"Яширмайман, мавсумни "Сурхон"да бошлашимиз керак эди, шунинг учун Малайзиядан тушган таклифни рад этгандим" - Бобур Йўлдошев энди қайси клубда тўп суради?
Иқтидорли ҳимоячи Бобур Йўлдошев 2022 йилни “Қизилқум” сафида ўтказганини биласиз. Лекин шартномаси тугагач, футболчи у ердан кетди.
Айни пайтда у ҳеч бир жамоа сафида эмас. Бироқ тез орада вазиятга ойдинлик киритилиши кутилмоқда. Бу ҳақида Бобур Йўлдошев Sports.uz журналистига айтди.
- Қишки селекция чоғида футболчиларнинг у клубдан бу клубга ўтишлари мухлисларни бефарқ қолдирмайди. Шу маънода айтганда, сизнинг ҳам янги мавсумни қайси жамоада бошлашингиз ишқибозлар учун қизиқ...
- Музокаралар давом этяпти. Яқин кунларда ҳаммаси аниқ бўлади. Ҳозир номини айтмай турганим яхшироқ бўлади.
- 2022 йилни “Қизилқум” сафида ўтказдингиз. Навоийларни тарк этишингиз сиз учун энг тўғри йўлмиди ёки қолиш имкониятингиз ҳам мавжудмиди?
- Қолиш имкониятим мавжуд эди. Ҳозиргача телефон қилишяпти, клубга чақиришяпти. У ердан кетганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Менда шунақаки, ҳеч қачон ортда қолган нарсага афсусланиш ҳолати бўлмайди. Нима бўлиши пешонамизга ёзилган. “Қизилқум”га келадиган бўлсак, биласиз у ерга борган футболчиларнинг ҳаммаси кетди. Клуб энди бюджетини қисқартирган. Эътиборини кўпроқ маҳаллий ўйинчиларига қаратмоқчи. Ўтган йилгига қараганда мақсадлари бошқачароқ. Натижада кетишга қарор қилдик.
- Ўзингиз айтганингиздек, ўтган йилги таркибдан аксарият етакчилар бирданига кетишди. Бунга муносабатингиз?
- Шароит қониқтирмаган. Ҳаммани ўзига яраша ўйлаши, фикрлаш доираси бор. Ёппасига кетдими, боя айтганимдек, жамоанинг бу йилги мақсадлари бошқачароқ. Ёшлар ва маҳаллий футболчилар билан бу йилги мавсумни ўтказишмоқчи.
- “Қизилқум” чемпионатда 5-ўринни эгаллади. Бу қанчалик қониқарли деб ўйлайсиз?
- “Қизилқум” бунгача 5-ўринни 19 йил олдин қўлга киритган экан, шунақа дейишди. Албатта, натижа яхши, ёмон эмас. Лекин у ерда тўпланган футболчилар билан бемалол совринли ўринларга кирса бўларди. Асосий мақсадими шу эди. Ҳаммада ишонч ҳам бор эди. Бир сўз билан айтганда, шу нарсага ишониб у ерга боргандик. “Қизилқум”да тўпланган футболчилар ҳар доим совринли ўринлар учун курашадиган клубларда ўйнаган. Агар раҳбарият томонидан янада яхшироқ эътибор бўлганида бемалол вазифани бажарсак бўларди. Кераксиз пайтларда очко улашиб қўйдик. Агар 6 очко олганимизда тўртталикка кирган бўлардик.
- Янги мавсумда сизни “Сурхон” таркибида тўп суришингиз ҳақида эшитгандим. Кейин бу танлов амалга ошмади, шундайми?
- Тўғри, яширмайман, мавсумни “Сурхон”да бошлашимиз керак эди. “Сурхон”га ваъда қилиб қўйгандим. Ҳолбуки, олдимда хориждан ҳам яхши вариантим бор эди ва уни ҳам бекор қилишимга тўғри келди. Биз ишонгандик. “Сурхон”да бир кунда ҳамма нарса ўзгариб кетди. Лекин бу йил у ерда катта ўзгаришлар бўлиши керак эди, режа бўйича. Эшитган бўлсангиз, “Сурхон”га яхши футболчилар йиғилаётганди.
- Айнан қайси мамлакатдан таклиф бор эди?
- Аниқ таклиф Малайзиядан келганди. “Сурхон” раҳбариятига айтганман. Улар шу ерда қол, ҳаммаси яхши бўлади, деб айтишганди. Аммо кейин раҳбарият ўзгариб кетди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар