"Ютқазаверса ҳам таркиб ўзгармасди, мен "Андижон"ни танладим қолган гаплар энди ортиқча" - Бобур Давлатов кўп масалага ойдинлик киритди

Истеъдодли ярим ҳимоячи Бобур Давлатов бу йил “Андижон” шарафини ҳимоя қилишга қарор қилди. Уни мухлисларга ортиқча таништиришга ҳожат бўлмаса керак.

Бир неча мавсум давомида Қозоғистон ва Россия чемпионатида легионер сифатида тўп сурган.

- “Андижон” клубига ўтишингизнинг сабаби нимада бўлди? Бу борада ким туртки берди?

- Амаким – Баҳром Байжанович билан жамоамиз бош мураббийи Виктор Балютович яхши муносабатда. Шунинг учун амаким менга сени Виктор Кумиков чақиряпти, хоҳлайсанми, деди. Натижада ушбу жамоага ўтишга рози бўлдим.

- “Андижон” янги жамоа сифатида сизда қандай таассурот қолдиряпти?

- Виктор Балютович яхши мураббий. Унинг ўзига яраша услуби бор. Шу нарса ҳам туртки бўлди. “Металлург”да унчалик ўйнамадим. Бу ерда эса ўзимни кўрсатишим учун имконият бўлади.

давлатов2

- Ўтган мавсумда “Металлург”га кўчиб ўтганингизда ўзингизни кўрсатишингизни кутгандик. Аммо нимадир бўлди-ю, сизга етарлича имконият беришмади. Бунинг сабаби бизга қоронғу. Аслида нима бўлганди?

- Нима сабаблигини айтиб ўтирмайман. Фақат бир нарсани айтаманки, у ерда доим таркиб бир хил бўлаверарди. Масалан, жамоа еттита ўйиндан бери ғалаба қозона олмасди, аммо таркиб ўзгартирилмасди. Нимага бундай, билмайман. Ҳолбуки, машғулотларда ҳамма билан тенгма-тенг курашардим, меҳнат қилардим. Аммо нимадир деяверсам, кўпчилик баҳона сифатида қабул қилиши мумкин. Лекин оддий мисол, жамоа бошида қандай эди, кейин қандай бўлди? Ҳаммаси бекордан-бекор бўлмайди, нимадир нотўғри эди. “Металлург”га ўтишим хатомиди? Ҳаммасини вақт кўрсатади. Албатта, ўйин жиҳатидан олиб қарасак, албатта хато бўлди. Фақат уйимга яқин бўлгани учун у ерга ўтгандим. Карантин пайтида ҳадеб узоққа бориб келавермасдик, кейин уйимга, оиламга яқинроқ бўлиши учун бу таклифга рози бўлгандим. Лекин умумий маънода афсусланмайман, бўлар иш бўлди.

- “Андижон”га келишингиздан аввал олдингизда бошқа жиддий таклифлар ҳам турганмиди?

- Ҳозир ундай ёки бундай десам нотўғри бўлади. Аниқ вариант “Андижон”дан бўлди ва мен шу ердаман. Қолган гаплар энди ортиқча.

давлатов4

- Ҳозирча жароҳатингиз туфайли янги жамоангизга ёрдам бера олмаяпсиз. Бу жароҳатни қаерда орттириб олдингиз?

- Туркиядаги йиғинда бўлди. “Ворскла”нинг ёшлари билан ўйиннинг иккинчи бўлимида жароҳат олдим. Тўғри, ҳозир жамоадошларим майдонда ўйнаяпти ва мени бундай пайтда четда қолаётганим бироз қийин. 100 фоиз тўлиқ формамни тиклаб олишимга яна озгина вақт керак.

- Мухлислар сизни майдонда қачондан кўришлари мумкин?

- Ўзимча тахмин қилаётганим шундай: “Янгиер”га қарши Ўзбекистон Кубогидаги ўйингача тайёр бўлиб қолсам керак. Тўғриси, мен операция бўлармикин, деб қўрққандим. Худога шукрки, операцияга ҳожат қолмади, даволаниш орқали тикланяпман.

