Ё бугундан ўзингизни ислоҳ қилишни бошлайсиз, ёки сизларни "тузлашда" давом этамиз

Sports.uz U-21 мусобақасини трансляция қилишга киришганидан хабарингиз бор. Бу қувонарли янгилик, аммо ишга киришишимиз билан кўплаб муаммоларга дуч келишни бошладик. Йиллар давомида эътибордан четда қолган мусобақани эфирга олиб чиқиш биз ўйлагандан анчагина муаммоли экан.

Клубларнинг U-21 жамоалари тўп тепиши учун тақдим этаётган стадионларини томоша қилар эканман, мусобақага бўлган муносабат анча паст эканлиги кўзга ташланди. "Динамо" Самарқандни ҳисобга олмасак, қолган 3 та ўйинимизда бизга асосий жамоа ҳаракатланадиган майдонда тўп тепишга рухсат беришгани йўқ. Уларни тушунаман. Ҳозирги об-ҳавода асосий майдонни идеал ҳолда сақлаб туриш мушкул. U-21 жамоалари кўпинча клубнинг иккинчи майдонида ўйин ўтказишга мажбур.

Бу стадионларда сўнгги 15 йил ичида бўлган ўйинларнинг бирортаси экранларга кўчмагани боис трансляция қилиш учун шароит йўқ. "Локомотив"нинг иккинчи аренасида эса аксинча, шароит нормал. Аммо майдон чими стандартга жавоб бермади. Умуман олганда, U-21 мусобақасини халққа тақдим этиш йўлида муаммоларга дуч келишда давом этяпмиз. Ҳозир йигитлар АГМК клубига тегишли бўлган "Металлург" стадионида бўлиб турибди. Деярли 7 кишидан иборат жамоа бўлиб, Олмалиққа ташриф буюрилганига қарамай, ўзимиз истаган даражадаги трансляцияни қила олмаяпмиз. Бу доимо омма эътиборидан четда қолган мусобақани янги даражага олиб чиқиш йўлида учраган илк муаммоларимиздан бири.

Odil2

Ҳали бундан ҳам қийин вазиятлар бизни олдинда кутиб турганига шубҳам йўқ. Агар гап U-14 ёки U-16 жамоалари ҳақида борганида, тушунган бўлар эдим. Гап асосий жамоага тайёр номзодлар тўп тепаётган ёшлар лигаси ҳақида кетмоқда!!! Бу таркибдаги исталган футболчи келаси ҳафтада асосий жамоани жонига оро кириши мумкин. Энди аввалгидек бу турнирга панжа ортидан қарашни иложи йўқ. Жаноб клуб раҳбарлари, яна такрорлайман бу турнирга энди панжа ортидан қарашингизнинг иложи йўқ.

Ўйлашимча, ҳали бундай тўсиқларни кўпини енгиб ўтишга тўғри келади. Илк 4 та уринишдан фақат биттасидагина (Самарқандда) ўйинни ўзимиз истаган даражада намойиш этиб бердик. Юқоридаги 3 та ҳолатда эса вазият ва шароит бунга йўл қўймади.

Шу ўринда, Суперлигамизнинг барча клубларига бир илтимосим бор. Биз боришимизни кутмай, U-21 жамоангиз тўп тепадиган стадиондаги трансляция учун шароитларга бир кўз югуртириб қўйинг. Чекинишга энди жуда кеч. Ё бугундан ўзингизни ислох қилишни бошлайсиз, ёки сизларни "тузлашда" давом этамиз. Танлов ўзингизда.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!