Янги тўпурар Шомуродов билан рақобатга тайёрланмоқда!
Юқори ўринлар ва Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашишни мақсад қилган “Рома” янги мавсум олдидан асосий ҳужумчи сифатида украиналик Артём Довбикни олиб келди. Пойтахт “бўрилари” бу трансферга 30,5 миллион евро сарфлади.
Довбик ўз юртидан ташқари, Молдова ва Норвегия чемпионатларида тажриба оширган. Ўтган мавсумда “Жирона” шарафини ҳимоя қилиб, Ла Лигадаги дебют мавсумидаёқ 36 та учрашувда 24 та гол ва саккизта ассист муаллифи бўлди. Испания чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган 27 ёшли форвард Европанинг гранд клублари назарига тушди.
Украиналик тўпурар таклифлар орасидан “Рома” чорловини қабул қилди.
“Рома” – катта тарихга эга, фантастик мухлислари бор буюк клуб эканини биламаее. “Олимпико” аренасидаги муҳит ўзгача ва буни дарров ҳис қилди. Ла Лигада тўпурар бўлиш муҳим, бу соврин ўзимга бўлган ишончни оширади.
Мен Италиядаги ҳам ана шундай совринни қўлга киритишга уринаман. Бу жуда катта саргузашт бўлади, чунки мен ҳам бир пайтлар Италия чемпионатида ўзини кўрсатган Андрей Шевченко сингари ҳужумчиман, майдонда нималарга қодирлигимни кўрсатаман, - деди Артём Довбик Рим клубига қўшилганидан кейин.
Довбикнинг А Сериядаги дебюти ўзи кутгандек чиқмади. “Кальяри” ва “Эмполи”га қарши учрашувларда тўлиқ ўйнаган форвард рақиблар дарвозасига йўл топа олмади.
“Рома”нинг янги мавсумдаги дебют голини уриш Артём Довбик, Пауло Дибала, Матиас Суле каби асосий ҳужумчиларга эмас, майдонда атиги 13 дақиқа ҳаракат қилиб, “Эмполи” ҳимоясини титратиб ташлаган Элдор Шомуродовга насиб этди.
Ҳозир бош мураббий Даниэле Де Россининг боши қотган. Италиялик мутахассис ўзбек футболчисига муносабатини ўзгартирди. Элдор машғулотларда аксарият ўйинчилардан яхши меҳнат қилаётганини ва ўзига айнан мана шунақа ўйинчилар кераклигини таъкидлади.
Украина ва жаҳон футболини ёритиб келаётган fanday.net сайти экспертлари “Рома”га асосий ҳужумчи сифатида олиб келинган Артём Довбик энди Элдор Шомуродов билан рақобатлашишига тўғри келишини таъкидламоқда.
- Энди Артём Домбик “Рома” асосий таркибидаги жойи учун рақобатга киришишига тўғри келади. Рим клуби украиналик футболчидан олдин гол урган бошқа ҳужумчини таркибда олиб қоладиган бўляпти.
“Рома” А Сериянинг дастлабки икки турида атиги битта гол урди. Бу тўпни Артём Довбик эмас, Элдор Шомуродов “Эмполи” дарвозасига киритди.
Италия матбуоти, хусусан, Corriere dello Sport нашри римликларда ўзбек ҳужумчиси бўйича таклифлар борлиги ҳақида маълумот тарқатяпти. Шу билан бирга яна бир нуфузли манба – La Gazzetta dello Sport “Рома” мутасаддилари англиялик ҳужумчи Тэмми Абрахамни қўйиб юбориб, жамоада Артём Довбикка рақобатчи сифатида айнан Элдор Шомуродовни олиб қоладиган бўляпти, - деб ёзди fanday.net сайти журналисти Андрей Шевченко.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг Артём Довбикдан айрим устунликларга эга. Биринчидан, ўзбек легионери А Серияда бешинчи мавсумини ўтказмоқда ва Италия футболига ҳар томонлама мослашиб бўлган.
Шунингдек, ҳамюртимиз универсал ҳужумчилар тоифасига киради. Асосий позицияси ҳужум маркази бўлишига қарамай, Элдор ҳар икки қанотдан ҳужум уюштиришга мослашган ва айрим учрашувларда ярим ҳимоячи ёки плеймейкер вазифасини ҳам бажариб келади.
Артём Довбик ҳали Италия футболидан ташқари бу мамлакатнинг турмуш тарзи, тили ва урф-одатларига мослашишига муайян вақт кетади.
Майдонда эса, Артём Довбик фақат марказий ҳужумчи сифатида ўйнайди ва асосий вазифаси рақиб дарвозасини ишғол қилиш ҳисобланади.
Демак, бизни қизиқ мавсум кутмоқда. Кўп нарса ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида Элдор Шомуродов ва “Рома” қандай қарорга келишига боғлиқ бўлади. Легионеримиз атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз.
“Ланс”да ва Ҳусанов атрофида жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда!
Шомуродовнинг “Рома”даги икки рақобатчиси юртига кетади!
Парижда порлаган легионеримиз Саудия Арабистонига йўл олмоқчи!
Шомуродов зўр ўйинчи эди, лекин “Рома”да уни “бўғиб” қўйишди!
Шомуродов буни 834 кун кутди!
Фикрлар