Вагиз Галиулин - омадли ва омадсиз клублари, фаолиятини қаерда тугатиши, ҳали ҳам термага қайтишга умид қилаётгани ва бошқалар ҳақида

Россияда узоқ вақтдан бери тўп суриб келаётган легионеримиз сифатида бемалол Вагиз Галиулинни айтишимиз мумкин. Андижонлик бу футболчи фаолиятининг асосий қисмини Россия майдонларида ўтказиб келмоқда. Sports.uz мухбири билан мулоқотда эса у ердаги фаолияти, кейинги режалар, терма жамоа ва яна бошқа мавзулар бўйича ўз қарашларини билдирди.

Ҳамюртимиз ўтган йилдан бери Россия МФЛда “Нефтехимик” шарафини ҳимоя қилиб келяпти. Легионеримиз у ерда ўзини бахтли ҳис қиляптими? Дастлаб шунга жавоб изладик.

-  Ҳа албатта, “Нефтехимик”да бахтлиман. Бу клубни танлаганимнинг биринчи сабаби шундаки, уйим – Қозон билан Нижнекамск яқинроқ. Иккинчи фарзандим дунёга келганидан кейин оилам билан кўпроқ бирга бўлишим керак эди. Бундан ташқари, “Нефтехимик”даги кўплаб футболчилар менинг танишларим, уларнинг орасида илгари “Рубин”да бирга тўп сурган дўстларим ҳам бор. Муҳими, клубдагилар менга ишонч билдириб, таклиф қилишди. Асосийси, бу ерда ўйнаяпман. Менга шуниси керак эди.

Вагиз Россияда 15 йилдан буён тўп суриб келяпти. Гапнинг очиғи, шунча вақтдан бери у ерда тўп суришнинг ўзи бўлмайди. Галиулин юртимизда “Андижон” ва “Бухоро”да маълум вақт тўп сургач, “Рубин”га кетганди. Хўш, ўтган вақт давомидаги фаолиятидан қониқяптими ёки бир қолипга тушиб қолган, деб ҳисоблаш мумкинми? Бу масалада футболчи ўз муносабатини билдирди.

Вагиз2

-  Қониқарли ўтяпти, деб бўлмайди. Ундан зўр бўлиши ҳам мумкин эди. Россияга биринчи келганим эсимда, ўшанда 17 ёки 18 ёшда эдим. У пайтда ўринбосарлар сафида тўп сурардим. Тезроқ асосий таркибда тўп суришни хоҳлардим. 20 ёшга тўлганман ва катталар билан шуғулланиб, премьер-лигада иштирок этишни жуда истардим. Шундай қилиб, аста-секин ривожланишни бошлаганимда мақсадларим ҳам каттайиб Европада ўйнашни хоҳлаб қолгандим. Бунга бошқа футболчиларни кўриб, катта футболга кириб, уни яхшироқ тушуна бошлаганимдан сўнг, менда шундай истаклар уйғона бошлади. Россиядаги фаолиятим қониқтирди ёки қониқтирмади, деб айта олмайман. Қаердадир жароҳатлар халақит қилган, яна қаердадир ўзимнинг айбим бўлгандир. Лекин ҳозиргача Худога шукр дейман, мана ўйнаб турибман. Муҳими, жароҳатим йўқ, футболга фойда келтиряпман.

Вагизга шу пайтгача Россиядан Европага кетиш учун яхши вариантлар бўлганми? Балки ҳали бу борада ҳеч қаерда айтмаган бўлиши ҳам мумкин-ку. Футболчи эса ўз муносабатини қуйидагича билдирди.

-  Таклифларга келсак, ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз, 15 йил ўтди. Шу вақт ичида кўп нарса бўлган. Тўғрисини айтаман, Европа томонлардан жиддий таклиф шахсан ўзимга бўлмаган. У пайтларда агентларим бўлган. Балки қизиқиш бўлгандир, очиғи мен хабардор эмасдим. Очиғи, саволингизга жавоб бериш қийин. Айтяпман-ку, фаолиятим давомида ҳар хил ҳолатлар бўлган. Ўзимга ҳеч ким қўнғирқ қилмаган.

вагиз9

Ўзбекистонлик футболчи Россиядаги фаолиятини “Рубин”да бошлади, кейин “Нефтехимик”, “Сибирь”, “Уфа”, “Тосно”, “Тамбов” клубларида тўп сурди. Қизиқ, легионеримиз учун тўп сурган жамоалари орасида энг омадли ва омадсизи қайси бири бўлган?