давлатов1

- Жамоангизнинг учта ўйинини кўрдингиз, уч хил натижа. Бу хусусида қандай таассуротдасиз?

- Кўряпсиз, про лигада аксар жамоаларнинг савияси тенг. Учрашувларни кўряпмиз, ҳар қандай жамоа исталган рақибига қарши ўйнай олади. Бизни ўз мақсадимиз бор, Суперлигага чиқишга ҳаракат қиламиз. Кейинги беллашувларда футболчилар билан келишиб, ҳамжиҳатликда ўйнаймиз. Чемпионат энди бошланди, ҳаммаси олдинда

- “Хоразм”дан учралган кутилмаган мағлубиятни қандай қабул қилдингиз?

- Бу ўйин трансляция қилинмади. Фақат интернет орқали билиб турдим. У пайтда “Янгиер” билан “Машъал” ўйинини кўраётгандим. Чунки “Машъал” билан ҳам ўйинимиз бор. Бир пайт интернетдан қарасам, ҳисоб 2:0 экан. Асосий таркибда эса легионерлар йўқ эди. Балки шу ҳам таъсир кўрсатгандир. Бўлди, бу ўтиб кетди. Фақат олдинга қараш керак. Биз ғалаба қозонамиз, жамоага ишонаман. Бу ерда ҳаммаси ўйнайдиган футболчилар. Дастлабки турлардаги очко йўқотишлар вақтинча. Биз ғалабали ўйинларимизни бошлаб оламиз. Мавсум бошида эса ўйин жиҳатидан айрим қийинчиликлар бўлиб туради.

давлатов5

- 2019 йили “Насаф”дан Россияга, “Нефтехимик” жамоасига кетдингиз. У ердан қайтгач энди нимани кўзлаяпсиз?

- Жароҳатдан кейин бошидан бошлаш учун ҳам “Андижон”га келдим. “Металлург”да ҳам ўйнасам бўларди, майли энди, гапиришни фойдаси йўқ. Тўлиқ тузалиб олсам, “Андижон”га ёрдам беришга ҳаракат қиламан, ҳозирги мақсадим шу. Ахир вазифамиз Суперлигага қайтиш. Бу йўлда мен ҳам ўз ҳиссамни қўшишим керак.

- Легионер сифатидаги фаолиятингиз қандай кечди?

- Бошида жароҳат олганим боис бир ярим йил вақт кетиб қолди. Тўғри, ундан эртароқ майдонга қайтсам бўларди. Аммо карантин бўлди. Клубимга қўшилгунимга қадар ҳам вақт керак бўлди. Ёмон бўлмади, голларга пас бердим. Тўғри, гол ура олмасам ҳам жамоамга ёрдам бераётгандим. Фақат янги бош мураббий – Новиков келгач, у билан чиқиша олмадик. Кейин қайтишимга тўғри келди. “Андижон”да эса муҳит яхши. Клубда ёши катта тажрибали ўйинчилар билан бирга иқтидорли ёшлар ҳам бор. Яъни, бу ерда баланс бор.

давлатов6

- Жамоанинг йирик мағлубияти мухлисларга оғир ботди. Улар жамоа учун қайғуришяпти...

- Андижонлик ишқибозлар жуда зўр ва жуда талабчан. Нима дейман, ўйин ўтиб кетди, фақат олдинга ҳаракат қилиш шарт. Энди учинчи тур тугади, ҳали учрашувлар роса кўп. Бошқа клублар ҳам ютқазишяпти. Ҳозир 1-ўринда “Хоразм” турибди, буни ҳеч ким кутмаганди. Фақат мухлислар бироз сабрли бўлишсин ва олдимизда туриб қўллаб-қувватлашсин, ҳаммаси яхши бўлади. Барчаси ҳали олдинда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!