Юсупов, Норчаев, Черан — SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига мавсум рамзий терма жамоаси (фото)
Суперлига жорий йилги мавсуми шиддатли ўтди, дейиш мушкул. Аммо якун исталган лига интригасидан кам бўлмади. Сўнгги сонияларда халқаро майдон учун чиптани илиб кетган "Сўғдиёна", бор умиди кубокда қолган "Насаф", Суперлигада қолиш масаласининг "Машъал" ва "Сурхон" ўртасидаги ўзаро учрашувда ҳал бўлиши ва ҳоказо. Биз бугун эътиборингизга якунланган мавсум рамзий терма жамоасини тақдим этишни ният қилганмиз. Барча номзодлар SPORTS.uz журналистларининг талқини бўйича танлаб олинган.
Мураббий: Питер Хюистра "Пахтакор"
Ҳа, Хюистрани мавсумнинг энг яхши мураббийи, деб топдик. Бунга сабаблар етарлича. Аввало, у амалга оширган ишлар хусусида икки оғиз. У Жалолиддин Машарипов, Игорь Сергеев, Эрен Дердийок каби юлдузлар тарк этган клубни шоҳсупада олиб қолди, турли сабаблар билан Иброҳимхалил Йўлдошев, Егор Кримец, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков каби юқори даражадаги футболчилар ярим мавсум ўтказди. Ўз навбатида, бу жамоа услубига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Унга рақобат туғдириши мумкин бўлган мутахассислар фаолиятига назар ташласак, умумий бир жиҳатга кўзимиз тушади. Яъни, Бердиев, Қосимов, Бақоев бир неча йилдан бери амалдаги жамоасини бошқариб келмоқда. Бу энг катта ва якунда барчасини ҳал қилган фактор.
Дарвозабон: Ўткир Юсупов "Навбаҳор"
Суперлигамизнинг айни дамдаги энг кучли посбонларидан бири ҳақли равишда рамзий жамоадан ўрин олди. Ўтказилган 26 ўйиннинг 11 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишни уддалаган Юсупов "лочинлар" учун алмаштириб бўлмас футболчи ҳисобланади. Сўзимизга унинг жорий мавсум барча учрашувларни асосий таркибда бошлаб, бирор марта захирага олинмаганлиги исбот бўла олади. Ўзининг ишончли ўйини билан Сречко Катанецнинг эътиборига тушган Ўткир бундан буён миллий терма жамоа асосий таркиби учун ҳам кураш олиб боради. Тўғриси, бунда унга жиддий рақобат туғдира оладиган дарвозабон йўқ!
Марказий ҳимоячи: Иван Йосович "Қўқон-1912"
"Қўқон-1912"дан футболчи олиш кимгадир ғалати туюлиши табиий. Бироқ рамзий жамоамизда Ашурматов жамоасидан бир вакил бўлмаслиги адолатдан бўлмасди. Сербиялик ҳимоячи орқа чизиқда ишончли ҳаракат қилишдан ташқари, ҳужумда ҳам фаол ўйнайди. 32 ёшли футболчи жорий мавсумда 5 та гол ва 2 ассист муаллифига айланди. Ўртамиёна клуб ҳимоячиси учун ёмон натижа эмас. Тўғри, қўқонликлар кам гол ўтказиб юборганлиги билан мақтана олмайди. Аммо рамзий жамоамиз 3 та марказий ҳимоячидан ташкил топганини ҳисобга олиб, улардан бири ҳужумкорроқ бўлишига кўз юмақолдик.
Марказий ҳимоячи: Анзур Исмоилов "Пахтакор"
Чемпионатимизнинг энг тажрибали футболчиларидан бири ҳисобланадиган Исмоилов бу мавсумда ҳам барқарор ўйин намойиш этди. Узоқ йиллар елкама-елка тўп сурган Егор Кримецсиз мавсумда Анзур ёш шерикларини ҳар томондан қўллаб турди. Марлен Чобанов, Шаҳзод Азмиддинов, Иброҳимхалил Йўлдошев каби ўсмирлар унинг тажрибасига таяниб, эркин ҳаракат қилди. "Шерлар"нинг чемпионлиги ҳам кўп жиҳатдан Анзурнинг ишончли ўйинига боғлиқ. Боиси, Хюистра жамоаси бир нечта муҳим учрашувларда гол ўтказиб юбормади.
Марказий ҳимоячи: Лука Чермель "Сўғдиёна"
Жиззахликлар бу мавсум янги тарих яратди. Бақоев тузган жамоа устунларидан бири сербиялик футболчи ҳисобланади. "Сўғдиёна" мудофаасига жавоб берадиган Чермель стандарт вазиятларда ўз омадини рақиб жарима майдони ичида синайди. Бош мураббийнинг тактикасига мос тушувчи 26 ёшли футболчи жорий мавсум 13 ўйинда жамоаси билан дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Юқоридаги 3 ҳимоячи қолган рақибларини кичик устунлик билан ортда қолдирди. Рамзий жамоа мудофааси учун уларга кураш туғдиришга асосий даъвогар Ҳусниддин Алиқулов жароҳат олиб, энг керакли пайтда жамоасига ёрдам бера олмади, Эшмуродов ва "Насаф" керагидан кўпроқ гол ўтказиб юборди. Сардор Раҳмонов ва Бобур Йўлдошев стабил ўйин кўрсатмади. Хуллас, марказий ҳимоячи позицияси бўйича эътироз бўлмаса керак.
