Виктор Жалилов: "Босимни ошириш эвазига пенальти ишладик"
Coca Cola Суперлига 24-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Металлург” (1:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “лочинлар” бош мураббийи Виктор Жалилов қатнашди.
- Чемпионат охирига яқинлашгани сари кўряпмизки, ўйинлар тақдири сўнгги дақиқаларда ҳал бўляпти. Кечаги учрашувларда ҳам кўрдик, Олмалиқда ҳам, Тошкентда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Бугун биз ҳам сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига ғалаба қозондик. Умуман олганда, ўйин тенг курашлар остида кечди. Биз ҳужум уюштирган паллаларда “Металлург” дарвозабони жамоасини қутқарди, қайсидир вазиятларда меҳмонлар хавфли ҳужумлар ташкил этишди. Лекин йигитлар ўзларини яхши томондан кўрсатишди. Айниқса, захирадан майдонга тушганлар ўйинга тезда киришиб кетишди, тезликни оширишди, ҳужумларга кескинлик бағишлашди. Маҳмудҳожиев гол уриши мумкин эди, лекин ўша вазиятда дарвозабон яхши ўйнади. Босимни ошириш эвазига пенальти ишладик. Бугун жамоамизнинг ғалабаси адолатли бўлди.
- “Металлург”га очко жуда зарурлигини инобатга олсак, учрашувнинг қийин кечишини олдиндан билганмидингиз?
- Бу йил турнир жадвалининг қуйи қисмидаги барча жамоалар билан ўйинларимиз оғир кечмоқда, уларга қарши баҳсларда кўп очко йўқотдик. Ўша очколарнинг ҳеч бўлмаганда ярмини олганимизда, ҳозирги ўрнимиз янада юқорироқда бўларди, эҳтимол. Афсуски, вазият шуни тақозо этди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар