Яхшибоевдан бошқа ҳеч ким Беларусь чемпионатида 15 та ўйинда 10 та гол ура олмаган!
Беларусь чемпионати пешқадами – Солигорскнинг “Шахтёр” жамоасига кўчиб ўтган ўзбек футболчиси Жасур Яхшибоев тўпурарлик маҳоратини намойиш қилишда давом этмоқда.
Асли трансфер ҳуқуқи “Пахтакор”га тегишли бўлган Жасур мавсумнинг биринчи ярмини “Энергетик-БГУ” жамоасида ўтказиб, юқори савияли футболчи эканини исботлай олди. У Минск шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган жамоа таркибида 14 та ўйинда 9 та гол урди.
Биринчи давра баҳсларидан кейин Беларусь чемпионатининг қудратли жамоалари – БАТЭ, “Динамо” ва “Шахтёр” ўзбек легионерини ўз сафига чорлади. Яхшибоев чемпионлик учун курашадиган жамоага ўтиб, келажакда Европа Чемпионлар лигасида ўйнаш мақсадида “Шахтёр” таклифини қабул қилди.
Мана энди Жасур янги жамоасидаги фаолиятини ҳам муваффақиятли бошлади. Аслида ярим ҳимоячи бўлган ҳамюртимиз гол уриш бўйича ҳужумчилар ҳавас қиладиган самарадорликка эришмоқда. Янги жамоасидаги илк учрашувини иккинчи бўлимдан бошлаган Жасурга Солигорскда дебют голини киритиш учун ярим соатдан сал кўпроқ вақт кифоя қилди.
“Городея” дарврзасини ишғол қилиб, жамоасининг 4:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаган Яхшибоев илк учрашувдаёқ “Шахтёр”нинг танлови тўғри бўлганини исботлади ва жамоа мухлисларининг ҳурматини қозона олди.
Беларусь чемпионатининг даслабки туридан мусобақанинг энг яхши футболчиси номини ўзида сақлаб турган Яхшибоев жорий мавсумда 10 та гол урган биринчи тўпурарга айланди. Бомбардирлар баҳсида шу кунгача у билан рақобатлашиб келган ва энди “Шахтёр”да бирга тўп сураётган Виталий Лисакович “Городея” билан баҳсда иккита ассистни амалга оширган бўлса-да, ўзи рақиб дарвозасига йўл топа олмади.
Шу тариқа, чемпионатда 15 та учрашув ўтказиб, 10 та гол урган Жасур Яхшибоев тўпурарлар баҳсида якка пешқадамга айланди.
Статистик маълумотларга қараганда, сўнгги ўн йилда 15 та учрашувда 10 та гол уриш ҳеч қайси жамоа ҳужумчисига насиб қилмаган.
Фикрлар