-  Менимча, энг омадли клуб... Тўғри, “Рубин”га ёшлигимда келганман. Жуда зўр клуб, мени ўстирган, катта футболга, премьер-лига учун йўл очиб берган. Лекин энг омадли клубда тўп сурганим сифатида “Тосно” жамоасини айта оламан. Бу клуб билан биринчи дивизионда барча учрашувларда тўп сурдим. Кейин премьер-лигага олиб чиққанимиздан кейин ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлдим, голлар урдим. Россия Кубогини ютдик. Менимча, “Тосно” энг омадлиси. Лекин бошқа жамоалардаги фаолиятимни ёмон, деб ҳисобламайман. Ўзига яраша яхши ва ёмон кунлар бўлган. Аммо ўйин ва голлар бўйича “Тосно” энг зўри бўлган, мен учун. Энг омадсиз клуб? Менимча, “Тамбов” десам бўлади. Чунки у ерда энг кам ўйнадим, шуниси билан ажралиб туради. Бундан ташқари, “Тамбов”да кўп жароҳат ҳам олдим. Футболчиларда нотўғри танловлар бўлиб туради-ку, менда ҳам шундай бўлган. “Тамбов” – нотўғри танлов бўлган. У ерда менга ҳеч нима ёқмаган. Қандайдир ғалати эди. Бу билан “Тамбов” клубини ёмонламоқчи эмасман. Бироқ мен учун футболчи сифатида омадсиз жамоа, деб ҳисоблайман.

Галиулин юқорида айтиб ўтганимиздек, Россияда 15 йилдан бери фаолият кўрсатиб келяпти. Ўзбекистонлик анча-мунча ўйинчи бунча вақт бу ерда қолиб кетмаган. Шунинг учун бошқаларга қараганда, Россия футболини яхшироқ билади. Шундай экан, россияликларнинг аслида ўзбек ўйинчиларига муносабати қандай? Бизнинг футболчиларга қай даражада ишонишади?

- Россияда ўзбекистонлик футболчиларга қандай қарашади? Қайси миллатдан бўлишидан қатъи назар, ҳар бир ўйинчига бир хил қаралади. Энг муҳими, ўйинчи ўзининг савиясини кўрсатиши керак. Бу ўзбек бўладими, тожик ёки қирғизми фарқи йўқ. Мана, Одил Аҳмедов ҳам муваффақиятли тўп суриб кетди. Виталий Денисов ҳам. Гейнрих ҳам ўйнади. Кўплаб ҳамюртларимиз тўп сурди. Элдор Шомуродов Россияда ўзини кўрсатиб, “Женоа”га кетди. Ҳозирда Остон Ўрунов ҳам ўйнаяпти. Улар футболчи ажратмайди. Ким ўзини кўрсатса, албатта имконият берилади, - дея жавоб қайтарди Вагиз.

вагиз6

Остон Ўрунов Россияга кетгач, “Уфа”да ярим мавсум тўп сурди ва “Спартак”ка кетди. Охирги пайтларда эса ҳамюртимиз атрофидаги гап-сўзлар барчага аён. Сергей Юран унинг ёши борасидаги гапи жиддий танқидларга сабаб бўлди. Галиулин ушбу ҳамюртимиз борасида қандай фикрда? “Спартак”да қанчалик ўрнини топа олади? Бу хусусида “Рубин”нинг собиқ ўйинчиси шундай деди:

