Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси МОҚ меҳмони бўлди

 

Умид Аҳмаджоновнинг таклифига биноан Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки бугун Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни МОҚ Президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроиловлар кутиб олишди. Ташриф давомида жаноб Нобуакига элчихонанинг учинчи котиби Кейко Китамотто ҳамроҳлик қилди.

Учрашув аввалида Умид Аҳмаджонов суҳбатни бошлар экан, икки мамлакат орасида кўпгина соҳаларда дўстона алоқалар йўлга қўйилганлигига эътибор қаратди. Япония билан, хусусан, Япония ва Ўзбекистон  футбол ассоциациялари ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлиги, бу борада Япония ФА билан меморандум имзолангани, Умид Маҳамаджоновичнинг ўзи шахсан Токиода мамлакат футбол ассоциацияси раҳбари билан учрашгани ҳақида сўзлаб берди.

Айни пайтда ҳам Ўзбекистондаги футбол клубларида фаолият юритаётган кўпгина мутахассислар Токиода бўлиб туришибди ва иш тажрибасини ўрганишмоқда. Бундан аввалроқ футбол академияларида фаолият олиб бораётган мураббийлар ҳам Япония футбол мактаблари тизимини ўрганиб қайтишганди. Ҳуллас, бу борада ишлар жойида.

МОҚ раҳбари энди ушбу алоқаларни янги даражага кўтариш, Япония Миллий олимпия қўмитаси билан ҳам ҳамкорлик ришларини ўрнатиш истагида эканлигини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Токио 2020 Олимпия ўйинларига тайёргарликни жадал суратларда давом эттирмоқда. Мамлакатимиз спортчилари кунчиқар юртда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишлари, маҳаллий иқлим ва шароитга мослашишлари учун у ердаги халқаро турнирларда иштирок этишлари фойдадан ҳоли бўлмаслигини, Япония спортидан кўп нарса ўрганса бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди МОҚ Президенти.

Шоакром Исроилов эса Японияда ва Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия университетлари ўртасида меморандум имзоланганлиги, яқин алоқалар йўлга қўйилганлигини қайд этиб ўтди ҳамда япониялик мутахассисларни Ўзбекистонга олиб келишда жаноб элчидан амалий ёрдам кўрсатишини сўради.

Умид Аҳмаджонов суҳбат давомида Япония дзюдо ватани эканлиги, Токиодаги жаҳонга машҳур "Кодокан" дзюдо маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш нияти борлигини изҳор қилди. Мамлакатимизда дзюдо анча оммалашганлиги, ўзбекистонлик дзюдочилар ҳам ёзги Олиимпия ўйинларида мунтазам равишда совриндорлар сафидан жой олиб келишаётганлигига алоҳида урғу берди.

Ўз навбатида жаноб элчи таклиф учун миннатдорчилик билдирди. Суҳбат аввалида жаноб Ито Нобуаки Умид Аҳмаджоновни футбол бўйича Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги муваффақияти билан алоҳида табриклади. Шунингдек, Япониянинг "Мезбон шаҳар" дастури асосида Маидзуру шаҳри билан Ўзбекистон МОҚ ўртасида меморандум имзолаганлигидан хабардор эканлигини маълум қилди.

Унга кўра, спорт курашлари ва дзюдо бўйича терма жамоаларимиз Олимпиадага Японияда тайёргарлик кўришади. Элчи жаноблари  шунингдек, Ўзбекистоннинг бокс ва оғир атлетика бўйича терма жамоаларини ҳам Японияда кўришдан хурсанд бўлишини, спортнинг ушбу турларида Ўзбекистон жаҳоннинг етакчи мамлакатлари орасига киришини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу ҳамкорлик иккала томон учун ҳам манфаатли бўлишига алоҳида урғу берди.

Сўнгги йилларда JICA ташкилоти томонидан юборилган бир неча япониялик мутахассислар ўзбекистонда каратэ ва спортнинг бошқа турларида волонтёрлик асосида мураббийлик қилишди. Бундан буён ҳам у ушбу ҳамкорликни давом эттиришга ҳаракат қилишини айтиб ўтди.

Суҳбат давомида Умид Аҳмаджонов шунингдек, дзюдо, спорт гимнастикаси, сузиш, стол тенниси, енгил атлетика спорт турларига япониялик мураббийларни таклиф этиш масаласини кўтарди.

МОҚқа амалга оширган ташрифи давомида элчи Ито Нобуаки қўмитанинг музейи, ташкилот худудида жойлашган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини ҳам кузатди ва илиқ таассуротлар билан ортга қайтди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!