"Янада орқароққа". Сўнгги ўринга тушиб қолган "Динамо" таркибида қандай ўзгаришлар бўлади?

Суперлигада яққол аутсайдер Самарқанднинг “Динамо” клубига тегишли. Улар 14 та жамоа орасида охирги ўринда. Ўтган йили про лигада муваффақиятли қатнашиб, кучлилар орасига қайтган жамоа қишда анча селекция ишларини олиб борганди. Мураббийлар штаби ҳам Сербиядан олиб келинди. “Динамо”ни кучайтиряпмиз деб ўйлашди ва буни натижаларда ҳам акс эттириш клубнинг асосий вазифасига айланганди. Аммо 10 та учрашувда клуб бор-йўғи 6 очко жамғарди.

Предраг Роган “Динамо”га бош мураббий этиб тайинланганида бу ерга катта мақсадлар билан келганини айтганди. Таркибга маҳаллий ўйинчилар билан бирга легионерларни ҳам олиб келди. Янги мураббий янги мамлакат ва янги чемпионатга мослашиши лозим эди. Шу сабабли ўзининг қарашларидан келиб чиқиб жамоа ўйинини қуришга киришди. Албатта, унга вақт кераклиги ўзи шундоқ ҳам олдиндан маълум эди. Боиси, “Динамо”да исталган мураббий бирданига нимадир қилиб юбориши ўта мураккаб масала.

динамо4_3

Суперлига дебютанти учун кутилганидек чемпионат қийин бошланди. Илк турларда “Пахтакор” билан “Сўғдиёна”га мағлубиятга учради. Илк очкосини 3-турда “Қизилқум”га қарши ўйинда қўлга киритди. Самарқанддаги баҳда ҳисоб очилмади – 0:0. Ҳозирча ягона бўлиб турган ғалабасини эса 5-турда нишонлади. Ўз уйида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасини қабул қилиб 3:1 натижаси билан устунликка эришди. Ўша учрашувдан сўнг “Динамо” кетма-кет иккита ўйинни дуранг билан якунлади. Яна иккита учрашувда мағлубиятга учраганидан сўнг сербиялик Роганга чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. Натижада чемпионатдаги илк истеъфо рўй берди. Унинг ўрнини йил бошидан бери спорт директори сифатида ишлаб келаётган Андрей Шипилов эгаллади. Янги мураббий бошчилигида “Динамо” 10-турда ўз майдонида АГМКга қарши майдонга тушди. Лекин самарқандликлар 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Шундай қилиб, Самарқанд жамоасида 1 ғалаба, 3 дуранг ва 6 мағлубият бор. Рақиблар дарвозасига 8 та гол уришган ва ўз дарвозасидан 16 та тўп ўтказиб юборганлар. 11-турда Самарқандда “Насаф” билан ўтказилиши керак бўлган учрашув қолдирилган. Энди Шипиловнинг зиммасига катта масъулият юкланди. Аксига олиб у ҳам мағлубият билан бошлади. Суперлигадаги танаффусдан “Динамо” албатта максимал фойдаланиши керак. Ўйиндаги камчиликлар устида ишлаш ва бартараф этиш учун етарлича фурсат бўляпти. Барибир ёзги селекцияда таркибда яна ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳар қалай Андрей Шипиловни ҳам футболга ўз қараши бор. Унинг услубига кимдир мос тушади, кимдир эса йўқ.

динамо6

Футболчиларни танлашда ҳам тўғри танлов жуда муҳим. Мавсум бошида таркибга кўплаб янги ўйинчилар келди, уларнинг орасида легионерлар ҳам бор. Лекин босниялик ҳужумчи Александр Глишич жамоага мослаша олмади. У дастлабки 4 та учрашувда майдонга тушди, гол ура олгани йўқ. Кейин эса Глишич раҳбарият билан ўзаро келишган ҳолда шартномани бекор қилишга қарор қилди. Ҳозирда клубда уч нафар легионер қолган. Булар – Милое Прекович, Михайло Йованович ҳамда Евгений Чумак.

“Динамо” ўз ўйинини шакллантирмас ва таркибини кучайтирмас экан, жамоа охирги ўриндан қутула олиши қийин масалага айланиб бораверади. Албатта, олдинда ҳали вақт бор, тўлиқ иккинчи давра ҳам турибди. Фақат 10 та учрашувдан тегишли хулосалар чиқарилиши шарт. Акс ҳолда “Динамо”ни яна про лигада кўришимиз ҳам ҳеч гап эмас. Шундоқ ҳам мавсум аввалида ушбу клубни кўпчилик лигада қолиш учун курашишини айтганида, жамоа бундай тахминларни йўққа чиқарса керак, деган тахминга боргандик. Лекин ҳозирча ҳаммаси олдиндан кутилганидек кетяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!