Марказий ярим ҳимоячи: Эркин Бойдуллаев "Қизилқум"
Бойдуллаев - "Қизилқум"нинг том маънодаги етакчиси. У кези келса, ҳужумга ўтиб дарвозаси ишғол этади. Бошқа пайтда эса, майдон марказига жавоб беради. У киритган голлар эсланса, хаёлга биринчи навбатда бурчак ва жаримадан берилган ажойиб зарба келади. Умуман олганда, тажрибали Бойдуллаев шу ёшида ҳам юқори даражани сақлаб тургани эътирофга лойиқ. Актамов жамоаси етакчиси рамзий термамизнинг ҳам етакчиларидан бири, дейиш мумкин.
Марказий ярим ҳимоячи: Йован Жокич АГМК
Эркиннинг ёнига ундан бироз ёшроқ футболчи қўйишга қарор қилдик. АГМК вакили тўлиқ мавсумни бир хил темпда ўтказди. Яккакурашларда фаоллиги билан ажралиб турувчи Жокич рақиб ҳужумларини анча яхши тўхтата олади. Шунингдек, битта пас билан жамоаси уринишини ҳам бошлаб беришга қодир футболчи олмалиқликларнинг медаль учун курашишида муҳим роль ўйнади.
Майдон марказини ўз ишининг усталарига тўлиқ ишониб, креатив қанот футболчилари томон йўл оламиз.
Чап қанот ярим ҳимоячиси: Шерзод Насруллаев "Насаф"
Бердиев жамоаси мавсум аввалида ўз юлдузларидан айрилган, ўртамиёна клуб даражасига анча яқин келиб қолган эди. Шунга қарамай, "Насаф" яна камбэк қила олди. Мухлислар ўз суюклиларидан кўпроғини кутганди ва 4-ўрин улар учун етарли эмас, аслида. Бироқ узоқ кутилган кубок барча ғамни тарқатиб юборди. Насруллаевга келсак, у мавсум давомида тинмади. "Аждар"нинг чап қаноти ҳисобланган футболчи гол+пас тизимида 9 очко жамғарди. Шерзод МТЖдаги жойни Сайфиевдан тортиб олишга қодир, назаримизда. Кўп нарса энди Катанецнинг қарорига боғлиқ.
Ўнг қанот ярим ҳимоячиси: Хуршид Ғиёсов "Бунёдкор"
"Насаф"никига ўхшаш ҳолат "қалдирғочлар"га ҳам тегишли. Фарқи, пойтахтликлар узоқ йиллар жамоа бошқарувида бўлган Абрамовсиз мавсум ўтказди. Умуман олганда, Мақсудов эплади. У бир неча асосий таркиб футболчиларисиз ҳам рақобатбардош жамоа туза олди. Хуршид Ғиёсов ўша "Бунёдкор"нинг етакчиси! Бу позицияга Тошкент клубининг яна бир вакили Фаррух Икромов яққол даъвогар эди. Аммо унга жароҳати панд бериб қўйди. Ғиёсов кўрсатган бир маромдаги ўйин "қалдирғочлар"га мавсум мобайнида асқатди.
Ҳужумчи ортида: Драган Черан "Пахтакор"
Черан - Ўзбекистон Суперлигасининг айни пайтдаги энг кучли футболчиси! Кетма-кет учинчи мавсумда тўпурар бўлган сербияликсиз "Пахтакор" анча қийналади. Ҳатто, Черансиз Суперлига янада қизиқарлироқ бўларди, деган ҳазил фикрлар ҳам йўқ эмас. У жорий мавсум 16 бор рақиблари дарвозасини ишғол этди, 4 марта шериклари голларига ҳаммуаллифлик қилди. Ўзининг айтишича, "шерлар" сафидан ҳали кетмайди. Шундай экан, ҳужумчиларимиз фаолроқ ҳаракат қилишга мажбур. Акс ҳолда, Черан Суперлига тўпурари совринини қўлга киритиш бўйича "покер" қилади!
Марказий ҳужумчи: Азизбек Амонов "Локомотив"
"Найзанинг учи"га мавсумнинг икки кашфиётини жойлаштирдик. Уларнинг жорий мавсум намойиш этган ўйинини қанча эътироф этсак арзийди. Аввало, Амонов ҳақида. "Локо" форварди катта тезликда уюштирган рейдлари билан ҳимоячиларга мунтазам жиддий муаммо туғдириб турди. "Темирйўлчилар"га бироз тажриба ва омад етишмаган бўлса-да, Азизбек Секейра қурган жамоанинг юлдузи эди. Ундан жабр кўрган клублар ичида "Насаф" алоҳида ажралиб туради. Боиси, 24 ёшли ҳужумчи қаршиликлар дарвозасига ҳар икки учрашувда ҳам йўл топишга муваффақ бўлди.
Марказий ҳужумчи: Ҳусаин Норчаев "Насаф"
Яна бир кашфиёт, яна бир бўлажак юлдуз - Норчаев йилдан йилга очилиб бормоқда. Эндигина 19 ёшга қадам қўйган Ҳусаин мавсум аввалида кетган Бобир Абдухолиқовнинг ўрнини умуман билдирмади. Пенальтиларсиз ҳисобланган тўпурарлар жадвалида Норчаев пешқадам! Терма жамоамиз учун яна бир истеъдодли номзод бўлган футболчи мавсум давомида гол+пас тизимида 14 очко жамғарди, 13+1. Бердиев ёшларни кашф этиб беришда давом этмоқда. Муҳими, улар Қаршидаги "Марказий"ни чиройли дуо билан тарк эта олса кифоя. Ҳусаин ҳам қарор қабул қилишда 7 ўйлаб 1 кесиши лозим. Ҳозирча, у Суперлигамизнинг энг кучлиларидан бири!
Фикрлар