Валерий Непомняшчий: Одил Аҳмедов 18 ёшлигида майдонда ўзини худди 30 ёшдагидек ҳис қиларди
Ads

 

Ўзбекистон терма жамоаси сардори, бир неча кун аввал “Шанхай СИПГ” аъзосига айланган Одил Аҳмедовнинг биринчи мураббийи Валерий Непомняшчий “Спорт-Экспресс” нашрига берган интервьюсида футболчи 10 йил аввал қандай бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

73 ёшли мутахассис, хусусан, тажрибали ярим ҳимоячининг ёшлиги, Россия чемпионатидаги фаолияти, Хитой чемпионатига ўтиши ҳақида сўзлаб берди, дея маълум қилади ЎФФ матбуот хизмати. 

ОДИЛ АҲМЕДОВНИ ШАНХАЙДА ҚАНДАЙ КУТИБ ОЛИШДИ? (ФОТО)

“Спорт-Экспресс” мухбири  айнан Валерий Кузьмич Одил Аҳмедовнинг биринчи мураббийи бўлгани ҳақида савол бераркан, мутахассис бундай маълумот қаердан олингани ҳақида ҳайратга тушди.

“Бундай маълумотни қаердан топдингиз? Бу кимгадир маълум эканини билмагандим”, – дея ҳайратга тушди Непомняшчий.  “Аслида, ўшанда мен унда катта футболчини кўрганман, бугун Одил шу даражага етди. У Европага эмас, Хитойга йўл олганидан афсусдаман, аммо бошқа томондан бу Аҳмедов учун унчалик ёмон эмас”.

Валерия Непомняшчий 29 ёшли ярим ҳимоячининг ёшлигини ёдга олиб, у шижоатга тўла бўлгани, майдонга тажрибали футболчилардек тўп суришини айтди.

“Биласизми, Одил 18 ёшли болакайлигида ўзини майдонда худди 30 ёшдагидек ҳис қиларди. У ҳаммасини биларди, кўрарди ва барчасидан хабардор эди. Лекин ҳаётда у камтар, босиқ ва уятчан йигит. Майдонда эса – мутқало бошқача. Унга ўзи билган ишни қилишга имконият бериш керак. Унинг потенциали ўшандаёқ кўринганди, бу ерда менинг хизматим йўқ. Эсимда, ўша пайтда икки ёш йигит пайдо бўлганди – Аҳмедов ва Виталий Денисов. Уларнинг ҳар иккиси Ўзбекистон термаси учун муҳим аҳамият касб этади. Баъзи футболчиларга мураббийнинг эътибори керак эмас, Одилга эса далда бериб, қўллаб-қувватлаш керак”, – дея фикр билдирди мутахассис.

73 ёшли мутахассиснинг фикрича, Одил Аҳмедов ўзини тўлиқ кашф этмади ва бунданда кўпроғига муносиб. Непомняшчий бу борада қуйидагиларни таъкидлаб, Аҳмедов Европада тўп суришга лойиқ эканини айтди.  

“Менимча у кўпроғига муносиб. Бироқ у Россиядаги фаолиятини муносиб ўтказди. Аҳмедов билан ишлаган мураббийлардан сўранг, уларнинг Одилга шикояти бормикан? У юқори даражадаги профессионал ва жамоавий ўйинчи”, – деди мутахассис.  “Краснодар”да у асосан қанот ярим ҳимоясида ўйнади, аслида эса Одил таянч ярим ҳимоячиси. Бундай футболчиларни “Box to box” дейишади. “Анжи”да у юлдузли таркиб аъзоси эди, “Краснодар”да ҳам Аҳмедов керакли ўйинчи бўлганди”.

Нашр мухбирининг Аҳмедов қайси футболчига ўхшаши борасидаги саволга Валерий Кузьмич Одил ўзига хос эканини яширмади. “Фақатгина кучсиз футболчиларни таққослаш мумкин. У – Одил Аҳмедов ва бу билан барчаси айтилмоқда”, – деди у.  

Тажрибали ярим ҳимоячининг илк мураббийи, шунингдек, Одил Аҳмедов сўнгги бир ярим мавсумда юқори формада бўлмаганини маълум қилди. “Сўнгги бир ярим мавсум Одил учун юқори даражада ўтмади. Вақти-вақти билан у асосий таркибдан тушиб қоларди”.

Валерий Непомняшчий Одил Аҳмедовнинг “Шанхай СИПГ”га ўтиши унинг фаолиятида пасайиш эмаслиги, Хитой чемпионати ўзига яраша қизиқарли эканини айтди.

“Одил ўз менталитети билан Хитой футболига мос келади. Унга Хитойда тўп суришни ким тавсия қилганини билмайман, лекин у ерда футболдан завқ олиш мумкин”, – дейди мутахассис.

Маълумот учун, Валерий Непомняшчий 2006 йили Ўзбекистон терма жамоаси ва “Пахтакор” клубида ишлаган. Одил Аҳмедов ҳам айнан ўша йили профессионал фаолиятини бошлаган эди.

2006–2011 йиллар давомида “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган Аҳмедов икки карра Ўзбекистон чемпиони (2006, 2007), уч карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби (2006, 2007, 2009) ҳамда Ҳамдўстлик мамлакатлари Кубоги (2007) ғолиби бўлган.

Шундан сўнг Одил Аҳмедов Россия чемпионатига йўл олиб, 2011–2014 йилларда Махачқалъанинг “Анжи” клубида тўп сурди. 2011 йилда у “Анжи”нинг энг яхши футболчиси деб топилганди.

Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи “Шанхай СИПГ” клубига ўтишдан аввал 2014–2016 йилларда “Краснодар” жамоасида ўйнади. 2014/15 йилги мавсумда у “Краснодар”нинг энг яхши футболчиси деб тан олинганди.

Бундан ташқари, 29 ёшли футболчи 4 марта – 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилларда Ўзбекистонда тенгсиз футболчи деб топилганди.