Яна 5 нафар боксчимиз финалга йўл олди, 4 нафари эса бронза медалини қўлга киритди!
Хабарингиз бор, айни кунларда Болгариянинг София шаҳрида "Странджа" турнири бўлиб ўтмоқда.
Бугун мусобақанинг ярим финал баҳслари ниҳоясига етди.
-50 кг вазнда бўлиб ўтиши керак бўлган, Асилбек Жалилов ҳамда қозоғистонлик Даниял Сабит иштирокидаги баҳс, Асилбекнинг елкасидан олган жароҳати сабабли ўтказилмайдиган бўлди. Шу тариқа боксчимиз мусобақани бронза медали билан якунлади.
-70 кг вазнда бўлиб ўтиши керак бўлган яна бир баҳс, Шавкатжон Болтаев ва қозоғистонлик Фарух Тохтассунов ўртасидаги баҳс ҳам ўтказилмайдиган бўлди. Шавкатжон бундан олдинги жангларда жароҳат орттириб олган ва унинг бугун ярим финалда рингга кўтарилишига шифокорларимиз рухсат беришмади.
-75 кг да Фазлиддин Эркинбоев бу вазнда ушбу турнирнинг энг кучли боксчиси эканлигини намойиш этишда давом этмоқда. Унга ярим финалда Италия вакили Габриеле Гуиди рақиблик қилди. Кутилганидек Эркинбоев жангда катта устунлик қилди ва 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-80 кг да Жавоҳир Умматалиевга ҳам ярим финалда украиналик Жамал Кулиев рақиблик қилди. Қайсидир маънода аввалги босқичда финалдан олдинги финални ўз фойдасига ҳал қилган Умматалиев украин боксчисига ҳам имконият қолдирмади ва 3:2 ҳисобида зафар қучди.
-85 кг да Акмалжон Исроилов ва Данило Жасан (Украина) тўқнашувида ҳамюртимиз ҳакамлар қарорига кўра зафар қучиб, финал йўлланмасига эга чиқди!
-90 кг да Тўрабек Хабибуллаев Жосеп Авинонгя(АҚШ)га ҳеч қандай имкон қолдирмади - 5:0.
+90 кгда Озодбек Алиевга бу босқичда мезбонлар вакили Ёрдан Морежон рақиблик қилди. Ёш боксчимиз ҳам ўзига билдирилган ишончни ортиғи билан оқлаган ҳолда, ярим финалда ҳам 3:2 ҳисобида ғалабага эришди ва финалга чиқди.
-85 кг да Норбек Абдуллаев тўлиқ 3 раунд давом этган баҳсда очколар эвазига Матви Ражба(Украина)дан мағлубиятга учради ва турнирни бронза медали билан ниҳоясига еткади.
Ва, ниҳоят, -90 кгда Самир Собиров ҳам ўз жангини ўтказди. Унга Украина вакили Богдан Толмачов рақиблик қилди. Ҳа, чорак финада жуда жиддий қаршиликни енгиб, ўта олган Собировга бу сафар бироз тажриба ва омад етишмади. У 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва бронза билан чекланди.
Шу тариқа барча финалчиларимиз сони 11 нафарга етди (5 таси йигитлар, 6 таси қизлар). Яна 6 нафар боксчимиз эса мусобақани бронза медали билан якунлади.
Фикрлар