Халқаро крикет кенгаши вакиллари Тошкентда бўлишди

Оммавийлиги жиҳатидан футболдан кейин иккинчи ўринда турувчи ва бугунги кунга келиб жаҳоннинг 4 миллиарддан ортиқ аҳолисининг севимли спорт турига айланган крикет халқимиз ўртасида оммалашмоқда.

2020 йили ЎКФ раиси Азиз Михлиев БААнинг Дубай шаҳрида Халқаро Крикет Кенгаши (ICC) ва Осиё Крикет кенгаши (АCC) раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон крикет федерациясининг халқаро ва Осиё крикет кенгаши аъзолигига қабул қилиниши масаласи муҳокама қилинганди. Ушбу учрашувда улар мамлакатимизда крикет спорт турининг тезроқ ривожланиш босқичига ўтишига хайрихоҳ эканликларини билдиришган эди. Ўзаро келишувга мувофиқ, халқаро крикет кенгаши (ICC)нинг Осиё мамлакатларида крикетни ривожлантириш бўлими бошлиғи, олий тоифали халқаро эксперт, жаноб Иқбол Сикандер ва ICCнинг молиялаштириш ишлари менежери Нитеша Котарийлар 11-13 июль кунлари Тошкентда бўлишиб, ЎКФ фаолияти билан яқиндан танишди.

Хусусан, экспертлар Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев ҳамроҳлигида Спортни ривожлантириш вазирлигига ташриф буюришди. Уларни вазир ўринбосари Абдулла Аслонов қабул қилди. Учрашувда томонлар крикет спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди. Ўз навбатида Спортни ривожлантириш вазирлиги крикет спорт турини оммалаштириш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

photo_2022-07-14_12-06-55

Шундан сўнг меҳмонлар Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида, Қибрай туманида қурилаётган крикет майдонида ҳамда Юнусобод туманидаги 258-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида "Anfa" крикет клубининг янгидан барпо этилган, халқаро стандартларга мос тарздаги машғулот майдонида бўлишди. Ташриф доирасида шунингдек, меҳмонлар ва Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев пойтахтимиздаги миллий матбуот марказида ОАВ ходимлари иштирокидаги матбуот анжуманида журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

photo_2022-07-14_12-06-56

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!