Васила Алибоева: Паралимпия ўйинларининг қолдирилгани фожиа эмас

Паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати Парадзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Васила Алибоева билан бу борада қисқача суҳбатлашди.

-Паралимпия ўйинларининг қолдирилишига муносабатингиз?

-Авваламбор инсон саломатлиги ҳамма нарсадан устун эканлигини айтмоқчиман. Бундай оғир эпидемиологик вазиятда бу каби йирик мусобани ўткизиш биринчи навбатда спортчиларнинг соғлигини хавф остига қўйиш деганидир. Вазиятни тўғри қабул қилган Халқаро Олимпия қўмитаси таваккал қилмади ва ўйинларни келгуси йилга қолдирди. Биз спортчилар учун бу фожиа эмас ва биз бундан асло тушкунликка тушмаяпмиз. Аксинча, бу бизга ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига янада пухта тайёргарлик кўришимиз учун берилган қўшимча имконият деб ҳисоблаймиз. Биз бу бир йил давомида ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб, билдирилаётган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.

-Карантин пайтида қандай шуғулланяпсиз?

-Ҳозир ҳамма спортчилар қатори мен ҳам ўз уйимда, оилам даврасидаман. Карантин бўлгани боис машғулотларни уйда давом эттиряпман. Бу борада мураббийларимнинг кўрсатмаларига алоҳида эътибор қаратаман. Албатта, уй шароитидаги машғулотлар билан халқаро мусобақаларда керакли натижага эришиб бўлмайди. Шу боис, юртимиздаги вазият тезроқ яхшиланишини ва биз спортчилар яна ўзимизнинг қадрдон спорт ареналаримизга қайтишимизга умид қиламан.

Сўзим охирида шуни айтмоқчиманки, бутун халқимиздан бирдамликни, хотиржамликни сақлаган ҳолда уйда қолишларини ва касалликни енгишда ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!