- Остон Ўрунов тўғрисида? Биринчидан, у жуда яхши ўйинчи, уни биламан. “Уфа”да тўп сурган. Бу клубда эса мени кўплаб дўстларим бор. Чунки ўз вақтида мен ҳам “Уфа”да икки йил ўйнаганман. Мураббийлар орасида ҳам танишларим бор. Ҳар доим алоқадамиз, телефон орқали ҳам гаплашиб турамиз. Улар Остон тўғрисида жуда яхши гапиришган. Яхши футболчи эканлигини билишган. Ўсишига ишонишган ва Европа майдонларида тўп суришини тахмин қилишган. Унинг ўйинларини кўрдим, ҳаммаси яхши. Лекин “Спартак” клубига ўтиш орқали у олдинга тезлик билан катта қадам ташлади. “Спартак”да ҳам ўзига яраша яхши ижрочилар бор, Ўрунов ҳам улардан бири. Рақобат эса кучли. Остонга мослашишига вақт керак, менимча. Агар мослашув жараёнидан ўтиб олса, “Спартак”да ҳам ўйнаб кетади. “Уфа”дагилар айтишдики, футболчи сифатида унда ҳамма нарса бор. Ҳаракат қилса, мақсадларига эришиши мумкин, Худо хоҳласа. Юранга келсак, у Россияда ҳар хил гапларни гапириб юради. Уни эшитмаслик керак, минг яхши футболчи бўлсангиз ҳам кимдир сизни ёмонлайди, танқид қилади. Бу ҳамма жойда бор. Шу боис бундай қитмирона гапларни эшитмаслик лозим, боз устига Юрандан. Остон унга эътибор қилмасдан, янада ўсишга ҳаракат қилсин. Футболда ёшнинг фарқи йўқ. Неча ёшда бўлса ҳам майдонга чиқиб ўз савиясини кўрсатиши керак. Боя айтганимдек, Остон яхши футболчи. Менимча, уни “Спартак”ка ўтгани яхши бўлди. Юран бундай гапирмаслиги керак эди. Профессионал мураббийдан бу каби фикрлар чиққани чиройли бўлмади. Россияда ҳам Юранни нега бундай гапирганига тушунишмади. Бу ердаги футболчилар ҳам унинг ўша гапи учун роса танқид қилишди. Мураббийни ўзи ҳам кейин нотўғри гапириб қўйганини билгандир. Юқорида айтдимку, Юранни гапини эшитмаслик лозим. Майдон ва тўп бор, демак ўз савиянгни кўрсат, ёшнинг мутлақо аҳамияти йўқ. Ўруновга омад тилайман.

вагиз5

Мақоламиз қаҳрамони 33 ёшда. Вақт олий ҳакам. Қизиқ, у фаолиятини Россияда тугатмоқчими ёки Ўзбекистондами?

-  Фаолиятимни қаерда тугатишимни билмайман. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қолаверса, эртага нима юз беришини айтиб бера олмаймиз-ку. Худога шукр, асосийси, ўйнаяпман. Айтяпман-ку, футболда ёш ҳеч нимани ҳал қилмайди. Саволингизни тушуняпман, вақти келяпти. Лекин ҳозир жавоб бера олмайман. Балки “Андижон”га келиб ёрдам берарман. Ёки умуман бошқа жойда ўйнаб тугатишим мумкин. Олдиндан билиб бўлмайди. Шунисига ҳам шукр, деб турибман. Қолганини вақт кўрсатади.

Галиулин билан журналистлар суҳбатлашганда доим терма жамоа ҳақида савол берилади. Ҳар ҳолда Вагизнинг миллий термамиз сафида тўп сурганига анча бўлди. У термадаги фаолиятини тугатдими ёки ҳали ҳам чақиришларига умид қиляптими?

-  Тўғри, терма жамоа тўғрисида кўплаб саволлар бўлганди менга. Ҳар доим интервью берганимда терма жамоада тўп суришни хоҳлашим ҳақида гапириб келаман. Ҳозиргача ҳам шундай. Агар чақирса, ёрдам бера оламан. Бу саволга яна ўша гапимни қайтараман: агар мени таклиф қилишса, ҳеч қачон йўқ, демайман. Ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламан.

вагиз1

Вагиз Россиядаги фаолияти давомида кўплаб таниқли мураббий ва футболчилар билан бирга тўп сурган. Шу ўринда ундан бирга ишлаган энг яхши уч нафар мураббий ва футболчилар кимлар эканлиги ҳақида ҳам сўрадик.

-  Энг яхши мураббийлар: Қурбон Бердиев, Дмитрий Парфёнов ва Юрий Уткульбаев. Энг яхши футболчилар: Гёкдениз Карадениз, Сергей Семак, Павел Погребняк.

Футболдан кейин ўзини қандай тасаввур қилади? Вагиз Галиулинни кейинчалик қандай ролда кўришимиз мумкин?

-  Буни вақт кўрсатади. Бу тўғрисида ҳали ўйламаганман. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Тўғриси, бундай саволларга жавоб беришни ёмон кўраман. Олдиндан нима бўларкин, деб гапиргим келмайди, - дея фикр билдирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!