Харидор Шомуродовни олиш бўйича аниқ режа тузиб қўйди
2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган ва бу ҳозирча мундиал йўлланмасини қўлга киритишга яхши имконият ҳосил қилган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва асосий тўпурари Элдор Шомуродов олдида катта масала турибди.
“Кальяри” ўзбек футболчиси билан расман хайрлашди ва энди 29 ёшли форвардимиз ўзига янги иш жойи топиши талаб этилади. Чунки келаси мавсум миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлидаги асосий босқични босиб ўтиши керак. Шомуродов эса, жамоа етакчиси сифатида яхшигина ўйин амалиётига эга бўлиши талаб этилади.
А Сериядаги жойини сақлаб қолган “Кальяри” клуби спорт директори Нерео Бонато маълум муддат “Рома” раҳбарияти билан Элдор Шомуродов трансфери учун талаб қилинган 9 миллион евро миқдоридаги бадал пулини пасайтиришни сўраб, музокара олиб борди. Бироқ ижобий ўзгариш бўлмади ва Шомуродов Римга қайтадиган бўлди.
Сардиния клуби фаолиятини ёритаётган cagliarinews24.com сайти эксперти Эмануэле Олла бу масалани қуйидаги таҳлил қилди.
- “Кальяри” римликлар талаб қилаётган суммани катта эканидан келиб чиқиб, Элдор Шомуродов трансферини амалга оширмасликка қарор қилди ва “Рома” билан мулоқотларни вақтинчалик тўхтатди.
Шундай қилиб, ўзбек футболчиси “Рома” сафига қайтади. Лекин жомадонини қўлдан қўймайди. Чунки пойтахт клуби Шомуродовни трансферга қўйиши кутилмоқда. “Калььяри” ану шу пайтни пойлаяпти. Агар Элдорга аниқ харидор чиқмаса, сардинияликлар бу футболчини сўраб, “Рома” билан музокараларни тиклашни режалаштирмоқда.
Чунки бу ҳолатда “Рома” ҳужумчини сотиб юбориш учун трансфер шартларини ўзгартиришга ва пасайтиришга мажбур бўлади, - деб ёзди Эмануэле Олла.
Ўз навбатида, “Рома” мутасаддилари ҳам бошқа клубларда ўйнаб, ижарадан қайтган футболчиларнинг келажаги борасида ишлашига тўғри келмоқда.
Италиялик футбол эксперти Лука Ди Леонардонинг ёзишича, “Рома” янги харидларни амалга ошириши учун бир неча футболчиларни сотиб юбориши ва маълум миқдорда маблағ жамғариши талаб этилади. Хусусан, Элдор Шомуродов учун 18 миллион евро атрофида харажат қилган римликлар ўзбек футболчиси трансфери орқали сарфланган маблағнинг имкон қадар кўпроқ қисмини қайтаришга уриняпти.
- Беш нафар футболчи Тригорияга қайтадиган бўлди, лекин улар “Рома”да қолмайди. Гап Элдор Шомуродов, Мараш Кумбулла, Ола Солбаккен, Эбрима Дарбое ва Давиде Мастрантонио ҳақида кетмоқда.
Бу ўйинчиларнинг ҳеч бири клуб раҳбариятининг ҳам, мураббийлар штабининг ҳам келаси мавсум режаларига киритилмаган. “Рома” спорт директори Флоран Гисольфи энди яқин бир неча ҳафта ичида уларга янги иш жойи топишга ҳаракат қилади, - деб ёзди Il Romanista газетаси.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов Италияда 2020 йилнинг октябридан бери ўйнамоқда. Тажрибали ҳужумчимиз “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Кальяри” сафида А Серия доирасида жами 102 та учрашувда қатнашиб, 15 та гол ва 9 та ассист қайд этган. Бугунги кунда ҳамюртимизнинг трансфер нархи 5 миллион еврони ташкил қилмоқда.
Тезкор: “Вильярреал” Файзуллаев трансферига муносабат билдирди!
Файзуллаев қўлдан чиқяпти ёхуд Аббосбек ва “Вильярреал” масаласига Италиядан қандай муносабат бўлди?
Фикрлар