"UZBEK TIGERS" ва "ASTANA ARLANS" жангидан фоторепортаж

  • 1 апрель, 2017, 23:45
  • 0
  • Бокс

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бокс бўйича нуфузли турнир – Бутунжаҳон бокс серияси (WSВ) VII мавсумининг навбатдаги турида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Uzbek Тigers” жамоаси Қозоғистоннинг “Astana Arlans” жамоаси билан куч синашди.
Ўзбекистон бокс федерацияси ва Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBA) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур турнирнинг бу йилги баҳсларида энг кучли 12 жамоа учта гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашмоқда.
Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида бокс ҳам жадал тараққий этмоқда.
Ўтган йилги мавсумдан буён ушбу турнирда иштирок этаётган “Uzbek Тigers” жамоаси жорий йил "С" гуруҳида Хитойнинг "China Dragons", Россиянинг "Patriot boxing team" ва Қозоғистоннинг “Astana Arlans Kazakhstan” жамоалари билан баҳслашмоқда.
– Ўзбекистон – спорт, жумладан, бокс жадал ривожланган мамлакат, – деди турнир супервайзери Муҳаммад Мустаҳсоний. – Бу юртингиз спортчиларининг нуфузли мусобақаларда эришаётган натижаларида, мамлакатингизда йирик халқаро спорт анжуманлари юқори савияда ташкил этилаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
...1 апрель куни пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бўлиб ўтган “Uzbek Тigers” ва “Astana Arlans” жамоалари ўртасидаги беллашув ҳам қизиқарли ва муросасиз жангларга бой бўлди.
49 килограмм вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов ва Темиртас Жусупов, 56 килограмм вазн тоифасида Абдулҳай Шораҳматов ва Илёс Сулейменов, 64 килограмм вазн тоифасида Элнур Абдураимов ва Дилмурод Мижитов, 75 килограмм вазн тоифасида Исроил Мадримов ва Сапарбай Айдаров, вазни 91 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Зуҳриддин Маҳкамов ва Антон Пинчук ўзаро куч синашди.
Мусобақада “Uzbek Тigers” жамоаси 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
– Мусобақада ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз, – дейди Элнур Абдураимов. – Бундай нуфузли спорт анжуманларида юқори натижаларга эришаётганимиз мамлакатимизда ёшларга, спортчиларга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик туфайлидир.

Манба:uza.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!