “CAFA U-16 championship” мусобақасини ўтказиб олганимиздан кейин селекцияни янада кучайтириш учун ўзим вилоятларга чиқиб 2002 йилларда туғилган футболчиларни саралаб оламан. Бунинг учун Андижон, Фарғона, Наманган, Қарши, Нукус каби шаҳарларга бораман. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!