"Химки"га таваккалга кетаётганимни билардим, "Навбаҳор"да тўп суришимни хоҳлаб туришса, нега йўқ дейишим керак?" - Алишер Одилов билан суҳбат
“Навбаҳор” клуби янги мавсум учун селекция ишларини давом эттиришяпти.Таркибга бир қатор футболчилар қўшиб олинди. Уларнинг орасида иқтидорли ҳужумчи Алишер Одилов ҳам бор.
“Олимпик” клубидаги ва олимпия терма жамоамиздаги ўйинлари орқали кўзга ташланган футболчи ўтган йили Россиянинг “Химки” клубига йўл олганди. Бироқ у ерда футболчимизга имконият берилмади. Натижада янги мавсумда яна юртимизга қайтди.
Одиловни ўз сафида кўришни хоҳлаган жамоалар бисёр эди. Алишер эса “Навбаҳор” билан шартнома имзолади.
- Алишер, аввало, "Навбаҳор" клубига ўтишингиз ҳақида сўрамоқчиман. Нега айнан ушбу клубни танладингиз?
- Мен вилоят, шаҳар клубларини ажратмайман. Аллоҳ ризқимни кайси жамоада берган бўлса ўша ерда ўйнайман. Ўзбекистондан жуда кўп клублар бор эди. “Навбаҳор”да ўйнашимни мендан ҳам кўпроқ улар хоҳлашди. Шунчалик “Навбаҳор”да тўп суришимни хоҳлаб турган бўлса, нега йўқ дейишим керак эди? Ўзимни ҳам фаолиятимни “Навбаҳор”да олиб бориш хоҳишим бор эди.
- "Химки" клуби билан трансфер масаласини қандай ҳал қилдинглар?
- “Химки” трансферини мен ҳал килмайман. Ҳал қиладиган агентим бор. Агентим билан биргаликда маслаҳатлашдик.
- Умуман, Россиядаги фаолиятингиз ҳам алоҳида мавзу десак муболаға қилмаган бўламиз. "Химки"да ўйнамаганингиз боиси, мураббий сизга ишонч билдирмади ёки бошқа сабаби борми?
- Тўғрисини айтсам, нега мени ўйнатмаганини ўзим ҳам тушунмадим. “Химки” яхши жамоа. Лекин ҳужумда таваккал қиладиган ўйинчилар йўқ эди. Мен “Химки”ни ҳамма ўйинларига тайёр эдим. Бироқ мураббий мени майдонга туширишни истамади. Ризқим “Химки”да эмас экан, бу менга жуда катта тажриба бўлди.
- Россияга бориб шошилдим ёки хато қилдим, деган фикр хаёлингизга келмадими?
- Мен таваккалга кетаётганими жуда яхши билардим. Аммо буни ўзим хоҳладим. Легионер бўлишни, таваккал қилишни яхши кўраман. Кетганимга унчалик афсусланмадим. Боя айтганимдек, менга бу жуда катта тажриба бўлди.
- "Навбаҳор" клуби янги таркиб шакллантиряпти ва сизга жамоанинг бир бўлаги сифатида қарашяпти. Лушчан сиздан нимани истаяпти ва мақсадингиз қандай?
- Жамоага энди қўшилдим. “Навбаҳор”да кўп йиллардан бери бирга ўйнаган дўстларим бор. Ўйинда ҳам бир-биримизни тушуниб ўйнаймиз. Мураббий билан алоҳида гаплашганим йўқ. Ҳозир фақат йиғин ўтказяпмиз. Мендан мураббий нимани хоҳласа шуни ортиғи билан бажариб бераман, Худо хоҳласа.
- Яна Россияда қолишингиз ҳам мумкинмиди?
- Унисини фақат Аллоҳ билади. Яна бир гап: мен андижонликман. 12 вилоят жамоасини ҳеч қачон ажратмайман. Аллоҳ қайси бирида футбол ўйнашимни ёзган бўлса, шунисида ўйнайман. Менга сен андижонликсан, “Андижон”да тўп суришинг керак эди, деган гапларни кўп айтишди. Тўғри тушунинглар, мени айтганим эмас, Аллоҳни айтгани бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар