"Хўжанд" бош мураббийи "Нефтчи"га учралган мағлубият ҳақида нима дейди?
Кеча бўлиб ўтган "Нефтчи" - "Хўжанд" халқаро ўртоқлик учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Рустам Хўжаевга қисқа саволларга жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида сизнинг таасуротларингиз қандай
- Таассуротлар яхши. Майдон ҳам, бугунги футбол об-ҳавоси ҳам ҳаммамизга маъқул бўлди. Учрашувга тўхталадиган бўлсак, яхши ўйин, яхши жамоа. "Нефтчи" Ўзбекистон Суперлигасида пешқадамлик қилаётган жамоадир. Бизда ҳали чемпионат бошлангани йўқ. Бизнинг бугунги кундаги вазифамиз мавсум бошлангунга қадар футболчиларимиз нимага қодир эканликларини синовдан ўтказиб, имкониятларимизни тўғри баҳолаб олишдан иборатдир. Сафимизда хориждан таклиф этилган африкалик легионер виза муаммоси туфайли бу учрашувга кела олмади, баъзи футболчиларимиз эса жароҳат туфайли майдонга туша олмадилар, айрим вакилларимиз олимпия терма жамоасида бандлар. Лекин булар бизнинг ички муаммоларимиз. Ўйиндаги камчиликларимизни бу муаммолар билан оқламоқчи эмасман. Биз анча кучли, тажрибали ва маҳоратли жамоа билан баҳслашдик.
- Рустам ака, сизлар Фарғона билан азалдан яқин алоқадасизлар. Жамоаларнинг бир-бирларига доимий борди-келдилари бор. Яқин келажакда Фарғона футболчилари ҳам Хўжандга жавоб учрашувлари учун таклиф этиладиларми?
- Бу менга боғлиқ эмас. Фарғоналиклар хоҳлаган вақтларида истак билдириб, биз билан беллашув ўтказишлари мумкин. Биз ўтган йили ҳам Фарғонадан ташқари Наманган ва Бекобод шаҳарларида бўлиб, футболчиларимизни синовдан ўтказганмиз. Касбдошларимиз-мураббийларнинг фойдали маслаҳатлари билан ўртоқлашганмиз. Ўйлайманки, бундай яқин муносабатлар иккала томонга ҳам фойда келтиради. Дўстлик ва қўшничилик алоқалари спортни-футболни ривожлантиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатаётганлигини чин-юракдан хис этмоқдамиз.
“Нефтчи” матбуот хизмати.
Фикрлар