Халқаро мусобақа. Ўзбекистон U-14 терма жамоаси Вьетнамдан устун келди
Ads
Ўзбекистон U-14 терма жамоаси Хитойнинг Ухан шаҳрида ташкил қилинаётган халқаро мусобақада иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Биринчи турда Японияга 0-4 ҳисобида мағлуб бўлган футболчиларимиз иккинчи турда Таиланд устидан ишончли ғалабага эришган эдилар. Бугун гуруҳ баҳсларининг сўнгги турига старт берилди. Ушбу турда Азамат Абдураимов шогирдлари вьетнамлик рақибларига қарши тўп суришди.

Ўйиннинг асосий вақтида жамоалар дарвозаларга 2 тадан тўп киритишди. Ўзбекистон терма жамоасининг голларига Элбек Бўриев муаллифлик қилди. Асосий вақт дуранг билан тугагач пенальтилар сериясига навбат берилди. Лотореяда ўзбекистонлик футболчиларнинг қўллари баланд келди. Пенальтилар серияси 5-4 ҳисобида бизнинг фойдамизга ҳал бўлди.

Кейинги босқичга чиқувчи жамоаларнинг номи Япония-Таиланд учрашуви ниҳоясига етгач маълум бўлади.