"Юнайтед"да янги эра! Жамоани тарк этаётганлар ва келаётганлар ошкор қилинди
Янги эра! "Манчестер Юнайтед"да катта ўзгаришлар содир бўлиши кутилмоқда. Янги мурабббий Эрик тен Хаг ва унинг ўйин услубига мос келувчи футболчилар "қизил иблислар" таркибида жам бўлиши кутилмоқда. Унинг тактикасига тушмайдиган ўйинчилар кетиши керак. Йўқ, бу жараён бошланиб ҳам бўлди.
Эдинсон Кавани: 2020 йилдан бери "қизил иблислар" либосида 59 та ўйинда иштирок этиб, 19 та гол уришга эришган форвард манкунияликлар сафини тарк этиб улгурди. Уругвайликка айни вақтда "Фиорентина" ҳамда Мексиканинг "Толука" клуби даъвогарлик қилмоқда.
Неманья Матич: У аллақачон Жозе Моуриньо бошқараётган "Рома" билан шартнома имзолаб улгурган. Серб МЮ сафида 5 мавсум тўп тепди. Жуда яхши эмас-ку, аммо ёмон ҳам эмас. Манкунияликлар сафида у қисман ўзидан кутилган ўйинни намойиш этди. Энди уни Римда саргузаштлар кутмоқда. Айтганча, у "бўрилар" билан 2023 йилга қадар мўлжалланган шартномага имзо чеккан.
Хуан Мата: Испаниялик ярим ҳимоячининг ҳам Манчестер клуби билан ҳамкорлиги 8 йиллик фаолиятдан сўнг якунига етди. 285 учрашув, 51 та гол ва тўртта соврин. 2016 йилда Хуан Англия кубогини, бир йилдан сўнг Европа лигаси ва лига кубогини, сўнгра мамлакат Суперкубогини қўлга киритди.
Жесси Лингард: У ҳам клубни тарк этади. Жесси 2001 йили 8 ёшида ушбу клуб сафига келиб қўшилган. Катта жамоада 2015 йилда дебют қилган. 232 та учрашув ва 35 та гол.
Антони Марсьяль борасида ҳозирча расмий хабарлар йўқ. Бироқ миш-мишлар етарлича. 2021/2022 йилги мавсумнинг иккинчи қисмида у "Севилья" сафига бориб қўшилди. У Испанияда ҳам кутилган ўйинни намойиш эта олмади. 9 беллашув ва 1 ассист. "The Telegraph" нашрининг хабар беришича, айни вақтда "қизил иблислар" уни сотишга тайёр. Антони трансферидан тушган пулни манкунияликлар янги ҳужумчи сотиб олишга сарфлайди.
Энг шов-шувли кетиш Погбага тегишли бўлса керак. У "қизил иблислар"ни қаттиқ зарба билан тарк этмоқда. Сабаби, Поль клуб унга ҳатто янги шартнома таклиф қилмаганидан хафа бўлди.
"Футболчи ўзини клуб учун муҳим ҳис қилиши керак. Агар шундай бўлмаса, ҳаммаси тугади. Мен жароҳатдан энди тикланаётган эдим. Улар менга ёрдам беришмади ва келажагим ҳақида қайғуришмади. Шундай қилиб, мен Франция терма жамоасига боришга мажбур бўлдим. У ерда ўзимга бўлган ишончни тикладим", - деди ярим ҳимоячи "Amazon Prime"даги "The Pogmentary" ҳужжатли фильмида.
Француз 2016 йилда "Ювентус"дан МЮга 105 миллион евро эвазига кўчиб ўтганди. Клуб билан у Европа лигаси ва Англия кубогини ютишга муваффақ бўлди. Қайтганидан сўнг, у "қизил иблислар" сафида 154 та учрашувда майдонга тушиб, 29 та гол урди. Погба МЮда ўзининг энг юқори даражасига чиқиши ва ҳақиқий етакчи бўлиши кутилганди. Бироқ у кўп бора жароҳат олиб, клуб учун "бош оғриқ" бўлди, холос.
"La Gazetta dello Sport" нашрининг хабарига кўра, у "Ювентус"да эркин агент сифатида бориб қўшилади. Худди шу воқеа 2012 йилда ҳам содир бўлганди.
Янгиларда нима гаплар?
"Sky Sports" нашрининг хабар беришича, МЮни Погба, Матич ҳамда Мата тарк этганидан сўнг клуб камида битта ярим ҳимоячи билан шартнома имзолаши керак.
Айни вақтда асосий мақсад - Френки Де Йонг. "Барселона" билан музокаралар давом этмоқда. Томонлар тез орада келишувга эришиши кутилмоқда. Фабрицио Романонинг хабар беришича, МЮнинг нидерландиялик учун илк таклифи 60+10 миллион евро бўлган. Бу миқдор "Барселона"ни қониқтирмади. Улар камида 85 миллион евро олишни истамоқда. Хави Френкини жамоада сақлаб қолишни истайди. Шундай бўлса-да молиявий муаммолар бунга тўсиқ бўлмоқда.
"Sky Sports" яна кўплаб инсайд хабарлар бермоқда. Унга кўра, "қизил иблислар" Де Йонгдан ташқари ҳужумнинг исталган қисмида ўйнай оладиган футболчи харид қилиш ҳақида ўйламоқда. Асосий вариант - "Аякс" вингери Антони. 22 ёшли бразилиялик Тен Хаг билан ишлаб улгурган. Ўтган мавсум у жами 33 та ўйинда майдонга тушиб, 12 та гол ҳамда 10 та ассист муаллифига айланган. Тахминий трансфер суммаси 60 миллион евро бўлиши кутилмоқда.
"Бенфика" ҳужумчиси Дарвин Нуньес варианти ҳам бор эди, аммо у аллақачон "Ливерпуль" билан шартнома имзолаб бўлди. Ҳақиқат шундаки, уругвайликнинг трансфер суммаси МЮни қўрқитиб қўйди. (75+25 миллион евро) Шу туфайли клуб ҳеч қандай расмий таклиф билан чиқмади.
Ҳимоячилардан Юрриен Тимбер варианти ҳам мавжуд. Тан Хаг қўл остида у Нидерландия чемпионатида 2020 йилда дебют қилди ва шу вақтдан буён ўзини яхши томонлама кўрсата олди. Амстердамликлар ўз футболчиси учун 50 миллион евро сўрамоқда. Шунингдек, мудофаани кучайтириш учун Пау Торрес варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.
"Sky Sports" нашри берган хабарга кўра, МЮ учун ҳимояни кучайтириш устувор вазифа эмас. Улар ярим ҳимоя ва ҳужумга асосий эътиборини қаратган.
Худайқулов Карим мақоласи
Фикрлар